Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Инсон манфаати, болалар хавфсизлиги депутатлар эътиборида
2018-02-01 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитасининг навбатдаги йиғилишида ўтган йилда амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, янги режаларни белгилаб олишга бағишланди.
Қайд этилганидек, қўмита томонидан ўтган йилда ўнга яқин қонун кўриб чиқилган бўлса, уларнинг еттитаси қабул қилинган. Қолгани ҳали кўриб чиқилмоқда.
Қабул қилинган қонунлардан бири – “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонундир.
– Бугунги кунда ахборот воситаларидан аксарият ҳолларда жамият ривожи ва тинчлигига раҳна солиш, ёшлар, айниқса, болалар соғлиғига зиён етказиш, уларнинг онги ва дунёқарашини торайтириш, миллий ва умуминсоний қадриятлардан узоқлаштириш, иродасини заифлаштириш каби ғаразли ва паст мақсадларда фойдаланилаётганлиги сир эмас, – дейди қўмита аъзоси Расул Кушербоев. – Шу боис фарзандларимизни соғлом қилиб вояга етказиш, уларни турли зарарли иллатлар, хуружлардан ҳимоя қилиш муҳим аҳамиятга эга. “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун бу борада муҳим аҳамият касб этиб, болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан уларни ҳимоя қилишга қаратилган.
Қонунда болаларни ўз ҳаёти ва саломатлигига хавф соладиган хатти-ҳаракатларни содир этиш, жумладан, соғлиғига зарар етказиш, ўз жонига қасд қилишга ва шу ҳаракатларни тарғиб қилишга ундайдиган ахборотларни тарқатиш тақиқланади. Болаларда наркотик воситалар, психотроп моддалар ёки уларнинг ақл-ирода фаолиятига салбий таъсир этувчи бошқа моддалар, алкоголли ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш, дарбадарлик, тиланчилик ёки бошқа кўринишдаги ноижтимоий ҳаракатлар билан шуғулланиш истагини пайдо қиладиган ахборотларга йўл қўйилмайди.
Мазкур қонуннинг 2018 йил 9 мартдан кучга кириши фарзандларимиз ҳимоясида янги ҳуқуқий имкониятлар яратади.
Норгул Абдураимова,ЎзА
Манба: ЎзА