Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистонда нечта радиоканал фаолият кўрсатмоқда?
2018-02-12 | Технологиялар
ЮНЕСКО Бош Конференцияси 2011 йил ноябрь ойида ҳар йили 13 феврални Жаҳон радио куни сифатида нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилди. Ушбу сананинг белгиланиши бежиз эмас. 1946 йил 13 февраль куни “БМТ радиоси” илк бор ҳаво тўлқинларига узатилган эди.
Ташкил этилганига 60 йилдан ошган ЮНЕСКО шу давр мобайнида радиоалоқани, айниқса, маҳаллий радиоэшиттиришларни ривожлантиришга катта эътибор бериб келади. ЮНЕСКО Жаҳон радио кунини таъсис қилар экан, радиожурналистларнинг халқаро ҳамкорлиги зарур эканига, ахборот тарқатишнинг мазкур воситаси орқали эркин ахборот олиш имкониятларига алоҳида аҳамият қаратмоқда. “Жаҳон радио куни – радионинг алоҳида ролига урғу бериш, замонавий фан ва техника ютуқларидан фойдаланган ҳолда радиотингловчилар аудиториясини кенгайтиришдан иборатдир”, дейилади ЮНЕСКО тарқатган баёнотда. БМТнинг мазкур нуфузли ташкилоти таълим соҳасида ҳам радионинг ўрни беқиёс эканини таъкидлайди.
Бугунги кунда сайёрамизда радио кириб бормаган хонадоннинг ўзи йўқ. Кенг қамровли оммавий ахборот воситаси бўлмиш радио Ер шари аҳолисининг 95 фоизини қамраб олиш имкониятларига эга. Халқаро электралоқаси уюшмаси маълумотларига кўра, айни дамда жаҳон мамлакатларидаги оилаларнинг 75 фоизида камида битта радио бор. Интернет тармоғи ва мобиль қурилмалар кундан-кун замонавийлашиб бораётгани туфайли ҳам радионинг қамрови кенгаймоқда, ундан янада самаралироқ фойдаланиш имкониятлари ортмоқда.
Бундан 100 йил аввал америкалик шоира Жозефина Престон Пибоди радионинг имкониятлари хақида ёзар экан, уни мўъжиза деб атаган ва “фикрларнинг ҳаво бўшлиғи орқали тарқалиши” деб таърифлаган эди. Орадан шунча вақт ўтгандан сўнг, XXI асрда янгидан-янги технологиялар ҳаётимизга кириб келаётган бўлишига қарамай, радио ҳамон ўз аҳамиятини йўқотмади. Чунки радио эшитиш учун интернетдан фойдаланиш каби билимнинг кераги йўқ. Радиони ёшу қари, олиму оддий одам – ҳамма бирдек тинглаши мумкин.
Радиони жиҳозини исталган жойда – узоқ тоғли минтақалардан тортиб, электр етиб бормаган ҳудудларда ҳам ишлатиш мумкин. Бундай имконият ҳозирча бошқа электрон жиҳозларда йўқ. Ахборот ва мусиқа борасида радио – ҳайдовчиларнинг бирдан-бир эрмаги. Масофа билмайдиган ва қоғозсиз газета бўлмиш радионинг роли фавқулодда вазият ва табиий офатлар етказган талафотларни бартараф этишда ҳам беқиёс.
Муҳим электрон алоқа воситаси бўлмиш радио бугунги кунда нафақат ахборот тарқатиш, балки маънавий-маърифий, кўнгил очиш, омма фикрини шакллантириш каби вазифаларни бажариб келмоқда.
Ўзбекистонда илк бор радионуқталарини ўрнатиш ва эшиттиришлар тайёрлаш 1927 йилдан бошланган. Айни дамда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси тизимида тўртта, Қорақалпоғистон ва барча вилоятларда радиоканаллар фаолият юритмоқда. Хусусий радиоканалларни қўшиб ҳисоблаганда мамлакатимизда 40 дан ортиқ радиоканал тингловчиларга хизмат кўрсатмоқда.
Манба: ЎзА