Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Қарши туманидаги “LT Textile International” хорижий корхонаси фаолияти билан танишди
2018-01-30 | Сиёсат
Қашқадарё вилоятида тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кўпайтириш, жараёнга хорижий инвесторларни кенг жалб қилиш, маҳсулотларни экспортга йўналтириш бўйича тизимли тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2017 йил Қарши туманида “LT Textile International” хорижий корхонаси, Қарши шаҳрида “Sulton Тeх Group” хусусий корхонаси ва бошқа ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилди.
Давлатимиз раҳбари Қарши тумани “Қоратепа” қишлоқ фуқаролар йиғинидаги Файзобод қишлоғида жойлашган “LT Textile International” хорижий корхонасида бўлди.
Президентимиз ўтган йил февраль ойида Қашқадарё вилоятига ташрифи доирасида ушбу корхонада амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишган, қурувчиларга ўз маслаҳат ва тавсияларини берган эди.
Хитойлик инвесторлар маблағи эвазига бунёд этилган мазкур корхонанинг биринчи босқичи 2017 йил июль ойида фойдаланишга топширилди. Бу ерга Германия ва Швейцариядан замонавий ва энергиятежамкор тўқимачилик асбоб-ускуналар келтириб ўрнатилди. 700 дан ортиқ иш ўрни яратилди. 60 нафарга яқин ёшлар Хитойда касб маҳоратини ошириб қайтди.
Корхонада пахта толаси қайта ишланиб, йилига 22 минг тонна ип-калава маҳсулоти ишлаб чиқариш имконияти мавжуд. Маҳсулотнинг асосий қисмини экспортга йўналтириш кўзда тутилган. Ўтган даврда 4 минг 600 тоннадан зиёд пахта толаси қайта ишланиб, 3,5 минг тоннадан зиёд ип-калава экспорт қилинди.
Президентимиз хорижий корхона фаолияти билан танишди, ишчи-ходимлар билан мулоқот қилди. Ўзбекистон иқтисодиёти ривожига ҳисса қўшадиган хорижлик инвесторларга барча шароит яратиб берилиши айтилди.
Бизнинг асосий мақсадимиз экспорт фаолиятини ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришдир, деди давлатимиз раҳбари.
Шу ерда Қашқадарё вилоятида тикув-трикотаж саноатини ривожлантириш дастури тақдим этилди.
Хусусан, “LT Textile International” масъулияти чекланган жамиятини ривожлантиришнинг II ва III босқичлари доирасида амалга ошириладиган ишлар лойиҳаси ҳақида маълумот берилди. 2019 йил иккинчи чорагида лойиҳа фойдаланишга топширилгач, ип-калава ва аралаш ип-газлама ҳажми оширилади, 650 та иш ўрни яратилади.
Қарши шаҳридаги “Sulton Teх Group” хусусий корхонасида енгил саноатни ривожлантириш бўйича режалаштирилган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди.
Манба: ЎзА