9 февраль – буюк ўзбек шоири, мутафаккир Низомиддин Мир Алишер Навоийнинг таваллуд куни. Ушбу сана муносабати билан мамлакатимиз бўйлаб кенг миқёсда маънавий-маърифий тадбирлар, учрашувлар ва давра суҳбатлари ўтказиш анъанага айланган.
10-12 ёшларидан шеър ёза бошлаган Алишер Навоий ҳақида тарихчи Хондамир ўзининг қимматли маълумотларини ёзиб қолдирган. Унинг ёзишича, мавлоно Лутфий ёш Алишернинг "Оразин ёпқоч, кўзумдан сочилур ҳар лаҳза ёш, Бўйлаким, пайдо бўлур юлдуз, ниҳон бўлғач қуёш..." матлаъли ғазалини тинглаб: "Агар муяссар бўлса эди, ўзимнинг ўн-ўн икки минг форсий ва туркий байтимни шу ғазалга алмаштирардим..." деган экан.
Мавлоно Лутфийнинг бу ёш шоирга бўлган ҳайрати ва эътирофи бугун барчамиз учун ҳам қадрли. Чунки Алишер Навоийнинг бой ва серқирра ижоди фақат ўзбек адабиётидагина эмас, балки жаҳон адабиётида ҳам салмоқли ўрин эгаллайди. "Хамса", "Тарихи мулуки Ажам", "Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер", "Рисолаи муаммо", "Мажолис ун-нафоис", "Муншаот", "Мезон ул-авзон", "Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад", "Насоим ул-муҳаббат", "Девони Фоний", "Тарихи анбиё ва ҳукамо" каби бебаҳо мерос адабиётимизнинг маънавий бойлигидир.
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида бўлиб ўтган давра суҳбатида шеърият мулкининг султони қолдирган улкан меросни ўрганиш ва тадқиқ қилишнинг маънавий-маърифий аҳамияти ҳақида сўз борди.
Миллий кутубхонага 1948 йили улуғ бобомиз номи берилган. Бу масканнинг «Нодир нашрлар» бўлимида Алишер Навоий асарлари қўлёзмалари сақланмоқда.
– Навоий шеъриятнинг 16 хил жанрида ижод қилган, – дейди тадбир иштирокчиси Иззатилло Мусаев. – Унинг ғазал, рубоий, туюқ, фард, қитъа, мухаммасларини ўқиб, бу каби жанрларда ҳеч бир шоир Навоийдек ижод қилмаганини англаймиз. "Умидим улдурки ва ҳаёлимга андоқ келурки, сўзим мартабаси авждан қуйи энмагай ва ёзган асарларимнинг тантанаси аъло даражадан ўзга ерни ёқтирмагай", деб ёзган эди буюк шоир. Бугун чиндан ҳам шоир асарлари дунё бўйлаб юксак парвоз этмоқда. Аҳли жаҳон унинг маънавият чашмасидан баҳраманд бўлмоқда.
Тадбир доирасида шеърият кечаси, Навоий ижодига оид фильм намойиши ва китоблар кўргазмаси ташкил этилди. Шоир ғазаллари билан айтилувчи қўшиқлар барчага хуш кайфият бағишлади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
Манба: ЎзА