Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Президент виртуал қабулхонасининг янги талқинида ҳар бир фойдаланувчига шахсий кабинет очиш имконияти тақдим этилади

2018-02-01 | Жамият

Аввалроқ, 1 февралдан Президент виртуал қабулхонаси дастурий тизимининг янги талқини ишга тушиши хабар қилинганди. Хўш, унда жисмоний ва юридик шахслар учун қандай янги қулайлик ва имкониятлар тақдим этилмоқда?

Фуқаро виртуал қабулхонада ўз шахсий кабинетини очиши мумкин
 
Президент виртуал қабулхонасининг янги талқинида мурожаатчи ўз хоҳишига кўра, шахсий кабинет очиши мумкин. Бунинг учун жисмоний шахс рўйхатдан ўтиш жараёнида фуқаролик паспортида кўрсатилган шахсий идентификация рақамини ҳам киритиши керак. Бу – мурожаат қилувчи учун идентификациялаш (электрон гувоҳнома) имконияти бўлиб, катта қулайлик яратади.
 
«Фуқароларнинг шахсий кабинети» модулидан кўзланган мақсад – фуқароларга виртуал қабулхона тизимида ишлашда максимал қулайлик яратиш, муайян шахснинг мурожаати билан боғлиқ барча ёзишмаларни бир жойда жамлашдан иборат.
 
Виртуал қабулхона тизимида фуқаролар киритган маълумотларда (исм-фамилия, туғилган йили, яшаш манзили ва ҳоказо) турли хатоликлар учраб турарди. Натижада, дейлик, айни бир шахс юборган бир нечта мурожаатлар тарихини ўзаро боғлиқликда ўрганишда қийинликларга дуч келинарди. Мурожаатчи билиб-билмай ўзи ҳақидаги маълумотларни киритишда хатога йўл қўйса, тизимда буни аниқлаш механизми мавжуд эмас эди.
 
Шу пайтгача ҳар бир мурожаатни топиш учун унинг рақами, мурожаатчининг тўлиқ исм-шарифи, манзили, мобиль телефон рақамини базага киритиб излаш керак эди. Мурожаатчи учун ўзининг барча мурожаатлари ҳаракатини бир жойда кўришнинг иложи йўқ эди. Мурожаатчилар эса бир масаладаги турли мурожаатлари ва уларга йўлланган жавобларни, одатда, қоғозга чоп этилган ҳолатда сақлайди. Буларнинг барчаси мурожаатчилар учун ҳам, мурожаатлар билан ишлашда ҳам ноқулайлик, ортиқча вақт ва куч сарфлашни тақозо қилиб келаётган эди.
 
Шу пайтгача мурожаатчилар янги мурожаат юборишда персонал маълумотларни такроран киритиши лозим эди. Энди мурожаатчи ўз шахсий кабинетига кириб, персонал маълумотларни бир марта киритса, бўлди – кейинги барча амалларни бажаришда шу маълумотлар тизимга автоматик юкланиб бораверади. Мурожаат юбориш учун ҳар сафар персонал маълумотларни янгидан киритишга зарурат қолмайди.
 
Ўз навбатида ариза, шикоят ва таклифларнинг фуқаролар шахсий паспорт маълумотлари билан тасдиқланиши мурожаатчилар шахсини аниқлаш ишончлилигини таъминлайди. Шахсий кабинет орқали шахснинг давлат органлари билан бўлиб ўтган барча ёзишмалари (барча мурожаатлар ва жавоб хатлари) бир жойда, қулай тартибда жамланади ва керакли мурожаат жавобини излаб топиш осонлашади.
 
Кўп бериладиган саволларга батафсил жавоблар
 
Виртуал қабулхонада «Кўп бериладиган саволлар» бўлими ташкил этилди. Бундан кўзланган асосий мақсад мурожаатчига ўзини қизиқтирган саволга расмий мурожаат қилмасдан ҳам жавоб олиш имкониятини яратишдан иборат.
 
Таҳлиллар фуқароларимиз томонидан муайян соҳа ёки мавзу юзасидан умумий характердаги ҳуқуқий ахборот ва ҳуқуқий маслаҳат олиш учун ҳам мурожаат юбориш ҳолатлари кўп эканини кўрсатмоқда. Улар керакли маълумотни олиш учун маълум муддат кутишига тўғри келган, давлат органлари эса айни бир мазмундаги жавоб талаб қилувчи кўп сонли мурожаатларга алоҳида жавоб юборишга мажбур бўлаётган эди.
 
Шу муносабат билан фуқаролар мурожаатларини таҳлил қилиш натижасида кўп берилган саволлар аниқлаб олиниб, уларнинг жавоблари оддий ва тушунарли тилда ифодаланиб, махсус бўлимда жамланди. Бунда уй-жой, ижтимоий ҳимоя, тадбиркорлик ва банк фаолияти, ишлаб чиқариш, сертификатлаш ва лицензиялаш, ветеринария хизматлари, солиқлар ва жарималар, ахборот технологиялари ва коммуникациялари, транспортга оид ва ҳуқуқий масалалар, таълим, фан ва маданият, меҳнат ва аҳоли бандлиги, шунингдек, жамият ҳаётининг бошқа турли масалаларига оид саволларга жавоблар мавжуд. Керакли саволга жавобни калит сўзлар ёрдамида излаб топиш имконияти ҳам яратилган.
 
Махсус статистика модули орқали қайси саволларнинг жавоби энг кўп ўқилганини таҳлил қилиш мумкин. Энг кўп танишиб чиқилган мавзу автоматик равишда юқори поғонага кўтарилиб бораверади.
 
Янги бўлим мурожаатчини қизиқтирган савол кўп бериладиган саволлар сирасига кирса ва унинг жавоби маълум бўлса, уни мурожаат йўлламасдан ҳам топиш имконини тақдим этиши билан аҳамиятлидир.
 
Янги талқиннинг бошқа қулайликлари тўғрисида кейинги хабарларимизда танишишингиз мумкин. 

Манба: ЎзА

Поделиться