Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Талабаларга тажриба ошириш учун янги имкониятлар тақдим этилди

2018-02-09 | Таълим

Ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича “Mirzo Ulugbek Innovation Center” инновация маркази томонидан талабаларнинг АКТ соҳасида мамлакатимиздаги етакчи корхоналарда стажировка ўташини ташкил қилиш ишлари амалга оширилмоқда. 

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети талабалари бу имкониятдан биринчилардан бўлиб фойдаланиш, ўқиш давомида олган билимларини тажрибада синаб кўриш, маҳаллий АКТ корхоналари фаолияти билан танишиш имкониятига эга бўлди. Амалиёт ўтаётган талаба уч ой мобайнида ўз билим ва кўникмаси, юклатилган вазифаларни бажаришни уддалай олишини намоён қилиши керак. Зеро, буларнинг барчаси уни ишга қабул қилиш ҳақида қарор қабул қилишда ҳисобга олинади. 

Университет ректори С.Бобохўжаевнинг таъкидлашича, талабаларнинг мамлакатимиздаги ихтисослашган корхоналарда ишлаб чиқариш амалиётини ўташи уларга ўз иши ва ахборот-технологиялари бозорининг алоҳида хусусиятларини чуқур ўзлаштириш, ҳаётидаги муҳим босқичга қадам қўйиш ҳамда ўз профессионал фаолиятини бошлаш имконини беради. Юртимиздаги ихтисослашган олий ўқув юртлари ва корхоналар ўртасидаги яқин ҳамкорлик алоқалари мамлакатимизда юқори малакали дастурчиларнинг янги авлодини тайёрлашга йўналтирилган. 

Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг саккиз нафар талабаси пойтахтимиздаги 2005 йилдан буён интернет-лойиҳалар ва дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган “DataSite Technology” компаниясида тажриба ўтамоқда. Бу ерда талабалар таълим олиш билан бирга, муҳим технологик лойиҳаларни амалга оширишга ҳам жалб қилинган. Бунда уларнинг ҳар бирига ўз йўналиши бўйича малакали мутахассис бириктирилган. 

– Талабалар ишимизга тез ва осон мослашиши учун ходимларимиз билан тил топишиш, маҳсулотларимизнинг ишлаб чиқариш спецификаси билан танишишга хизмат қилувчи махсус тренинг ташкил этилди, –дейди “DataSite Technology” компаниясининг HR-мутахассиси Г.Қорабоева. – Стажировка тугагач, ҳар бир талабанинг ютуғи ва профессионал сифатлари баҳоланади, энг яхши талабаларга компаниямиздан иш таклиф қилинади. 

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ижроси доирасида Президентимизнинг 2017 йил 30 июндаги “Республикада ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш учун шарт-шароитларни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, мамлакатимизда илк бор Ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича “Mirzo Ulugbek Innovation Center” инновация маркази ташкил этилди. Мазкур марказ ахборот технологиялари соҳасидаги хўжалик субъектлари ва дастурий маҳсулот ишлаб чиқувчиларни бирлаштиришга йўналтирилган бўлиб, экстерриториаллик принципи асосида фаолият юритади. Яъни ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги корхоналар, мамлакатимизнинг қайси ҳудудида жойлашганидан қатъий назар, марказ резидентлари бўлиши мумкин. Ушбу принцип бутун мамлакатимиз бўйлаб ахборот-коммуникация технологиялари маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун янада қулай шароитлар яратди. 

Ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича “Mirzo Ulugbek Innovation Center” инновация маркази олий таълим муассасалари ва касб-ҳунар коллежларининг “ахборот технологиялари” мутахассислиги бўйича битирувчиларини ишга жойлаштиришни таъминлаш, жумладан, иқтидорли ёшлар томонидан “старт-ап” лойиҳаларини амалга оширишда уларни қўллаб-қувватлаш йўли билан фаол иштирок этмоқда. 

 

Роман Бондарчук, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться