Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Мактабларда энди ўқувчиларнинг ўзи китобхонликни тарғиб қилади
2018-01-25 | Таълим
Халқ таълими вазирлиги томонидан ўқувчилар орасида китобхонликни тарғиб қилиш мақсадида янги лойиҳа бошланди.
Унга кўра умумтаълим мактабларида “Тарғиботчи китобхон ўқувчи” номинацияси жорий этилиб, у тенгдошлари орасида китобхонликни тарғиб қилади.
Мактабнинг “Тарғиботчи китобхон ўқувчи”си таълим муассасасининг 7-10 синф ўқувчилари орасидан очиқ овоз бериш йўли билан танлаб олинади ва у мактаб кутубхоначиси ва етакчиси билан биргаликда ўз фаолиятини олиб боради.
“Тарғиботчи китобхон ўқувчи” учун мактаб кутубхонасида алоҳида жой ажратиб берилади, у “Китобхонлар клуби” ни ташкил этади ва юритади. Қолаверса, ўқувчилар орасида китоб мутолаасига нисбатан меҳр уйғотиш ва уни рағбатлантириш мақсадида мактаб маъмурияти ёрдамида турли маърифий тадбирлар, учрашувлар, акция ва танловлар ўтказади.
Шунингдек, “Тарғиботчи китобхон ўқувчи” китобхонлик тарғиботига муносиб ҳисса қўшган ва ўрнак кўрсатган фаол китобхон ўқувчи ва ўқитувичларни моддий ва маънавий рағбатлантириш учун таълим муассасаси раҳбариятига тавсия қилади, мавжуд муаммоларни ҳал қилиш бўйича тавсиялар беради. Вазирлик томонидан тизимдаги барча таълим муассасалари раҳбарларига “Тарғиботчи китобхон ўқувчи”ларга яқиндан ёрдам кўрсатиш ва шахсий намуна кўрсатиш қатъий тавсия этилган.
Ўқув йили якунида республика миқёсида энг фаол китобхон трағиботчилар аниқланиб, тақдирланади ҳамда тегишли ташкилотларга тақдирлаш учун тавсия қиланади.
Шу ўринда, вазирлик кенг жамоатчиликдан китобхонлик тарғиботида фаол иштирок этишни ва фарзандлари таълим оладиган мактабларда бу жараёнларнинг ташкил этилишини кузатиб бориш ҳамда китоб мутолаасида шахсий намуна кўрсатишни сўраб қолади.
Қуйида “Тарғиботчи китобхон ўқувчи” номинациясини ташкил этиш тартиби билан танишишингиз мумкин.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги