Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Почта хизмати такомиллашмоқда
2015-04-25 | Сиёсат
Ўзбекистон Миллий матбуот марказида почта алоқаси миллий оператори – «Ўзбекистон почтаси» акциядорлик жамияти фаолиятининг асосий йўналишлари юзасидан матбуот анжумани ташкил этилди.
«Ўзбекистон почтаси» акциядорлик жамияти почта ва курьерлик жўнатмаларини тарқатиш ва етказиб бериш, пул ўтказмалари, давлат пенсия ва нафақаларини тўлаш учун мўлжалланган почта алоқаси ҳамда почта хизмати объектларининг кенг тармоғини ташкил этади. Шу боис соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва юқори малакали кадрлар тайёрлаш миллий оператор фаолиятининг муҳим йўналишидир.
«Ўзбекистон почтаси» акциядорлик жамияти бош директорининг биринчи ўринбосари Х.Тожибоеванинг сўзларига кўра, 2000 йилга қадар мамлакатимизда фақат битта олий ўқув юртида почта алоқаси учун мутахассислар тайёрланган бўлса, айни пайтда Тошкент ахборот технологиялари университети ва унинг ҳудудий филиаллари, шунингдек, 24 касб-ҳунар коллежида соҳа кадрлари тайёрланмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 19 июлдаги «Почта алоқаси соҳасидаги фаолиятни такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори бу борада муҳим омил бўлиб хизмат қилаётир.
Матбуот анжуманида «Ўзбекистон почтаси» бозор рақобати шароитида ходимлар малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратаётгани таъкидланди. Почта ходимлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий бизнес мактабининг Корпоратив бошқарув маркази, «Ўзбекистон почтаси» акциядорлик жамиятининг кадрлар малакасини ошириш маркази ва бошқа муассасаларда малака оширмоқда.
Шунингдек, почта алоқаси миллий оператори почта хизматлари сифатини ошириш, ўз филиаллари молиявий аҳволини мустаҳкамлаш, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш орқали почта алоқаси тармоқларини модернизация қилиш борасида ҳам изчил ишларни амалга оширмоқда. Масалан, компанияда «электрон пул ўтказмалари», «тўловларни қабул қилиш», «пенсия ва нафақалар тўланишини ҳисобга олиш», «рўйхатга олинадиган почта жўнатмаларини ўтказишни мониторинг қилиш» каби автоматлаштирилган тизимлар фаолият кўрсатмоқда. 2014 йилда Тошкент ахборот технологиялари университети билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган халқаро авиажўнатмалар йўналишлари режасини тузишнинг автоматлаштирилган тизими дастури ишга туширилди.
Почта алоқаси мутахассисларининг малакасини янада ошириш, касб-ҳунар коллежларининг 1,9 мингдан зиёд ва Тошкент ахборот технологиялари университетининг 890 битирувчисини почта алоқаси, иқтисодиёт, ахборот-коммуникация технологиялари, бухгалтерия, менежмент ва бошқа мутахассисликлар бўйича иш билан таъминлаш почта алоқаси миллий операторининг 2015-2019 йиллардаги устувор вазифалари ҳисобланади.
Матбуот анжуманида журналистларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарилди.
Манба: ЎзА