Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ёшлар ижод саройида “Ҳикматлар олами” I республика хаттотлик фестивали бўлиб ўтмоқда
2018-02-02 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси халқ усталари, ҳунармандлари ва мусаввирлари “Ҳунарманд” уюшмаси томонидан ташкил этилган фестиваль очилишида ҳунармандлар, дипломатик корпус ва кенг жамоатчилик вакиллари, санъаткорлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Хаттотлик арабча “ҳуснихат ёзувчи” деган маънони билдириб, ёзув (хат) санъати, китоб кўчириш ҳамда меъморий иншоотлар, бадиий буюмларнинг китобатларини яратиш касбини англатади. Шарқ халқларининг узоқ асрлик тарихида яратиб қолдирган маданий меросида хаттотлик ва китобат санъати алоҳида ўрин эгаллаган. Китоб босиш йўлга қўйилгунга қадар қўлёзма китоб тайёрлаш, уларнинг нусхаларини кўпайтириш (матн кўчириш) билан хаттотлар шуғулланган.
Фестиваль доирасида юздан ортиқ хаттот ва ҳунарманднинг ижодий ишлари намойиш этилди. Тақдим этилган хаттотлик ишлари ҳайъат томонидан юқори баҳоланиб, иштирокчилар “Энг моҳир хаттот”, “Янги ёзув турини яратган энг моҳир хаттот”, “Амалий санъат асарларида хаттотлик намуналаридан фойдаланган энг моҳир ҳунарманд”, “Энг ёш хаттот”, “Настаълиқ хати бўйича энг моҳир хаттот”, “Сулс хати бўйича энг моҳир хаттот”, “Девоний хати бўйича энг моҳир хаттот”, “Қуръон хаттотлиги”, "Меъморий хаттот" каби номинациялар бўйича диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.
– “Ҳикматлар олами” хаттотлик фестивалининг ташкил этилиши катта илмий ва амалий аҳамиятига эга, – дейди "Меъморий хаттот" номинацияси ғолиби Ислом Маматов. – Чунки тадбирнинг биринчи бор ўтказилиши юртимизда бу санъат бўйича изланишлар олиб бораётган тадқиқотчилар ва хаттотларга бўлган катта эътибордир. Яна бу бизнинг узоқ кутилган орзуларимиз рўёби ҳам. Шоир ва мутафаккир Юсуф Хос Ҳожибнинг «Қутадғу билиг» («Саодатга йўлловчи билим») асарида шундай мисралар бор: «Битиб қўймаса эди доно қалами, қоронғу қолар эди мозий олами». Бу ҳикматли мисра айнан хаттотларга берилган юксак баҳодир.
– Касбим муҳандис. Етмиш саккиз ёшдаман, – дейди самарқандлик хаттот, "Қуръон хаттотлиги" номинацияси ғолиби Шавкат Истамов. – Бобом, ота-онам хаттотликдан яхши хабардор эди. Хаттотликка қизиқишим болалигимда пайдо бўлган. Паҳлавон Маҳмуд, Умар Ҳайём, Рўдакий каби улуғ шоирларнинг ижод намуналарини араб имлосида ёзиб, китоб қилдим. Қуръони каримни беш нусхада кўчирдим. Хаттотлик – улуғ иш. Негаки, бизнинг тарих ва маънавий меросимиз шу санъат орқали намоён бўлади. Буни ёшларимиз билиши ва ўрганиши зарур.
Насиба Зиёдуллаева, Ёлқин Шамсиддинов (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА