Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Президент ташрифидан сўнг Қашқадарёда қисқа муддатда кўплаб истиқболли лойиҳалар амалга оширилди
2018-01-26 | Иқтисодиёт
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 24-25 февраль кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида кўплаб истиқболли лойиҳалар билан танишиб, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан зарур топшириқлар берган эди.
Ўтган бир йилга яқин вақт мобайнида вилоят аҳолиси ҳаётининг ҳар бир куни янгиликларга бой бўлди. Барча соҳаларда аҳоли фаровонлигини янада юксалтиришга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, янги қувватларни ишга туширишни кўзда тутувчи кўплаб истиқболли лойиҳалар амалга оширилди, оширилмоқда. Бу эса минглаб иш ўринлари яратиш имконини бераётир.
Вилоятда 2017 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 17 триллион 366 миллиард сўмни ташкил этиб, 2016 йилга нисбатан 3,1 фоиз ўсишга эришилди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 6,4, капитал қўйилмалар ҳажми 23,5, пудрат ишлари 4, қишлоқ ҳўжалик маҳсулотлари етиштириш 8, бозор хизматлари 4,2 ва чакана савдо айланмаси 2 фоиз ўсиши таъминланди.
Кичик бизнеснинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 53,3, хизматлар улуши 34,6 фоизни ташкил этди. Бандлик дастури доирасида 71 минг 706 янги иш ўрни яратилди.
Вилоятни “2017-2018 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш” дастурига мувофиқ, 2017 йилда қиймати 2 триллион 193 миллиард сўмлик 2 минг 711, жумладан, саноатда 776 та, хизмат кўрсатишда 1 минг 115 та ва қишлоқ хўжалиги йўналишида 820 та лойиҳа амалга оширилди.
Президентимиз ўтган йилги ташрифи доирасида Қарши шаҳрида фаолият юритаётган “Qarshi leather” Ўзбекистон – Исроил – Хитой қўшма корхонаси лойиҳаси билан танишиб, қўшма корхона таъсисчилари ва хорижлик инвесторлар билан учрашган, ишлаб чиқаришни самарали ташкил этиш, ташқи бозорни ўрганиш ва экспорт географиясини мунтазам кенгайтириб бориш бўйича тавсиялар берди.
Айни пайтда корхонада ноозиқ-овқат саноатининг муҳим хомашёси саналган, жаҳон бозорида харидоргир бўлган тайёр чарм ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Ушбу лойиҳа юқори истиқболга эга эканини алоҳида таъкидлаш зарур. Боиси, чорвачилик вилоят қишлоқ хўжалигининг етакчи тармоғи саналади.
Маълумотларга кўра, ҳудудда йилига ўртача 1 миллион 200 минг донадан ортиқ тери йиғиб олиш имконияти мавжуд. Яъни ресурс сероб. Бироқ бу қимматбаҳо хомашёни қайта ишлаш йўлга қўйилмаган эди. Замонавий “Qarshi leather” корхонаси ишга туширилиши билан бу муаммо ўз ечимини топди.
– Умумий қиймати 14,5 миллион АҚШ долларига тенг ушбу лойиҳани 3 босқичда амалга ошириш мўлжалланган, – дейди қўшма корхона ижрочи директори Фарҳод Панжиев. – Аввалига терини қайта ишлаб, чарм тайёрлашни йўлга қўямиз. Корхонамизда йилига 750 минг йирик ва 900 минг майда мол терисига ишлов берилади. Ундан 250 миллион квадрат дециметр чарм олинади. Бунда Хитой технологиясидан фойдаланилади. Кейинги босқичда чармни бўяш цехи ишга туширилади. Ниҳоят пойабзал, чарм-атторлик буюмлари каби бир неча турдаги тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришга киришилади. Натижада корхонада 300 дан ортиқ иш ўрни яратилади.
Айтиш жоизки, юртимизда қулай ишбилармонлик муҳити яратилгани, чет эл инвесторларининг ҳуқуқ ва манфаатлари тўлиқ кафолатлангани мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи йўналишларига сармоя киритиш истагида бўлган хорижлик сармоядорлар сафи кенгайишига хизмат қилмоқда. Улар ҳеч бир иккиланишсиз муҳим лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишда бевосита иштирок этмоқда. Исроиллик ва хитойлик сармоядорлар томонидан “Qarshi leather” қўшма корхонасида терини қайта ишлаб, тайёр чарм ва чарм маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида қарийб 10 миллион доллар миқдорида инвестиция йўналтирилгани фикримиз тасдиғидир.
– Ишлаб чиқаришга замонавий технологияларни жалб этмай туриб, маҳсулотнинг рақобатбардошлиги ва экспортбоплигини таъминлаб бўлмайди, – дейди хитойлик технолог Ванг Мин. – Барча жадал ривожланаётган мамлакатларда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам бу жиҳатга устувор аҳамият қаратилмоқда. Умумий майдони 4,52 гектар бўлган ушбу корхона ҳудудида барпо этилган ишлаб чиқариш цехлари ҳам энергиятежамкор ва юқори самарали ускуналар билан жиҳозланаётгани бунга ёрқин мисолдир. Мазкур дастгоҳлар дунёнинг номдор фирмалари томонидан ишлаб чиқарилган. Эътиборлиси, цехларда барча жараёнлар компьютерлаштирилган. Табиийки, бундай юксак технологиялар билан ишлаш учун малакали кадрлар талаб этилади. Шу мақсадда келгусида корхона ишчиларидан бир гуруҳини хорижга ўқишга жўнатиш режалаштирилган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев вилоят марказидаги Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғи ҳудудида барпо этиладиган янги истироҳат боғи лойиҳаси билан танишиб, бу ерга ташриф буюрувчилар учун барча шароитларни яратиш, яшил майсазорларни кўпайтириш, турфа гул ва манзарали дарахтлар экиш бўйича зарур кўрсатмалар берган эди.
Ушбу боғнинг барпо этилиши учун лойиҳа ташаббускори – “Асинза-БЗ” масъулияти чекланган жамиятига ҳудуддан 5 гектар ер майдони ажратиб берилди. Қисқа муддатда бу ерда кенг кўламли қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, Хитойнинг “Zhengzhou Beston Amusement Equipment Co. Ltd.” компаниясида ишлаб чиқарилган 29 та замонавий аттракцион келтириб ўрнатилди. Айни пайтда мураккаб конструкцияга эга яна бир нечта замонавий аттракционлар келтириш мўлжалланган.
– Албатта, бу ерга ташриф буюрган киши барча чарчоқларни унутиб, том маънода маданий ҳордиқ чиқариши, кайфияти кўтарилиши учун аттракционларнинг ўзи етарли бўлмайди, – дейди янги истироҳат боғи директори Алишер Анваров. – Боғ, аввало, кишига эстетик завқ бағишлаши, тасаввурини янада бойитиши лозим. Лойиҳани амалга оширишда ана шу жиҳатга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бунинг учун боғнинг умумий кўринишини яхлит композиция асосида яратишга ҳаракат қилинди. Аттракционлар билан бирга 12 хил кўринишдаги майдончалар, зиналар, кичик бинолар қурилди. Афсонавий эртак қаҳрамонлари ҳайкаллари акс эттирилди. Турфа гул ва манзарали дарахт ниҳоллари экилмоқда.
Дарҳақиқат, боғнинг барпо этилишига ижодкорона ёндашилгани бу ерга келишингизданоқ сезилади. Халқ амалий санъати намуналарига таяниб яратилган дарвоза ва унинг икки устуни тепасига ўрнатилган фаришта тимсоли бўлган оқ либосли қиз ҳамда орзу-умидлар тимсоли – қанотини ёйганча парвозга шайланаётган оппоқ учқур от кишини ҳақиқий мўъжизалар маконига чорлаётгандек бўлади. Дастлаб, сизни буюк аждодимиз – бобурий шаҳзода Шоҳ Жаҳон томонидан Ҳиндистоннинг Агра шаҳрида барпо этилган ва дунёнинг етти мўъжизасидан бири “Тож маҳал” меъморий ёдгорлиги қарши олади. Унинг ёнида эса шаҳд билан қадам ташлаётган фил ҳайкали. “Кичик Тож маҳал” деворига ёзилган битик ҳам кўпчиликнинг эътиборини тортади. Унда Ҳиндистондаги ушбу обиданинг барпо этилиши, унинг ўзига хос жиҳатлари, қурилишда иштирок этган бухоролик усталар ҳақида маълумотлар келтирилган.
– Боғ ҳудудидаги кўкаламзорлаштириш ишлари хўжалигимиз томонидан амалга оширилди, – дейди Косон туманидаги “Саидов Арал” деҳқон хўжалиги раҳбари Арал Саидов. – Истироҳат боғи ўз номи билан одамлар сайр қиладиган, мароқли ҳордиқ чиқарадиган баҳаво гўша бўлиши лозим. Боғни кўкаламзорлаштиришда ана шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди. Боғ ҳудудидаги яшил майсалар кайфиятингизни кўтарса, йўлаклар гирдига экилган турли мавсумий ва кўп йиллик манзарали гул ва дарахтлар ифори дилингизни яйратади.
Албатта, бу ишларнинг барчаси аввало, боққа келувчиларнинг мароқли дам олишига қаратилган. Ташриф буюрувчилар текис ва чиройли йўлаклар бўйлаб боғ ҳудудини айланиши, замонавий мусиқали фавворалар атрофида ўтириб ҳордиқ чиқариши, атрофдаги гўзалликдан баҳра олиши учун барча шароит яратилган.
Яна бир муҳим жиҳати, аттракционларни ўрнатишда бу ерга келувчиларнинг турли ёшда бўлиши ҳам инобатга олинган. Масалан, 40 метрдан зиёд баландликка кўтарилиб, ҳавода айланадиган арғимчоқ асосан 14 ёшдан катталарга мўлжалланган, 30 метр баландликка кўтариладиган чархпалакка барча ёшдаги кишилар чиқиб, шаҳар манзарасини тепадан томоша қилиши мумкин.
Қорабайир зотли отлар мустаҳкам гавда тузилишига эга. Қорабайир отларининг хулқи ювош ва серҳаракат, бизнинг яйлов шароитимизга яхши мослашган. Бу зотли отларда асосан тўриқ, жийрон, кўк, қора туслар кўп учрайди. Ана шу тарихий отларнинг довруғини тиклаш, айниқса, зотдор қорабайир отларини кўпайтириш, шу асосда юртимизда йилқичилик ва от спортини ривожлантиришга устувор аҳамият қаратилмоқда.
Ўша ташриф чоғида Президентимиз Яккабоғ туманида ташкил этиладиган қорабайир йилқичилик мажмуаси лойиҳаси билан ҳам танишиб, тегишли кўрсатмалар берган эди. Бугунги кунда мажмуада 200 дан ортиқ зотдор отлар парваришланмоқда.
– Биздаги отларнинг аксарияти қорабайир зотига мансубдир, – дейди “Яккабоғ Қорабайири” масъулияти чекланган жамияти раиси Маҳматқул Қудратов. – Уларни маҳаллий отлар орасидан саралаб олганмиз. Масалан, баъзи отлар чопқирлиги билан ажралиб туради. Бундай отлар пойга мусобақаларида тенгсиз ҳисобланади. Улоқчи отлар эса чопқирлик билан бирга, кучлилик, чидамлилик, тўдани ёриб кира олиш фазилатларига ҳам эга бўлиши лозим. От спортининг бошқа турлари бўйича ҳам отлар алоҳида сифатларига қараб танлаб олинган. Отлардаги бу жиҳатларни янада ўстириш, уларнинг имкониятларини ошириш учун доимий тарбия, эътибор зарур. Бу катта меҳнат, машаққат талаб этади. Хўжаликда наслчиликни сақлаш ва ривожлантириш, қорабайир зотли отларни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Маълумки, Қашқадарё воҳаси азалдан ўзининг миллий ўйинлари, хусусан, улоқ-кўпкариси билан машҳур. Бу ердан етишиб чиққан қанчадан-қанча полвонларнинг довруғи нафақат юртимиз, балки қўшни мамлакатларга ҳам ёйилган. Вилоятимиз чопоғонлари от танлаш, уни парваришлаш бобида ҳам ўз мактабига эга. Шундай отларимиз борки, уларни мамлакатимизнинг барча ҳудудларида билишади, бу отлар иштирок этадиган кўпкарига томошабин ёпирилиб келади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 15 июндаги “Ўзбекистон Республикасида йилқичилик ва от спортини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори соҳа ривожида муҳим дастуриламал бўлаётир.
Ушбу ҳужжатда мамлакатимизда зотдор отларни кўпайтириш, от спортини ривожлантиришга "Ўзбекнефтгаз" акциядорлик жамияти ва Қашқадарё вилояти ҳокимлигининг Қорабайир зотли отларни кўпайтириш ва парваришлаш бўйича замонавий талабларга жавоб берадиган мажмуасини қуриш ва 2018 йил 1 январига қадар фойдаланишга топшириш белгиланган эди.
Зотдор отларни боқиш, тарбиялаш ва от спорти мусобақаларини ўтказишга мўлжалланган ушбу йирик мажмуа Яккабоғ туманида барпо этилди. Лойиҳага кўра, 5,7 гектар майдонни эгаллаган замонавий мажмуада турли мусобақалар ўтказиш мумкин. Хусусан, от спорти мусобақаларини ўтказишга мўлжаллаб барпо этилган иккита очиқ ва ёпиқ майдон қишин-ёзин бирдек мусобақалар ўтказиш, машғулотлар олиб бориш имконини беради.
Ўйингоҳлар ёнида эса ҳар бирига 50 тадан от сиғадиган 4 отхона барпо этилди. Уларда 100 спорт оти парваришланса, яна 100 бош ёш от доимий равишда тарбияланиб, келгуси спорт мусобақаларига тайёрлаб борилади. Шунингдек, бу ерда доимий спорт мусобақалари ўтказилиши, хорижий давлатлардан ҳам спортчилар, меҳмонлар ташриф буюриши инобатга олиниб, мажмуа атрофини ободонлаштириш, янги уй-жойлар, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, меҳмонхоналар барпо этиш кўзда тутилган.
Мухтасар айтганда, Президентимизнинг 2017 йилги ташрифидан буён ўтган қисқа вақтда вилоятда амалга оширилган ишлар, рўй берган ўзгаришлар ва амалиётга татбиқ этилаётган истиқболли лойиҳалар мамлакатимиз иқтисодиётининг барқарор ривожланиши, халқимиз турмушининг янада фаровон бўлишига хизмат қилмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА
Манба: ЎзА