Тошкент шаҳар ҳокимлигида Президентимиз Шавкат Мирзиёев фармони билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган юртдошларимизга фуқаролик паспортларини топшириш маросими бўлиб ўтди.
2016 йил декабрь ойидан буён Тошкент шаҳрида яшаётган юртдошларимиздан 400 нафарга яқини Ўзбекистон фуқароси бўлди.
Машҳура Парманқулова Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида туғилган. Тошкентга келин бўлиб тушган. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигида мутахассис бўлиб ишлайди.
– Ота-онам билан Тошкентга тез-тез келиб турардик. Тошкентнинг сўлим боғларини, хиёбонларни кезиш, метрода сайр қилиш, меҳмондўст одамлар билан суҳбатлашиш менга олам-олам завқ бағишларди, – дейди М.Парманқулова. – Худога шукр, аҳил оилам, фарзандларим бор. Ўзбекистонда бахтиёр яшаяпмиз. Бугун янада бахтлиман. Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилиндим. Кўнглимдаги кемтик тўлди. Бунинг учун Президентимизга минг раҳмат.
Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги қонуни кучга кирган вақтда тақдир тақозоси билан мамлакат ташқарисида бўлган юртдошларимиз, шунингдек, бошқа мамлакатларда туғилиб, тақдирини Ўзбекистон билан боғлаган, шу азиз Ватанимиз тараққий этиши ва гуллаб-яшнаши учун муносиб ҳисса қўшиб келаётган шахсларга мамлакатимиз фуқаролиги берилиши улар ҳаётини янги мазмун билан бойитиб, қувончга тўлдирди.
Бугун Ўзбекистон фуқароси, деган шарафга эга бўлган юртдошларимиз дилида бир тилак: Юртбошимиз омон, халқимиз турмуши фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган ишларимиз бардавом, баракали бўлсин.
Улуғбек Асроров, Аъло Абдуллаев (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА