Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида

2018-02-08 | Ҳужжатлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 февралдаги «Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5326-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, ҳудудларни барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим омилларидан бири сифатида ички туризмни жадал ривожлантириш, фуқароларни мамлакатимизнинг маданий-тарихий мероси ҳамда табиий бойликлари билан таништириш мақсадида: 

1. «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» ички туризмни ривожлантириш дастурини амалга ошириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси (кейинги ўринларда – Амалий чора-тадбирлар режаси) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин. 

2. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ва Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси: 

а) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда: 

бир ой муддатда туризм инфратузилмасининг бандлигини ҳисобга олган ҳолда ҳудудлар ҳамда жалб этилган ташкилотлар миқёсида турлар 
ва экскурсияларни ташкил қилиш жадвалларини тасдиқласин; 

ёшларни туризм соҳасидаги тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш бўйича ахборот-тарғибот тадбирларининг мунтазам ўтказилишини таъминласин; 

туристлар оқимининг мавсумийлиги ҳамда ҳудудларнинг туризм инфратузилмаси тўлиқ жалб этилишини инобатга олиб, шу жумладан туризм фаолияти субъектларини жалб этган ҳолда Амалий чора-тадбирлар режасининг самарали амалга оширилиши учун зарур чоралар кўрсин; 

б) Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги билан биргаликда «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» ички туризмни ривожлантириш дастурини (кейинги ўринларда – Дастур) амалга ошириш доирасида оммавий ахборот воситаларида ҳамда Интернет тармоғида, шу жумладан республиканинг барча шаҳарларида «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» шиори остида ташқи реклама воситаларини (шит-баннерлар ҳамда ташқи экранлар учун роликлар) тайёрлаш ва ўрнатиш йўли билан ички туризмни кенг тарғиб қилиш тадбирлари ўтказилишини таъминласин. 

3. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан жойлаштириладиган ташқи реклама ижтимоий рекламага тенглаштирилади. 

4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан келишилган ҳолда 2018-2020 йилларда республиканинг ҳар бир ҳудудида камида 100 та жой ҳисобга олиниб марказий кўчалар, аҳоли гавжум жойлар ҳамда трассаларда жойлашган шитлар, экранларда ички туризмга оид ташқи реклама беғараз ўрнатилишини таъминласин. 

5. Белгилаб қўйилсинки, Дастур доирасида Ўзбекистон Республикаси фуқароларига туристик-экскурсия турлари учун тўловлар билан боғлиқ харажатлар: 

таълим муассасалари ўқувчилари учун – ўз маблағлари ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи маблағлари ҳисобидан; 

ташкилотлар ходимлари учун – ўз маблағлари, иш берувчи маблағлари (бюджет ташкилотлари учун – ташкилотларнинг бюджетдан ташқари маблағлари) ва жамоавий шартномаларга мувофиқ бошқа маблағлар ҳисобидан; 

етим болалар, кам таъминланган оилалар фарзандлари, ногиронлиги бўлган шахслар учун уларнинг умумий сонидан камида 20 фоизи қамраб олиниши таъминланган ҳолда – хайрия маблағлари, шунингдек, ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети кўрсаткичларида назарда тутилган маблағлар ҳисобидан; 

пенсионерлар ҳамда уруш ва меҳнат фахрийлари учун – ўз маблағлари, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармасининг маблағлари ва хайрия маблағлари ҳисобидан; 

фаол хотин-қизлар учун – ўз маблағлари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси маблағлари, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди маблағлари ва хайрия маблағлари ҳисобидан; 

маҳалла фаоллари ва ёш оилалар учун – ўз маблағлари, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди маблағлари ҳисобидан тенглик асосида қопланади. 

Мазкур Дастурда иштирок этиш ихтиёрий эканлиги белгилаб қўйилсин. 

6. Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларига: 

жамоавий шартномаларга рағбатлантириш чораси сифатида давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобига ўз ходимларининг камида 10 фоизини оила аъзолари билан биргаликда ҳар йили дам олишга (ички туризмга) юборишни назарда тутадиган ходимларнинг жамоавий ва оилавий дам олишини ташкил қилиш нормасини киритиш; 

ходимларга меҳнат қонунчилигига мувофиқ улар учун қулай бўлган вақтда саёҳат қилиш ва дам олиш учун таътилнинг фойдаланилмай қолган қисми ҳисобидан дам олиш кунлари (отгул) бериш; 

Дастур тадбирларини амалга ошириш доирасида ҳар йили 30 декабргача давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимлари учун туристик-саёҳат турларини ташкил қилиш жадвалларини тасдиқлаш тавсия этилсин. 

7. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси давлат органлари ва бошқа ташкилотларга гуруҳли саёҳатларни ташкил қилиш учун маҳаллий туроператорлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш, шунингдек, меҳмонхона ва транспорт ташкилотларига ташкил этилган турлар, шу жумладан яшаш ва келиб-кетиш (учиб бориш) учун имтиёзлар тақдим этиш бўйича таклифлар юборишда ёрдам кўрсатсин. 

8. 2018 йил 10 февралдан бошлаб 3 йил муддатга қуйидаги тартиб жорий этилсин, унга кўра: 

иш берувчининг туризм соҳасида фаолият кўрсатиш бўйича лицензияга эга бўлган субъектлардан ходимлар ва уларнинг оила аъзолари учун республика бўйлаб туристик йўлланмаларни сотиб олиш харажатлари ходимнинг даромади сифатида кўриб чиқилмайди ҳамда юридик шахсдан олинадиган фойда солиғини ҳисоблаб чиқишда чегириб қолиниши лозим; 

жисмоний шахсларнинг солиққа тортиладиган даромадлари Ўзбекистон Республикаси бўйлаб туристик йўлланмаларни туризм соҳасида фаолият кўрсатиш бўйича лицензияга эга бўлган субъектлардан сотиб олишга йўналтирилган харажатлар суммасига камайтирилади. Бунда туристик йўлланма (айирбошланадиган ваучер), авиа ва темир йўл чипталари, автотранспорт ташкилотларининг ҳисоб-фактуралари (чипталари) ва жойлаштириш воситалари чеклари тасдиқловчи ҳужжатлар ҳисобланади; 

туризм соҳасида фаолият кўрсатадиган субъектларнинг солиқ солинадиган базаси Ўзбекистон туризм бренди ва “Uzbekistan.travel” сайти рекламаси бўлган босма маҳсулотларни (хариталар, рисолалар, буклетлар, флайерлар ва бошқалар), сувенир ва қадоқлаш маҳсулотларини (сумкалар, пакетлар, мактаб дафтарлари, ёрлиқлар, ғилофлар, кийим-кечаклардаги ва ошхона анжомларидаги ёзувлар) тайёрлаш ва чоп этишга йўналтириладиган харажатлар суммасига камайтирилади. 

9. Тижорат банкларига Ўзбекистон Республикаси фуқароларига туризм соҳасида фаолият кўрсатиш бўйича лицензияга эга бўлган субъектлардан Ўзбекистон Республикаси бўйлаб сайёҳлик турларини сотиб олиш учун 10 миллион сўмгача истеъмол кредитларини ажратиш ва кредитни иш ҳақи ҳисобидан қоплаш имкониятини бериш тавсия этилсин. 

10. Белгилансинки: 

туризм объектлари (меъморий ёдгорликлар ва бошқалар) ҳамда инфратузилмаси (меҳмонхоналар ва бошқа жойлаштириш воситалари, туристик йўналишлар ва бошқалар) жойлашган жойларнинг белги-ишоралари ва кўрсаткичларини ўз ичига олган тематик туристик хариталар ададини кўпайтириш ва уларни тарқатишга картография ишларини амалга ошириш учун лицензия (рухсатнома) олиниши талаб этилмайди; 

туристларга хизмат кўрсатувчи ташкилотлар (давлат музейлари, галереялар, маданий мерос объектлари ва қўриқланадиган табиий ҳудудлар маъмуриятлари ва бошқалар) ўз фаолиятидан тушадиган тушумларнинг камида 5 фоизини ўз фаолияти ҳамда тақдим этаётган туризм хизматлари баён этилган реклама-тарқатиш материалларини ўзбек, рус ва инглиз тилларида тайёрлаш ва ададини кўпайтириш учун мажбурий тартибда йўналтиради. Бунда ушбу мақсадларга йўналтирилган харажатлар суммаси бу ташкилотларнинг солиққа тортиладиган базасидан чиқариб ташланади. 

11. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан келишган ҳолда туризмни ривожлантириш учун юқори салоҳиятга эга туман ва шаҳарларда жойлашган ҳамда асосан муҳандислик коммуникациялар билан таъминланган фойдаланилмаётган ер участкаларини 2-иловага мувофиқ рўйхат бўйича уч ой муддатда хатловдан ўтказсин ҳамда кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси хулосасига асосан ҳар бир ҳудудда умумий майдони камида 20 гектар бўлган 20 та ер участкаси ҳисобидан келиб чиқиб, туризм соҳасидаги лойиҳаларни (меҳмонхоналар, меҳмонхона уйлари, кемпинглар, мотеллар ва бошқа жойлаштириш воситалари, тематик хиёбонлар, музейлар, галереялар ва бошқа иншоотлар қуриш) амалга ошириш мақсадида тадбиркорлик субъектлари ҳамда потенциал инвесторларга тақдим этиш учун ажратсин. 

12. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан танлаб олинган фойдаланилмаётган ер участкаларида 2018-2022 йилларда туризм инфратузилмасини ташкил этиш доирасидаги харажатлар: 

янги лойиҳалар (макетлар)нинг дизайн-эскизларини ишлаб чиқиш учун – бюджетдан ташқари Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармасининг маблағлари; 

муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланишга рухсат берувчи ҳужжатларни олиш учун – тегишли туманлар (шаҳарлар) маҳаллий бюджетлари маблағлари ҳисобидан қопланиши белгилаб қўйилсин. 

13. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси: 

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда туристик йиғимлар, меҳмонхона хизматларини сертификатлаш ҳамда жойлаштириш воситаларининг жавобгарлик қоидаларини сақлаб қолган ҳолда, ташриф буюрувчиларни рўйхатга олиш бўйича махсус электрон автоматлаштирилган дастурда жойлаштириш воситалари орқали хусусий уйларга (хонадонларга) меҳмонларни вақтинчалик рўйхатдан ўтказиш тартибини жорий этсин; 

туризм тоифасига оид меҳмонхоналар ва меҳмонхона уйларининг намунавий лойиҳаларини, шу жумладан хорижий лойиҳа ташкилотларидан бюджетдан ташқари Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан сотиб олсин ва кейинчалик ушбу лойиҳаларни туризм инфратузилмаси объектларини қуриш ташаббусини кўрсатган тадбиркорлик субъектларига беғараз тақдим этсин. Бунда намунавий лойиҳаларни муайян ҳудудга бириктириш Ўзбекистон Республикаси Архитектура ва қурилиш давлат қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари томонидан беғараз асосда таъминланади. 

14. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг ички туризмни янада ривожлантириш ҳамда туризм инфратузилмаларини такомиллаштириш мақсадида ҳудудларда кичик туризм зоналарини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин. 

Белгилансинки, кичик саноат зоналари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари қоидалари кичик туризм зоналарига ҳам татбиқ этилади. 

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда 2018 йилнинг 1 июлига қадар тадбиркорлик субъектларига ер участкаларини ажратишнинг соддалаштирилган механизмини жорий этган ҳолда ҳудудларда кичик туризм зоналарини яратиш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин. 

15. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда қуйидаги суммалар учун солиқ солинадиган базани камайтириш тартибини бир ой муддатда тасдиқласин: 

100 миллион сўмгача – хўжалик юритувчи субъектларнинг 2020 йилнинг 1 январига қадар санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиена нормативларига мувофиқ келадиган замонавий санитария-гигиена тармоқларини қайта тиклаш, капитал таъмирлаш ва қуришга йўналтирилган харажатлари; 

12 миллион сўмгача – ҳар йили 2025 йилнинг 1 январига қадар хўжалик юритувчи субъектларнинг санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиена нормативларига мувофиқ келадиган санитария-гигиена тармоқларини (фаррошлар иш ҳақи, гигиена, тозалаш ва ювиш воситаларини сотиб олиш, коммунал харажатларни тўлаш), туризм инфратузилмаси объектларини (тарихий ва меъморий ёдгорликлар, музейлар, театрлар, маданият уйлари, умумий овқатланиш пунктлари, хизмат кўрсатиш объектлари, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари, автомобиллар учун вақтинча тўхташ жойлари, йўлбўйи инфратузилмасининг сервис хизматлар кўрсатиладиган ҳудудлари, бозорлар, расталар, дўконлар ва одамлар гавжум бўладиган бошқа жойларни) сақлашга йўналтирилган харажатлари. 

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг хулосаси асосида замонавий санитария-гигиена тармоқларини яратиш лойиҳаларини амалга оширадиган тадбиркорлик субъектлари ва потенциал инвесторларга шаҳарлар ва туманларнинг тегишли қисмларида реклама ва ихчам савдо нуқталари учун жойлар тақдим этсин. 

16. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси: 

манфаатдор вазирлик ва идоралар томонидан Амалий чора-тадбирлар режаси бажарилиши устидан доимий мониторингни; 

мониторинг натижалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 августдаги «2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-3217-сон қарори билан ташкил этилган Туризмни ривожлантириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгашга режалаштирилган чора-тадбирларнинг белгиланган муддатларда сўзсиз бажарилишини таъминлаш мақсадида тегишли қарорларни қабул қилиш учун ҳар чоракда таклифлар киритилишини таъминласин. 

17. Туризмни ривожлантириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш (А.Арипов): 

ушбу қарорда назарда тутилган тадбирларнинг сўзсиз, ўз вақтида ва сифатли бажарилиши устидан доимий ва тизимли назорат ташкил этилишини; 

вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар – масъул ижрочилар раҳбарларининг Амалий чора-тадбирлар режасини сўзсиз амалга ошириш борасида улар томонидан кўрилаётган амалий чоралар ҳақидаги ҳисоботлари ҳар чоракда эшитиб борилишини таъминласин. 

18. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 сентябрдаги “Тошкент шаҳрида “Эски шаҳар” туризм зонасини барпо этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3260-сон қарорига 3-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин. 

19. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин. 

20. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Р.Холмурадов ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг раиси А.А.Абдухакимов зиммасига юклансин. 



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                     Ш.МИРЗИЁЕВ 

Тошкент шаҳри, 2017 йил 7 февраль 

Манба: ЎзА

Поделиться