Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
ХДП фракциясининг долзарб вазифалари муҳокама қилинди
2018-02-06 | Жамият
Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида амалга оширишга оид Давлат дастури ижросини таъминлашда партия фракциясининг ўрни ва роли, олдида турган долзарб вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, фракция фаолиятининг 2018 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари бўйича иш режаси ишлаб чиқилган.
2018 йил Давлат дастуридан келиб чиқиб қатор қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш белгилаб қўйилган. “Иссиқлик таъминоти тўғрисида”ги, “Давлат минимал ижтимоий стандартлари тўғрисида”ги, “Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш тўғрисида”ги, “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳалари шулар жумласидан.
Асосий эътибор таклифларни жойларда шакллантиришга қаратилиши лозимлиги таъкидланди. Ўз навбатида, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида фаолият олиб бораётган ижрочи котиблар масъулиятини ошириш чоралари кўрилиши бўйича кўрсатмалар берилди.
Йиғилиш давомида фракциянинг назорат-таҳлил фаолияти йўналиши бўйича Давлат дастуридан келиб чиқадиган вазифалар ва уларнинг бориши таҳлил қилинди.
– Иш режада бу йўналиш бўйича 8 та вазифа белгиланган, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ш.Турсунбоев. – Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонуннинг ижро этилишини ўрганиш, шунингдек, давлат бюджетидан ижтимоий соҳага ажратилаётган, айниқса, кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар, таълим, пенсия, соғлиқни сақлаш соҳаларига йўналтирилган маблағларнинг самарали ишлатилиши устидан депутатлик назоратини олиб бориш билан боғлиқ вазифаларни муддатидан кечиктирмасдан бажариш лозим.
Йиғилишда билдирилган таклиф ва тавсияларни сўзсиз бажариш юзасидан тегишли тавсия ва кўрсатмалар берилди.
Манба: ЎзА