Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон – Жанубий Корея қўшма мажлиси
2018-02-14 | Сиёсат
Пойтахтимиздаги Халқаро ҳамкорлик марказида 13 февраль куни иқтисодий ҳамкорлик масалалари бўйича Ўзбекистон – Жанубий Корея биринчи қўшма мажлиси бўлиб ўтди.
Тадбирда икки мамлакатнинг ташқи савдо, сармоя, банк-молия, ёқилғи-энергетика, нефть-газ, машинасозлик, транспорт ва транспорт коммуникациялари, қурилиш, кимё ва озиқ-овқат саноати, тўқимачилик, қишлоқ ва сув хўжалиги, фан-таълим, ахборот технологиялари ва телекоммуникациялар, тиббиёт ҳамда сайёҳлик каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ва концернлари раҳбарлари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Корея Республикаси Бош вазири ўринбосари, стратегия ва молия вазири Ким Донг Ён ва бошқалар мамлакатларимиз ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик изчил мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида таъкидлади.
Ўзбекистон ва Корея Республикасини мустаҳкам дўстлик, стратегик шериклик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқалари боғлаб туради. Корея Республикаси Ўзбекистоннинг асосий хорижий ҳамкорларидан бири, мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодиётни модернизация қилиш ва таркибий ўзгартириш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, экспортни оширишга йўналтирилган кенг кўламли дастурларнинг сармоядори ва иштирокчиси ҳисобланади. Бугунги кунда Ўзбекистонда Жанубий Кореянинг 70 дан ортиқ компанияси ваколатхоналари бор. Иқтисодиётнинг деярли барча тармоқларида Корея инвестицияси иштирокидаги 500 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда, уларнинг маҳсулот ҳажми 5 миллиард АҚШ долларидан ошган.
Ўзбекистонда жанубий кореялик ҳамкорлар билан автомобилсозлик, электр энергетикаси, нефть-газ, электротехника, тўқимачилик саноати, ахборот технологиялари, телекоммуникация ва бошқа соҳалар бўйича кенг кўламли инвестиция лойиҳалари амалга оширилди. Яқинда Ўзбекистон Президентининг фармони билан Корея Республикаси фуқаролари учун виза бекор қилинди. Бу мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ўтган йили мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 1 миллиард 360 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Бу 2016 йилга нисбатан 27 фоиз кўпдир.
Мажлисда таъкидланганидек, мазкур кўрсаткични янада ошириш учун барча имкониятлар етарли. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йил ноябрь ойида Корея Республикасига давлат ташрифи натижалари бунга яққол тасдиқ бўла олади. Ушбу ташриф икки томонлама алоқаларни янги сифат босқичига кўтарди. Эндиги вазифа ташриф давомида эришилган 10 миллиард АҚШ долларидан ортиқ 60 дан зиёд келишувни тўла рўёбга чиқариш ҳамда ишбилармон доиралар вакилларининг уларни амалга оширишига кўмаклашишдир.
Савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик ҳақида сўз кетганда, Ўзбекистонда бизнес юритиш учун кенг шароитлар яратилганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бугунги кунда мамлакатимиз иқтисодиётида фаол жараёнлар кечмоқда. Иқтисодий ўсиш суръатини янада ошириш мақсадида қонунчилик базаси такомиллаштирилиб, инвестициявий муҳит кенгаймоқда. Ўзбекистон ҳукумати Жанубий Корея компанияларининг юртимизда самарали фаолият юритиши учун уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида барча шароитларни яратмоқда.
Тадбирда Ўзбекистон – Жанубий Корея ҳамкорлигини янги мазмун билан бойитиш, ишбилармон доираларнинг мулоқоти ва қўшма лойиҳаларини қўллаб-қувватлашдан икки томон ҳам бирдек манфаатдор экани таъкидланди.
Мажлис давомида томонлар Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва Корея Республикаси ҳукумати ўртасида қабул қилинган Иқтисодий ҳамкорлик жамғармаси кредитлари тўғрисидаги шартнома доирасидаги 2018-2020 йилларга мўлжалланган лойиҳаларни амалга оширишнинг боришини кўриб чиқдилар.
– Корея Республикаси Ўзбекистонни энг муҳим иқтисодий ҳамкорларидан деб билади, – деди Ким Донг Ён. – Биз ўзаро ҳамкорликни юксак қадрлаймиз. Мамлакатларимиз йирик сармоявий лойиҳалар тузиш ва амалга ошириш борасида бой имкониятларга эга. Биз, айниқса, савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқаларни, кимё, энергетика, юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдормиз.
Анжуманда Тошкент шаҳрида Корея Республикаси илғор технологиялар институти (KIAT) билан ҳамкорликда Ўқув-амалий тўқимачилик технопарки ва Ўзбекистон – Корея бизнес-маркази ташкил этиш, Корея маданияти ва санъати уйини очиш ва бошқа масалалар муҳокама қилинди.
Тадбир сўнгида тиббий соғломлаштириш мажмуаси қуриш бўйича ҳамкорлик тўғрисида англашув меморандуми имзоланди.
Манба: ЎзА