Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Муносабат: Қўмита фаолияти янада такомиллашади

2018-02-06 | Жамият

Президентимиз Шавкат Мирзиёев топшириғига кўра, 2017 йил январь-март ойларида махсус ишчи гуруҳ аъзолари Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларида уйма-уй юриб, халқнинг турмуши, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳит, одамларни қийнаётган муаммоларни ўрганди. Кейинчалик бу тажриба мамлакат миқёсида жорий қилинди. 

2017 йил давомида мамлакатимиз бўйича 5 миллиондан зиёд оилага кирилди, ўн беш миллионга яқин аҳоли билан мулоқотда бўлинди. Минглаб муаммолар жойида ҳал этилди.
 
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 2 февралдаги "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони бу йўналишдаги ишларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
 
Халқ билан мулоқот, оилаларнинг ижтимоий-маънавий муҳитини ўрганиш натижалари реал ҳаётдан узилиб қолганимизни кўрсатди. Мураккаб ижтимоий вазиятга тушиб қолган, оиласи нотинч, ишсиз аёллар, ёш қизлар билан манзилли ишлаш тизимининг амалда мавжуд бўлмагани хотин-қизлар ўртасида турли нохушликларнинг кўпайишига сабаб бўлди. 
 
Президентимиз фармонига мувофиқ Хотин-қизлар қўмитасининг фаолияти эндиликда тўрт йўналишда ташкил этилади. Аёлларни қўллаб-қувватлашга доир давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоялаш ҳамда уларнинг юртимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги роли ва фаоллигини ошириш, хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик ташаббуслари, касаначилик меҳнатини қўллаб-қувватлаш, хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш каби йўналишлар шулар жумласидандир. 
 
Мазкур фармон билан қўмита фаолиятининг самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилган. Шу билан бирга Хотин-қизлар қўмитаси раисларининг бу борадаги жавобгарлиги кучайтирилгани мазкур жамоат тузилмасида меҳнат қилаётган ҳар бир ходимга янада кўпроқ масъулият юклайди. 
 
Жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими ўрнига хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозими жорий этилади. Бу эса оилалардаги ҳақиқий аҳволни атрофлича ўрганиш, хотин-қизлар ҳолидан муттасил бохабар бўлиш, оилавий ажралишларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади. Эндиликда ҳар бир фуқаролар йиғинида биттадан, оилалар сони икки минг ва ундан ортиқ бўлган фуқаролар йиғинларида эса иккитадан ана шундай мутахассис лавозими жорий этилади. 
 
Фармонга мувофиқ илгарилари Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида фаолият кўрсатган "Оила" илмий-амалий маркази ва унинг ҳудудий бўлинмалари Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси қошидаги Республика "Оила" илмий-амалий маркази негизида қайтадан ташкил этилади. Мазкур марказ "Соғлом оила – соғлом жамият" концептуал ғояси асосида фаолият юритиб, оиланинг мустаҳкамлиги, ундаги муҳитнинг барқарор ва соғломлиги, демографияси, фаровонлиги ва хотиржамлиги билан боғлиқ масалаларни атрофлича ўрганиб, тегишли услубий тавсиялар ишлаб чиқади. Оилалар тинчлигини таъминлаш, низоли ҳолатларнинг олдини олиш, оила-никоҳ муносабатлари соҳасидаги амалиётни ўрганиш ушбу марказ фаолиятининг асосини ташкил этади. 
 
Унинг жойлардаги бошқармалари ҳузурида тиббиёт касб-ҳунар коллежлари негизида ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оиладаги низоли ҳолатларни ҳал қилишнинг ҳуқуқий ва психологик асосларини ўргатиш, ажралишларга йўл қўймаслик ва бошқа масалалар бўйича кадрлар малакасини ошириш, қайта тайёрлаш бўйича махсус ўқув курслари олиб борилади. Демакки, оила шундай нозик ҳилқатки, уни асраб-авайлаш, ҳимоялаш соҳага дахлдор бўлган мутахассислардан доимий ўз билим ва малакасини ошириб боришни талаб этади. 
 
Мазкур ҳужжат асосида ўсмир қизлар ва фарзанд кўриш ёшидаги аёллар учун оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктлари тузилмаларида “аёллар маслаҳатхоналари” ташкил этилиб, оилани режалаштириш, оналар ва болалар саломатлиги муҳофазаси, репродуктив саломатликка оид маслаҳатлар олиш имконияти яратилади.
 
Тадбиркорлик, ишнинг кўзини билиш азалдан аёлларга хос фазилат саналган. Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, “Тадбиркор аёл” уюшмаси ҳамкорлигида Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг ташкил этилиши аёллар ва оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ижтимоий кўмакка муҳтож, ногиронлиги бўлган аёллар ва оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш, оилавий ва хусусий тадбиркорлик, ҳунармандчиликни кенг йўлга қўйишда, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар бўйича билим ва кўникмаларни эгаллашда кўмаклашишда муҳим аҳамият касб этади. 
 
Мамлакатимизда Зулфия номидаги Давлат мукофотининг таъсис этилгани минглаб қизларга қанот бағишлаётган бўлса, эндиликда ушбу мукофотга Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан икки нафардан қизлар саралаб олиниши истеъдод соҳибалари сафи янада кенгайишига хизмат қилиши шубҳасиз. 
 
Ўзининг жамоат ишларида фаоллиги, фидойилиги билан кўпчиликка ибрат бўлаётган опа-сингилларимизни янада қўллаб-қувватлаш мақсадида "Мўътабар аёл" кўкрак нишонининг таъсис этилгани юртимиз онахонларининг дилидаги айни муддао бўлди. 
 
Бир сўз билан айтганда, мазкур фармон Хотин-қизлар қўмитасининг янгича тамойил ва мезонлар, янги ёндашувлар асосида фаолият кўрсатишида, аёлларга, оилаларга ҳақиқий елкадош бўлишида муҳим ҳуқуқий пойдевор вазифасини ўтайди. 
 
 
Гулнора Маъруфова,
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси
раисининг ўринбосари.

Манба: ЎзА

Поделиться