Самарқанддаги 10 дан ортиқ корхона ва ташкилотда божхона ходимлари тадбиркорлар билан мулоқот қилди
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари Ғ.Шукуров, божхона статистикаси ва таҳлил маркази бошлиғи А.Сагитов ҳамда Самарқанд вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Э.Солиҳов янги лойиҳа ва таклифлар, мавжуд муаммо ва камчиликларни ўрганиш мақсадида Самарқанд вилоятидаги 10 дан ортиқ корхона ва ташкилотда бўлиб, тадбиркорлар билан мулоқот қилди.
Учрашувда хусусий тадбикорлар ва кичик бизнес вакилларининг божхона хизмати билан ҳамкорлиги масалалари жойида таҳлил этилди ва зарур чора-тадбирлар белгиланди.
Оқдарё туманидаги “Zarafshon tekstil” масъулияти чекланган жамияти таъсисчилари импорт қилинаётган товарларга мувофиқлик сертификати товарлар “эркин муомалага чиқариш” божхона режимига расмийлаштирилгандан сўнг олиниши бўйича таклиф киритди. “Agro-bravo” корхонаси масъуллари эса, хорижий ҳамкорлари томонидан олдиндан ҳақ тўламасдан маҳсулотни экспорт қилиш тўғрисида мурожаат қилди. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 ноябрдаги қарорига асосан маҳсулотни олдиндан ҳақ тўламасдан олиб чиқиш мумкинлиги ҳамда валюта тушуми товарлар экспорт қилингандан сўнг 120 кун муддат ичида келиб тушиши лозимлиги тушунтирилди.
Ургут туманидаги “UrGazCarpet” корхонаси раҳбари И.Ҳакимов божхона расмийлаштируви юзасидан муаммолар йўқлигини маълум қилиб, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳимоялаш мақсадида, импорт қилинаётган хомашёга қўшилган қиймат солиғини пасайтириш, тайёр гилам маҳсулотларига импорт божхона бож ставкаларини ошириш тўғрисида таклифлар берди.
Давлат божхона қўмитаси масъул ходимларининг “Ургут” эркин иқтисодий зонаси раҳбарлари ва тадбиркорлар билан учрашувида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида мамлакатимизга олиб кирилаётган технологик асбоб-ускуна ва жиҳозларга нисбатан божхона тўловларини имтиёзларни қўллаш, юртимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни хорижга экспорт қилиш тартиби, тизимда жорий қилинган электрон хизматларнинг қулайлик ва афзалликлари, божхона соҳасида қабул қилинган сўнгги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳияти ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Икки кунлик учрашувлар давомида “Ургут” эркин иқтисодий зонасига хизмат кўрсатувчи “Самарқанд” ташқи иқтисодий фаолият божхона постининг “Ургут” божхона пункти фаолияти, “Самарқанд аэропорт” чегара божхона постида жорий этилган икки йўлакли тизим асосида божхона назоратини амалга ошириш жараёнида олиб борилаётган ишлар билан ҳам танишилди.
Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
Манба: ЎзА