“Вездеход” ҳақида кўпчилигимиз эшитганмиз, бевосита бўлмаса-да, суратини кўрганмиз, ҳужжатли ва бадиий фильмлар орқали бу техникадан қандай мақсадларда фойдаланиш ҳақида тасаввурга эгамиз.
Яқинда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги “Қамчиқ” махсус қидирув-қутқарув бошқармаси қутқарув отрядига топширилган “Трекол” вездеходи (йўлтанламас) ботқоқликларда ҳам юра олиши билан аҳамиятлидир.
– Мазкур йўлтанламаснинг аввалги транспорт воситаларидан фарқи ботқоқлик, тепалик, қалин қор устида юришидан ташқари, сувда ҳам бемалол юра олиши, аниқроғи, суза олишидадир, – дейди “Қамчиқ” махсус қидирув-қутқарув бошқармаси бошлиғи, подполковник Ортиқбой Зиёбоев. – Ўтган ҳафта мазкур машина дастлабки синовдан ўтказилди ва у бизнинг фаолиятимиз самарадорлигини янада ошириш учун зарур ва кенг имкониятларга эга эканини кўрсатди.
Дарҳақиқат, қутқарувчилар экипажини ташишга мўлжалланган “Трекол” йўлтанламаси енгиллаштирилган ва совуқ ўтказмайдиган ойна-пластик қопламали кузовга эга бўлиб, ўзининг баҳайбат ҳажмига нисбатан вазни анча енгил – 3 тонна, холос. Россияда ишлаб чиқарилган ушбу махсус авария-қутқарув техникаси ўта юқори ўтувчанлик қобилиятига эгалиги билан шу турдаги транспорт воситаларидан афзал. Уч томонлама узатишли машина камерасиз шиналар билан жиҳозланган бўлиб, йўл хусусиятига қараб ҳаво босими қўлда бошқариб борилади. Одамларни салонга чиқариш ҳамда юкларни ортиш учун олдида иккита ва кузовнинг орқа қисмида битта эшик мавжуд. Машина ичида ҳайдовчи ва йўловчи учун иккита ўриндиқ бор. Юк ортиш қисмида 8 киши ёки 700 килограмм юк учун жой ажратилган. Ғилдирак формуласи – 6х6, зич жойлашган қумлоқда юк кўтариш қобилияти – 700 килограмм. Паст қатламли тупроқлар, сув, ботқоқ ва қорда – 400 килограмм, йўл ёритиш – 490 мм, шосседа максимал тезлиги – 70 км/с.
Унинг сербар ва ўта енгил, юмшоқ резинадан тайёрланган баллонлари машинани ўн кишилик экипажи билан сув устида бемалол кўтариб тура олади ва текис йўлдаги каби ҳаракатланишини таъминлайди. Бундан ташқари, “Трекол” бир қанча афзаллик ва қулайликлари билан техник жиҳатдан шу турдаги транспорт воситаларидан устунликка эга. Ҳар уч мост (“кўприк”)нинг мустақил ишлаши баллонлардан бири ёрилиб кетган тақдирда ҳам уни олиб қўйиб ҳаракатни давом эттириш имконини беради.
– Отрядимиз Тошкент – Ўш автомобиль йўлининг Қамчиқ довонидан ўтган 171-291 километрларидаги қидирув-қутқарув ишларига масъул, – дейди отряд командири, капитан Умид Шорустамбоев. – Бу Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳридан Наманган вилоятининг Поп тумани Хонобод қишлоғигача бўлган масофани ташкил этади. Отряд таркибида қутқарувчи, қутқарувчи-ҳайдовчи, кинолог, фельдшер, радиацион-кимёвий-биологик (бактериологик) муҳофаза гуруҳи туну-кун навбатчилик қилади. Ҳозирча мамлакатимизда ягона бўлган энг замонавий қутқарув транспорти қутқарув-қидирув ишларини анча енгиллаштиради.
Айни пайтда мазкур отряд тасарруфида замонавий қидирув-қутқарув техника воситалари ва анжомлари билан жиҳозланган техник хизмат кўрсатувчи “КамАЗ” машинаси, кўтариш қуввати 40 тонна бўлган “MAN” эвакуатори, ҳалокат ҳудудидан одамларни ташишга мўлжалланган “Нефаз” русумли автомобиллар ҳамда қорда юрувчи “Тайга” мототранспорти каби махсус техникалар мавжуд. Улар фавқулодда ҳолатлар чоғидаги қидирув-қутқарув ишлари тезкорлигини таъминлашга хизмат қилади.
– 2017 йилнинг 26-27 декабрь кунлари содир бўлган кучли қорбўронда довон йўлида транспорт ҳаракати издан чиқиб, тирбандлик вужудга келди, – дейди Умид Шорустамбоев. – Натижада йўловчилар қаттиқ совуқ шароитда машиналарда қолиб кетди. Икки томонлама – Ангрен ва Наманган қидирув-қутқарув отрядлари ҳаракатга келтирилиб, 200 нафардан зиёд йўловчи эвакуация қилинди. Бу жараёнда замонавий техника воситалари билан таъминланганлигимиз ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлди.
Тошкент – Ўш автомобиль йўлининг довондан ўтган қисмида ҳар 5-6 километрда, яъни 14 нуқтада Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарув-қидирув бошқармасининг постлари ташкил қилинган. Отряд масканларида эса йўловчиларни иссиқда сақлаш, уларга тиббий ёрдам кўрсатиш, иссиқ овқат, алоқа хизматлари билан таъминлаш учун барча шароит яратилган.
Қутқарув-қидирув отрядларининг моддий-техник базасини давр талаби даражасида мустаҳкамлаб бориш изчил давом эттирилмоқда. Жумладан, ҳозирча мамлакатимизда ягона бўлган “Трекол” йўлтанламасидан яна битта келтирилади.
Акрамжон Сатторов, ЎзА
Манба: ЎзА