Энди Тошкентга мавсумий ишлар билан шуғулланиш учун келган фуқаролардан вақтинчалик прописка талаб қилинмайди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони билан қабул қилинган “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастурида Тошкент шаҳри ва вилоятида прописка билан боғлиқ янгича ёндашувларни амалга татбиқ этиш белгиланган эди.
Шундан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тайёрланган қарорлар лойиҳаларида мазкур масалаларнинг ҳуқуқий ечими келтирилгани хабар қилинганди.
Адлия вазирлигининг Телеграмдаги «Ҳуқуқий ахборот» каналида эълон
қилинган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасида, хусусан, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига мавсумий ишларга келадиган фуқароларни рўйхатга олишда янги тартибни жорий қилиш кўзда тутилмоқда.
Лойиҳага кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 16 февралдаги 41-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2012 й., 5-сон, 32-модда) билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш ва турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартиби тўғрисида низомнинг 211 банд билан тўлдириш кўзда тутилмоқда.
“211 . Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига мавсумий ишлар (қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда) (кейинги ўринларда мавсумий ишлар деб аталади) билан шуғулланиш учун етиб келган фуқародан, унинг профилактика инспектори томонидан қайд қилиниши шарти билан, вақтинчалик яшаш жойи бўйича ҳисобга туриши талаб қилинмайди.
Мавсумий ишлар билан шуғулланиш учун етиб келган фуқаро мавсумий ишлар олиб борилаётган жойнинг профилактика инспектори томонидан, махсус қайдлар китобига тегишли ёзув ва мавсумий ишларни амалга ошириш бўйича шартномага санани кўрсатиб белги қўйган ҳолда, инспектор имзоси билан тасдиқланиб қуйидаги ҳужжатлар асосида рўйхатга олинади:
фуқаро паспорти (тақдим этилади);
паспорт нусхаси;
мавсумий ишни тақдим этаётган шахс ва фуқаро ўртасидаги шартнома.
Қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, мавсумий ишларни амалга ошириш бўйича шартнома оддий ёзма шаклда тузилади”.
Манба: ЎзА