Наманган вилояти Чуст туманидаги “Чуст Ўктамжон сервис” тикувчилик корхонасида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар юқори сифати билан харидорларга манзур бўлмоқда.
Санобар Тожибоеванинг оилавий тадбиркорлик бизнес режаси негизида вужудга келган корхонада ишлаб чиқариш ҳажми ва маҳсулот тури йилдан-йилга ортаётир.
Дастлаб, ўз хонадонида тўртта тикув машинаси ва саккиз нафар чевар билан фаолият бошлаган тадбиркор пухта ўйланган бизнес режа асосида иш юритди. Чуст тумани Дўзанда маҳалласидаги фойдаланилмай турган икки қаватли бинодан бир қисмини ижарага олиб, тикувчилик корхонаси ташкил қилди. Асосан болалар ва ўсмирлар ички кийимини ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонада 40 дан зиёд иш ўрни яратилди. Чуст шаҳри, Карнон, Каркидон, Варзик, Тошқўрғон қишлоқларидан малакали тикувчи хотин-қизлар иш билан таъминланди.
Корхона ташкил этилганидан буён ўтган беш йилда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлида яратилган кенг имкониятлар, истеъмол бозорининг талаб ва таклифлари асосида иш юритилиши туфайли маҳсулот тури ва ишлаб чиқариш ҳажми мунтазам ортиб борди. Аёллар ва эркаклар учун ҳам кийим-кечак ишлаб чиқарила бошланди. Бугунги кунда корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулот тури 20 дан ошди. Қисқа муддатда экспортчи корхоналар қаторидан жой олди. Ўтган йили 400 минг дона маҳсулот ишлаб чиқарилди ва охирги ойда дастлабки экспорт амалга оширилди. Россия давлатига шартнома асосида 36 минг долларлик маҳсулот сотилди.
– Президентимиз раҳнамолигида тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган алоҳида эътибор куч-ғайрат бағишлаб, фаолиятимизни янада кенгайтиришга ундамоқда, – дейди С.Тожибоева. – Жорий йил юртимизда Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили, деб эълон қилингани ҳам биз учун янги имкониятлар эшигини очди. Яқинда “Асака” банкнинг 1 миллиард 500 миллион сўмлик кредити кўмагида Хитойдан 100 замонавий тикув, бичув ва дазмоллаш дастгоҳи келтириб, ўрнатдик. Бу ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш, энг муҳими, 100 нафар хотин-қизни иш билан таъминлаш имконини берди.
Акрамжон Сатторов, ЎзА
Манба: ЎзА