Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Пиллачилик: Сирдарё туманида қайта ишлаш корхонаси қурилиши бошланди

2018-02-06 | Иқтисодиёт

Сирдарё туманида барпо этилаётган ипак етиштириш ва қайта ишлашга ихтисослашган “Агроглобал“ масъулияти чекланган жамияти заводи биноси пойдеворига тамал тоши қўйилди. 

“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси раиси Б.Шарипов, Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари К.Собиров ва бошқалар мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар жараёнида ипакчилик тармоғи ва тўқимачилик саноатини янада ривожлантириш, соҳага илғор технологияларни жалб қилиш, илм-фан соҳасидаги инновацион ишланмаларни амалиётга татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. 

Президентимизнинг 2017 йил 29 мартдаги “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир. 

Қарорда тармоқ нуфузини ошириш учун озуқа базасини жадал ривожлантириш, сифатли ипак қурти уруғи етиштириш тизимини кенг йўлга қўйиш, саноатбоп пилла хомашёси етиштириш ва пиллани қайта ишлаш корхоналарининг тўлиқ қувват билан ишлашини таъминлаш баробарида тайёр рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш ва соҳанинг экспорт салоҳиятини юксалтириш бўйича аниқ тадбирлар белгиланган. 

– Сирдарё туманидаги Камолот маҳалласида барпо этилаётган корхонанинг лойиҳа қиймати 5 миллион доллар, – дейди «Агроглобал» масъулияти чекланган жамияти директори ўринбосари Д.Холдоров. – Бу ерда пиллага ишлов беришдан тортиб, экспорт учун ипак мато ва кийим-кечак ишлаб чиқариш жараёни тўлиқ амалга оширилади. Биринчи босқичда "ноль" харид қийматида олинган собиқ 2513-автобаза биносини мослаштириб, тубдан қайта таъмирлаш, Хитойдан пиллани қайта ишлайдиган технологиялар келтириб ўрнатиш, 4 цех ташкил қилиш режалаштирилган. 

Ушбу цехлар жорий йилнинг иккинчи чорагида ишга туширилади, бу эса 200 иш ўрни яратиш имконини беради. Бу ерда йилига 400 тонна пилла қайта ишланиб, ипак калавасига айлантирилади.

Жорий йилда вилоятнинг ҳар бир туманида иккитадан замонавий пиллахона қуриш, мавжуд 1 минг 323 гектар тут плантацияларини қайта реконструкция қилиш, янгиларини барпо этиш кўзда тутилган. 

Лойиҳа уч босқичдан иборат бўлиб, 2021 йилда якунига етказилади. Лойиҳа тўлиқ амалга оширилгач, 500 иш ўрни яратилиб, йиллик экспорт қуввати 10 миллион долларни ташкил этади. Тайёр маҳсулотнинг асосий қисми экспортга йўналтирилади. 

Тумандаги собиқ 2513-автобазани тубдан қайта қуриш ишлари бошлаб юборилди. Анъанага кўра, тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, қурувчилар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида завод пойдеворига келажакка битилган мактуб солинган капсула жойлаштирилди.

 

Абдужалол Қаюмов, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться