Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Маданий мерос объектлари – доимий муҳофазада
2015-04-25 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасида «Маданий мерос иншоотларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш: назария ва амалиёт» мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Тадбирда депутатлар, вазирлик, қўмита, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, олимлар, мутахассислар, журналистлар иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Н.Умаров, Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Ш.Турсунбоев, Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш бош бошқармаси бошлиғи Р.Мансуров ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган маънавий-маърифий ислоҳотлар жараёнида тарихий-маданий меросимизни асраш, уларни келажак авлодларга асл ҳолича етказиш, дунё миқёсида кенг тарғиб этишга қаратилаётган доимий эътибор ўзликни англаш, навқирон авлодни тарихимизга эҳтиром руҳида тарбиялаш, жамият тараққиётини юксалтиришда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.
Мамлакатимизда маданий мерос объектларини муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий асослари мунтазам такомиллаштирилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, тегишли қонунлар ва қонуности ҳужжатлари бу борадаги ишларда муҳим дастуриламал бўлаётир. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг «Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги ҳамда «Археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги қонунларида бу борадаги ишларни ташкил этишнинг ҳуқуқий механизмлари аниқ белгилаб берилган.
Бугунги кунда юртимизда етти ярим мингдан ортиқ маданий мерос объекти рўйхатга олинган. Халқимизнинг бой ўтмишидан далолат берувчи ушбу археология ва меъморий ёдгорликлар, санъат асарлари, диққатга сазовор жойларни асл ҳолича асраш ва келгуси авлодларга етказиш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Мамлакатимизда қадимий шаҳарларимизнинг юбилейлари, буюк алломаларимизнинг таваллуд саналари кенг нишонланаётгани, тарихий обидаларимизни асраш, тиклаш, археологик илмий тадқиқотлар кўламини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар самарасида тарихий шаҳарларимизга келаётган сайёҳлар оқими тобора кўпаймоқда.
Маданий мерос объектларининг умрбоқийлигини таъминлашда ёш авлод қалбида аждодлар меросига эҳтиромни кучайтириш, уларни миллий маънавий меросимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш муҳим аҳамиятга эга. Таълим муассасаларида ёшларга бу борадаги қадриятлар махсус курслар, тарбиявий соатларда назарий билим билан бирга, тарихий обидаларга уюштирилаётган саёҳатлар, турли маънавий-маърифий тадбирлар орқали чуқур сингдирилмоқда.
Глобаллашув жараёни тобора чуқурлашаётган бугунги даврда бу борадаги ишларни янада кучайтириш, соҳанинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш долзарб вазифадир.
Анжуманда маданий меросни муҳофазалашга оид халқаро конвенциялар қоидаларини миллий қонунчиликка татбиқ этиш, маданий мерос объектларини тиклаш-таъмирлаш бўйича қабул қилинган Давлат дастурлари ижросини таъминлаш, маънавиятимизнинг ноёб дурдоналарининг қонунга хилоф равишда олиб чиқилиши ва олиб кирилиши устидан назоратни кучайтириш хусусида фикрлашилди. Депутатлар томонидан тегишли ташкилотларга бу борадаги вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича тегишли тавсиялар берилди.
Манба: ЎзА