Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Сергели ва Юнусобод йўналишидаги метро қурилишининг бориши ҳамда бошқа маълумотлар эълон қилинди
2018-02-01 | Жамият
Миллий матбуот марказида Тошкентда Сергели ва Юнусобод йўналишидаги метро қурилиши, катта ҳалқа йўли бўйлаб қурилиш жараёни, бу борада қўлланилаётган замонавий технологиялар, жорий йилда амалга оширилиши кўзда тутилган чора-тадбирларга бағишланган брифинг ташкил этилди.
Унда "Ўзбекистон темир йўллари" АК бошқаруви раиси ўринбосари, "Тошкент метрополитени" УК раҳбари маълумот берди.
Узунлиги 7,1 километр бўлган Тошкент метрополитенининг Сергели линияси қурилиши 2020 йилга қадар қуриб, фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган. Сергели метро линияси ҳозиргача Марказий Осиёда қўлланилмаган бутунлай янгича эстакада усулида бунёд этилмоқда. Мазкур линия кўприксимон тарзда қурилади, поездлар ер устида ҳаракатланади. Ушбу йўналишда 6 бекат бўлади. Қизиқарли яна бир жиҳат, поездлар тўхташ маскани, яъни бекатлар 4 вагондан иборат метро поездига мўлжаллаб қурилади. Бекатларда йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида махсус лифт ва эскалаторлар ўрнатилади.
Юнусобод йўналишининг янги йўналиши эса 2019 йилда тўла ниҳоясига етказилиши кўзда тутилган. Ҳозирда бу объектда 100 дан зиёд малакали муҳандис ва ишчилар, 40 га яқин махсус техникалар жалб этилган. Ҳозиргача ушбу қурилишда котлованни тайёрлаш ва тупроқни чиқариб ташлаш ишлари тўлиқ якунланган.
Учинчи лойиҳа – ер усти метро ҳалқа йўли қурилиши бўлиб, унинг умумий узунлиги 52,1 километрни ташкил этади. Ушбу йўналиш бўйича поездларнинг ўртача ҳаракат тезлиги соатига 60 километрга етади. Ҳалқа бўйлаб йўлни босиб ўтиш вақти 1 соат-у 10 дақиқа этиб белгиланган.
Дастлабки босқичда Тошкент метрополитенининг "Дўстлик" бекатидан Қўйлиқ бозоригача бўлган 8 бекатдан иборат қисми қурилади. Кейинчалик у "Олмазор", “Беруний”, “Бодомзор” ҳамда “Тузел” бекатлари орқали яна “Дўстлик” бекатига туташади. Мазкур метро йўли Яшнобод, Учтепа, Олмазор, Юнусобод, Чилонзор ва Сергели туманлари ҳудудидан ўтади.
Айни пайтгача бу ерда 47,5 минг куб метр тупроқ ишлари бажарилди. Режага кўра ушбу метро линиясида 35 бекат қурилади.
Улуғбек Асроров, ЎзА
Манба: ЎзА