“Маньяк” сўзининг ўзи ҳар қандай одамни сескантиради. Чунки бир эмас, бир нечта, бошқача айтганда, серияли қотилликларни амалга оширган жиноятчилар шундай ном олади.
Яқинда интернет тармоқларида уч нафар вояга етмаган шахснинг умрига зомин бўлган “маньяк” хақида хабарлар тарқалди. Бу масалага ойдинлик киритиш, норасидаларга нисбатан бундай шафқатсизликни амалга оширган шахс кимлигини аниқлаш мақсадида ЎзА мухбири Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига мурожаат қилди.
- Ҳақиқатдан ҳам Тошкент вилояти Оққўрғон туманида уч нафар вояга етмаган шахсни қасддан ўлдириш жинояти содир этилгани аниқланди, - дейди Бош прокуратуранинг Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Гулноза РАҲИМОВА. - Бу қилмишни содир этган Отабоев Зоҳид Суннатиллаевичга нисбатан қўзғатилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари Бош прокуратуранинг Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси томонидан олиб борилмоқда.
Терговда аниқланишича, Оққўрғон туманининг “Хонобод” маҳалла фуқаролар йиғинида яшаган З.Отабоев 2003 йилда туғилган Ш.М, 2005 йилда туғилган Ё.У, 2014 йилда туғилган О.С ни қасддан ўлдириб, уларнинг мурдасини ўз ҳовлисига кўмиб қўйган.
Бу вояга етмаган шахслар турли йилларда бедарак йўқолган бўлган.
З.Отабоев айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниб, қамоққа олинган. Ҳозирда зарур тезкор тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Норгул Абдураимова, ЎзА
Манба: ЎзА