Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

2018-2022 йилларда аҳоли пунктларини бош режалар билан таъминлаш, лойиҳа ташкилотлари фаолиятини яхшилаш, шунингдек, шаҳарсозлик соҳасида мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида

2018-02-05 | Ҳужжатлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Кейинги йилларда республикада турар жойлар ва ижтимоий-маиший объектлар қурилишини ривожлантириш ҳамда муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмаларини янгилаш ҳисобга олинган ҳолда аҳоли пунктларини шаҳарлар ва қишлоқ аҳоли пунктларининг замонавий архитектура қиёфасини шакллантирувчи шаҳарсозлик ҳужжатлари билан таъминлаш юзасидан комплекс чора-тадбирлар тизимли асосда амалга оширилмоқда. 

Амалга оширилган ишлар натижасида республиканинг 96 та шаҳри ва 87 та шаҳар посёлкаси бош режалар билан таъминланди, 550 та қишлоқ (овул) фуқаролар йиғинлари ҳудудларни архитектура-режалаштириш жиҳатидан ташкил этиш лойиҳаларига эга. 

Лойиҳа-қидирув ташкилотларининг фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда республика минтақаларида истиқболли ва иқтисодий самарали инвестиция ечимларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишни ташкил этишда уларнинг фаол иштирок этишини таъминлаш мақсадида 26 та етакчи лойиҳа-қидирув ташкилоти ҳамда "ЎзшаҳарсозликЛИТИ" ДУКнинг 12 та филиали ташкил этилган. 

Бироқ шаҳарлар ва қишлоқ аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатлари билан етарли таъминланмаганлиги уларни режали ривожлантириш, ижтимоий-маданий ва ишлаб чиқариш йўналишидаги объектларни оқилона жойлаштириш, ривожлантиришнинг қисқа муддатли, ўрта муддатли ва узоқ муддатли истиқболларини ҳисобга олган ҳолда муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга тўсқинлик қилувчи омил бўлиб қолмоқда. Жумладан, 23 та шаҳар ва 994 та шаҳар посёлкаларини, шу жумладан, қисқа муддатли даврда республиканинг 138 та шаҳарлари ва шаҳар посёлкаларини бош режалар билан таъминлаш талаб этилади. 

Лойиҳа-қидирув ташкилотларининг илғор инновацион дастурий ечимлар ва замонавий ахборот базаси билан жиҳозланиши ҳамон етарли эмас, илғор хорижий тажриба суст жорий этилмоқда, тармоқ учун зарур малакага эга бўлган кадрлар тайёрлаш етарли даражада амалга оширилмаяпти, бу, шубҳасиз, лойиҳа маҳсулотлари сифатига таъсир кўрсатмоқда. 

Биринчи навбатда, шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, улар билан аҳоли пунктларини ўз вақтида қамраб олишни таъминлаш, лойиҳа ташкилотлари фаолиятини янада яхшилаш ва олий таълим муассасалари томонидан шаҳарсозлик соҳаси мутахассислари тайёрлаш сифатини ошириш борасида шаҳарсозлик соҳасидаги ишларнинг ҳолатини тубдан такомиллаштириш мақсадида: 

1. Қуйидагилар: 

2018-2022 йилларда республика шаҳарлари ва шаҳар посёлкаларининг бош режаларини, шунингдек, қишлоқ (овул) фуқаролар йиғинлари ҳудудларини архитектура-режалаштириш жиҳатидан ташкил этиш лойиҳаларини ишлаб чиқишнинг йиғма параметрлари 1-иловага мувофиқ; 

2018-2022 йилларда республика шаҳарлари ва шаҳар посёлкаларининг бош режалари лойиҳаларини ишлаб чиқиш дастурлари 2а ва 2б-иловаларга мувофиқ; 

2018-2019 йилларда аҳоли пунктларини батафсил режалаштириш лойиҳалари ишлаб чиқилиши билан бир вақтда қишлоқ (овул) фуқаролар йиғинлари ҳудудларини архитектура-режалаштириш жиҳатидан ташкил этиш лойиҳаларини ишлаб чиқиш дастури 3-иловага мувофиқ; 

ишлаб чиқилаётган шаҳарсозлик ҳужжатлари сифатини яхшилаш, лойиҳа-қидирув ташкилотлари фаолиятини ривожлантириш, шунингдек, шаҳарсозлик соҳасида мутахассислар тайёрлашни такомиллаштириш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича комплекс тадбирлар 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин. 

2. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 февралдаги ПФ-4944-сон Фармони билан тасдиқланган Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада такомиллаштиришга доир комплекс чора-тадбирлар дастурига мувофиқ маъмурий-ҳудудий бирликларда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг белгиланган чегаралари ва тузилган хариталари асосида 2019 йил 1 февралгача бўлган муддатда 2020-2022 йилларда аҳоли пунктларини батафсил режалаштириш лойиҳалари ишлаб чиқилиши билан бир вақтда қишлоқ фуқаролар йиғинлари ҳудудларини архитектура-режалаштириш жиҳатидан ташкил этиш лойиҳаларини ишлаб чиқиш дастури тайёрланишини ва Вазирлар Маҳкамасига киритилишини таъминласин. 

3. Ушбу қарор билан тасдиқланган дастурларни амалга ошириш бўйича буюртмачи функцияси Қорақалпоғистон Республикаси архитектура ва қурилиш қўмитасига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар архитектура ва қурилиш бош бошқармаларига юклансин. 

4. Қуйидагилар: 

"ЎзшаҳарсозликЛИТИ" ДУК – шаҳарлар ва шаҳар посёлкаларининг бош режалари лойиҳаларини ишлаб чиқувчи; 

"ТошкентбошпланЛИТИ" ДУК – Тошкент ва Самарқанд шаҳарлари, Тошкент вилояти шаҳарлари ва шаҳар посёлкаларининг бош режалари лойиҳаларини ишлаб чиқувчи; 

"Қишлоққурилишлойиҳа" МЧЖ – қишлоқ жойларда қишлоқлар, овуллар ва шаҳар посёлкаларининг бош режаларини, қишлоқ (овул) фуқаролар йиғинлари ҳудудларини архитектура-режалаштириш жиҳатидан ташкил этиш лойиҳаларини ва улар таркибида батафсил режалаштириш лойиҳаларини ҳамда ушбу батафсил режалаштириш лойиҳалари учун топогеодезия хариталарини ишлаб чиқувчи; 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 майдаги "Лойиҳа-қидирув ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-2946-сон қарорига мувофиқ ташкил этилган минтақавий етакчи лойиҳа-қидирув ташкилотлари – лойиҳага кўра аҳоли сони 20 минг кишидан кам бўлган шаҳар посёлкаларининг бош режаларини ишлаб чиқувчилар; 

"ЎзГАШКЛИТИ" ДУК – топография-геодезия ишларини ва шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун муҳандислик-геология қидирувларини ижро этувчи этиб белгилансин. 

5. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Молия вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлиги Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг асосланган ҳисоб-китоблари бўйича ҳар йили Давлат бюджети ва Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш Давлат дастури лойиҳаларини шакллантиришда ушбу қарор билан тасдиқланган лойиҳаларни амалга оширишни молиялаштиришга белгиланган тартибда зарур маблағларни назарда тутсинлар. 

6. Белгилаб қўйилсинки: 

лойиҳага кўра аҳоли сони 20 минг кишидан кам бўлган шаҳарлар ва шаҳар посёлкаларининг бош режалари, қоидага кўра, энг яхши таклифларни танлаб олиш асосида аниқланадиган ушбу қарорнинг 4-бандида кўрсатилган лойиҳа-қидирув ташкилотлари томонидан ишлаб чиқилиши керак; 

минтақавий етакчи лойиҳа-қидирув ташкилотлари томонидан ишлаб чиқилган аҳоли пунктларининг бош режалари фақат тегишли равишда "ЎзшаҳарсозликЛИТИ" ДУК ва "ТошкентбошпланЛИТИ" ДУКнинг бош лойиҳа-қидирув ташкилотлари билан келишилгандан кейин тасдиқланиши керак; 

Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти шаҳарлари ва шаҳар посёлкаларининг ҳамда бошқа шаҳарларнинг бош режаларини ишлаб чиқишга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси билан тузилган лицензия битимлари асосида архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳуқуқига лицензия олинмасдан хорижий лойиҳа-қидирув ташкилотлари танлов асосида жалб этилиши мумкин; 

Қорақалпоғистон Республикаси архитектура ва қурилиш қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри архитектура ва қурилиш бош бошқармалари ҳузуридаги "Архитектура-режалаштириш бюроси" давлат унитар корхоналари тасдиқланган бош режаларга эга бўлган аҳоли пунктларининг майдони ўн гектардан ортиқ бўлмаган ҳудудларида уларнинг қисмларини батафсил режалаштириш лойиҳаларини ва қуриш лойиҳаларини ишлаб чиқишга ҳақлидир. 

7. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси 2а-иловага мувофиқ 2018-2022 йилларда республика шаҳарлари ва шаҳар посёлкаларининг бош режаларини ишлаб чиқиш дастури ва 2б-иловага мувофиқ 2018-2022 йилларда республика шаҳар посёлкаларининг бош режалари лойиҳаларини ишлаб чиқиш дастури доирасида шаҳарлар ва шаҳар посёлкаларининг бош режаларини ишлаб чиқиш бўйича потенциал лойиҳа-қидирув ташкилотлари 2018 йил февраль ойи мобайнида белгиланишини, шунингдек, келгуси йилларда кўрсатиб ўтилган дастурларнинг параметрларини тайёрлаш доирасида ҳар йили: 

1 декабргача – энг яхши таклифларни танлаб олиш асосида шаҳарлар ва шаҳар посёлкаларининг бош режаларини ишлаб чиқиш бўйича лойиҳа-қидирув ташкилотлари белгиланишини; 

1 январгача – шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича лойиҳа-қидирув ишларининг тасдиқланган манзилли ва титул рўйхатлари тасдиқланишини, кейинчалик лойиҳа-қидирув ташкилотлари билан шартномалар тузилишини; 

"ЎзшаҳарсозликЛИТИ" ДУК, "ТошкентбошпланЛИТИ" ДУК, "Қишлоққурилишлойиҳа" МЧЖ, "ЎзГАШКЛИТИ" ДУК ва минтақавий етакчи лойиҳа-қидирув ташкилотлари билан биргаликда ушбу қарор билан тасдиқланган дастурларда назарда тутилган муддатларда шаҳарлар ва шаҳар посёлкаларининг бош режалари ҳамда қишлоқ (овул) фуқаролар йиғинлари ҳудудларини архитектура-режалаштириш жиҳатидан ташкил этиш лойиҳалари ишлаб чиқилишини таъминласин. 

8. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси: 

"ЎзшаҳарсозликЛИТИ" ДУК, "ТошкентбошпланЛИТИ" ДУК ва "Қишлоққурилишлойиҳа" МЧЖ билан биргаликда шаҳарсозлик ҳужжатлари амалга оширилишини таъминлаш, шунингдек, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари ва қишлоқ аҳоли пунктларини қуришда уларга риоя этилиши юзасидан маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятининг мунтазам равишда мониторингини олиб борсин, кейинчалик мониторинг натижаларини ҳар бир йил якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин; 

Олий таълим муассасалари базасида мутахассис архитекторлар, лойиҳалаштирувчилар ва қурувчиларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни такомиллаштириш ташкил этилишини назарда тутган ҳолда "ЎзшаҳарсозликЛИТИ" ДУК, "ТошкентбошпланЛИТИ" ДУК, "Қишлоққурилишлойиҳа" МЧЖ ва минтақавий лойиҳа-қидирув ташкилотлари томонидан ишлаб чиқиладиган шаҳарсозлик ҳужжатлари сифати оширилишини таъминласин. 

уй-жойлар, ижтимоий соҳа объектлари, муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмаларини қуришда шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилиши устидан қатъий назорат ўрнатсин. 

9. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари: 

турар жойлар, ижтимоий соҳа объектлари ва инфратузилманинг намунавий лойиҳалари асосида шаҳарлар, шаҳар посёлкалари ва қишлоқ аҳоли пунктлари қурилиши тегишли аҳоли пунктларининг тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатларига ва зарурат бўлганда уларга белгиланган тартибда киритиладиган тузатишларга қатъий мувофиқ равишда қурилишини; 

минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни режалаштиришда ва ҳудудларни қуришда шаҳарсозлик ҳужжатлари амалга оширилишини таъминласинлар. 

10. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси лойиҳа-қидирув ташкилотлари фаолиятини такомиллаштириш мақсадида белгиланган тартибда: 

икки ой муддатда "ЎзшаҳарсозликЛИТИ" ДУК, "ТошкентбошпланЛИТИ" ДУК ва "Қишлоққурилишлойиҳа" МЧЖнинг етакчи лойиҳа-қидирув ташкилотлари тузилмасига ҳудудларни режалаштириш ва қуриш бўйича ҳужжатларни ишлаб чиқиш жараёнида улар фаолиятининг самарадорлигини оширишни, шунингдек, илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда ҳажм-режалаштириш жиҳатидан лойиҳалаштиришни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилишини; 

лойиҳа-ташкилотлари ва шаҳарсозлик фаолиятининг бошқа иштирокчилари орасида тегишли долзарб ахборотни тезликда ва кенг кўламли тарқатиш имконини берувчи замонавий техник даражадаги ахборот-таҳлилий база ташкил этилишини таъминласин. 

11. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги лойиҳалаштириш, қурилиш жараёнини ташкил этиш ва бошқаришнинг янги усулларини, шунингдек, илғор қурилиш технологияларини жорий этиш бўйича илғор хорижий тажрибани ўрганиш мақсадида архитектура соҳасида хорижий илмий-тадқиқот ташкилотлари билан яқин ҳамкорлик ўрнатишда Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик ваколатхоналари орқали Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасига ҳар томонлама кўмаклашсин. 

12. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги: 

таълимнинг янги талаб этилган йўналишлари (қурилишда маркетинг, қурилишда менежмент ва бошқалар) бўйича қурилиш тармоғида юзага келаётган кадрларга бўлган эҳтиёжлардан келиб чиқиб, ҳар йили 1 декабргача таълимнинг ушбу йўналишларини очиш ва бўлажак ўқув йилида улар бўйича қабул квоталарини белгилаш учун Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигига ягона шаклларга мувофиқ аниқланган эҳтиёжлар бўйича асосланган таклифларни киритсинлар; 

тармоқ мутахассисларининг малакасини ошириш учун тизимли асосда тажриба алмашишни ва мақсадли тажриба орттиришларни ташкил этиш учун ҳар йили 1 декабргача етакчи ихтисосли хорижий олий таълим ва тадқиқот ташкилотлари билан ҳамкорлик дастурлари ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини таъминласинлар. 

13. Ўзбекистон Республикасининг 5-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин. 

14. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари – "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ бошқаруви раиси А.Ж.Раматов ва Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раиси Б.И.Закиров зиммасига юклансин. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                Ш.МИРЗИЁЕВ 

Тошкент шаҳри,  2017 йил 2 февраль 
 

* * *

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2018-2022 йилларда аҳоли пунктларини бош режалар билан таъминлаш, лойиҳа ташкилотлари фаолиятини яхшилаш, шунингдек, шаҳарсозлик соҳасида мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига
 
Ш А Р Ҳ


Кейинги йилларда республикада шаҳарсозликни такомиллаштириш соҳасида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Замонавий ижтимоий объектлар ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси билан таъминлаган ҳолда аҳоли фаровонлиги даражасини ошириш, арзон ва айни вақтда қулай ҳамда шинам уй-жойга бўлган эҳтиёжларини қондириш борасидаги ишлар шаҳарлар ва қишлоқ аҳоли пунктларининг архитектура қиёфасида сезиларли ўзгаришлар ясамоқда. 

Шу билан биргаликда замонавий бинолар, иншоотлар, кўп функцияли комплексларни барпо этишгагина эмас, балки аҳоли пунктларида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга кўмаклашувчи янги истироҳат боғлари, хиёбонлар, сув ҳавзалари ва спорт иншоотлари билан биргаликда рекреация зоналарини барпо этишга ва мавжудларини ободонлаштиришга катта эътибор берилмоқда. 

Ривожланишнинг бош режаларини ишлаб чиқиш жараёни ҳудудларни режали ва босқичма-босқич қуришнинг асоси ҳисобланади. 

Ушбу омил ҳисобга олинган ҳолда қуйидаги чоралар кўрилди: 

биринчидан, мақсадли давлат дастурларига мувофиқ 96 та шаҳар ва 87 та шаҳар посёлкалари учун бош режалар ишлаб чиқилди ҳамда 550 та қишлоқ (овул) фуқаролар йиғинлари учун ҳудудларни меъморий режалаштиришни ташкил этиш лойиҳалари тайёрланди; 

иккинчидан, бош режаларни сифатли ва ўз вақтида ишлаб чиқишни таъминлаш мақсадида республика ҳудудларида қўшимча равишда 26 та етакчи лойиҳа-қидирув ташкилоти ҳамда “ЎзшаҳарсозликЛИТИ” давлат унитар корхонасининг 12 та филиали ташкил этилди, шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқишга жалб этилган бош лойиҳа ташкилотларининг фаолиятини такомиллаштириш чоралари белгиланди. 

Шу билан биргаликда шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларини шаҳарсозлик ҳужжатлари билан таъминлаш бўйича маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, вазирликлар ва идоралар томонидан кўрилган чоралар етарли бўлмаганлиги сабабли 23 та шаҳар, 994 та шаҳар посёлкаси ва 922 та қишлоқ аҳоли яшаш жойлари тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатларига эга эмас. 

Лойиҳа ташкилотларининг замонавий техник воситалар, илғор инновацион дастурий маҳсулотлар ва зарур ахборот базаси билан етарлича таъминланмаганлиги лойиҳа маҳсулотининг сифати пасайишига ва ишлаб чиқиш муддатлари чўзилишига олиб келмоқда. Хорижий тажрибани ўрганишда ва кадрларни тайёрлаш жараёнида тизим йўқлиги ҳам лойиҳа-қидирув ишларининг сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда. 

Шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишни, улар билан аҳоли пунктларини ўз вақтида қамраб олиш учун шарт-шароитлар яратишни, лойиҳа ташкилотларининг фаолиятини янада такомиллаштиришни, ихтисослаштирилган олий таълим муассасалари томонидан архитекторлар, қурувчилар ва тармоқнинг бошқа мутахассисларини тайёрлаш сифатини оширишни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2018-2022 йилларда аҳоли пунктларини бош режалар билан таъминлаш, лойиҳа ташкилотлари фаолиятини яхшилаш, шунингдек, шаҳарсозлик соҳасида мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарорда қуйидаги чоралар назарда тутилган: 

биринчи – 2018-2022 йилларда республика шаҳарлари ва шаҳар посёлкаларининг бош режалари лойиҳаларини ишлаб чиқиш дастурлари, 2018-2019 йилларда аҳоли пунктларини батафсил режалаштириш лойиҳалари ишлаб чиқилиши билан бир вақтда қишлоқ (овул) фуқаролар йиғинлари ҳудудларини архитектура-режалаштиришни ташкил этиш лойиҳаларини ишлаб чиқиш дастури ҳамда Ишлаб чиқилаётган шаҳарсозлик ҳужжатлари сифатини яхшилаш, лойиҳа-қидирув ташкилотлари фаолиятини ривожлантириш, шунингдек, шаҳарсозлик соҳасида мутахассислар тайёрлашни такомиллаштириш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича комплекс тадбирлар тасдиқланди; 

иккинчи – 2018-2022 йиллар даврида 23 та шаҳар ва 115 та шаҳар посёлкаси бош режалари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва Жиззах вилоятида 55 та қишлоқ (овул) фуқаролар йиғинлари ҳудудларини меъморий режалаштиришни ташкил этиш лойиҳалари ишлаб чиқилиши белгиланди; 

учинчи – шаҳарсозлик ҳужжатлари сифатини яхшилаш ва ўз вақтида ишлаб чиқиш мақсадида ушбу қарор билан тасдиқланган дастурларни амалга ошириш бўйича буюртмачи функцияси маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияларидан Қорақалпоғистон Республикаси архитектура ва қурилиш қўмитасига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар архитектура ва қурилиш бош бошқармаларига олиб берилди; 

тўртинчи – ихтисослаштирилган лойиҳа ташкилотлари “ЎзшаҳарсозликЛИТИ” давлат унитар корхонаси ва “ТошкентбошпланЛИТИ” давлат унитар корхонаси билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 майдаги “Лойиҳа-қидирув ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2946-сон қарорига мувофиқ ташкил этилган минтақавий етакчи лойиҳа-қидирув ташкилотлари лойиҳага кўра аҳоли сони 20 минг кишидан кам бўлган шаҳар посёлкаларининг бош режаларини ишлаб чиқишга жалб этилмоқда. Шу билан биргаликда “Қишлоққурилишлойиҳа” МЧЖга қишлоқ (овул) фуқаролар йиғинлари ҳудудларини архитектура-режалаштиришни ташкил этиш лойиҳаларини ишлаб чиқиш билан биргаликда қўшимча батафсил режалаштириш лойиҳаларини ҳамда ушбу батафсил режалаштириш лойиҳалари учун топогеодезия хариталарини ишлаб чиқиш юкланмоқда; 

бешинчи – Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитасига, шунингдек, Молия вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлигига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида тегишли маблағлар ажратилишини назарда тутиб ушбу қарор билан тасдиқланган дастурларни амалга оширишни молиялаштиришга ҳар йили зарур маблағлар ажратилишини таъминлаш юкланади; 

олтинчи – шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқишга тор доирадаги республиканинг лойиҳа ташкилотларига монопол ҳуқуқ берилиши амалиётидан воз кечиш мақсадида қарор билан биринчи марта Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти шаҳарлари ва шаҳар посёлкаларининг ҳамда бошқа шаҳарларнинг бош режаларини ишлаб чиқишга хорижий лойиҳа-қидирув ташкилотларини танлов асосида жалб этиш назарда тутилмоқда; 

еттинчи – лойиҳа-қидирув ташкилотлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасига икки ой муддатда "ЎзшаҳарсозликЛИТИ" ДУК, "ТошкентбошпланЛИТИ" ДУК ва "Қишлоққурилишлойиҳа" МЧЖнинг етакчи лойиҳа-қидирув ташкилотлари тузилмасига ҳудудларни режалаштириш ва қуриш бўйича ҳужжатларни ишлаб чиқиш жараёнида улар фаолиятининг самарадорлигини оширишни, шунингдек, илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда ҳажм-режалаштириш жиҳатидан лойиҳалаштиришни назарда тутувчи долзарб ўзгартиришлар киритилишини, шунингдек лойиҳа-ташкилотлари ва шаҳарсозлик фаолиятининг бошқа иштирокчилари орасида тегишли долзарб ахборотни тезликда ва кенг кўламли тарқатиш имконини берувчи замонавий техник даражадаги ахборот-таҳлилий база ташкил этилишини таъминлаш вазифаси қўйилди; 

саккизинчи – илғор хорижий тажрибани синчиклаб ва тизимли ўрганмасдан ҳеч бир соҳада илғор технологияларни жорий этишдан реал натижаларга эришиб бўлмаслигини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига архитектура соҳасида хорижий илмий-тадқиқот ташкилотлари билан яқин ҳамкорлик ўрнатишда Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик ваколатхоналари орқали Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасига ҳар томонлама кўмаклашиш топширилди; 

тўққизинчи – Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига тармоқ мутахассисларининг малакасини ошириш учун тизимли асосда тажриба алмашишни ва мақсадли тажриба орттиришларни ташкил этиш учун ҳар йили 1 декабргача етакчи ихтисосли хорижий олий таълим ва тадқиқот ташкилотлари билан ҳамкорлик дастурлари ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини таъминлаш топширилди; 

ўнинчи – Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига таълимнинг янги талаб этилган йўналишлари бўйича кадрларга бўлган эҳтиёжлардан келиб чиқиб, ҳар йили 1 декабргача таълимнинг ушбу йўналишларини очиш ва улар бўйича қабул квоталарини белгилаш учун Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигига ягона шаклларга мувофиқ аниқланган эҳтиёжлар бўйича асосланган таклифларни киритиш вазифаси юклатилди. 

Таъкидлаш керакки, ишлаб чиқилаётган шаҳарсозлик ҳужжатлари сифатини яхшилаш, лойиҳа-қидирув ташкилотлари фаолиятини ривожлантириш, шунингдек, шаҳарсозлик соҳасида мутахассислар тайёрлашни такомиллаштириш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича комплекс тадбирлар шаҳарсозлик соҳасида норматив-ҳуқуқий ва норматив-техник базани такомиллаштиришга йўналтирилган чораларни амалга ошириш назарда тутилмоқда. 

Шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш дастурлари тасдиқланиши қисқа муддатда барча шаҳарларни, шаҳар посёлкалари ва қишлоқ ҳудудларининг бир қисмини шаҳарсозлик ҳужжатлари билан таъминлаш имконини беради, бу эса аҳоли пунктларининг қиёфасини яхшилашга ижобий таъсир кўрсатади, кўчаларни ва бошқа ҳудудларни тартибсиз ва ўзбошимчалик билан қуриш ҳолатларининг олдини олади, яъни аҳолининг қулай яшаши даражасини оширишга кўмаклашади. 

Аҳоли ҳаёт фаолияти учун қулай муҳит яратиш, ишлаб чиқариш, ижтимоий ва муҳандислик-транспорт инфратузилмаси ривожланган обод аҳоли пунктларини барпо этиш янги шаҳарсозлик сиёсати амалга оширилишининг натижаси бўлиши керак. 

Манба: ЎзА

Поделиться