Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва Грузия ўртасида сайёҳлар алмашинуви йўлга қўйилиши мумкин
2018-01-23 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатасида Грузия парламенти раиси Ираклий Кобахидзе бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Н.Йўлдошев билан суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Грузия ўртасида ўзаро ишонч ҳамда манфаатдорликка асосланган муносабатлар қарор топгани қайд этилди. Парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш орқали мамлакатларимизнинг савдо-иқтисодий, инвестициявий, туризм ва транспорт-логистика, транзит йўлакларини шакллантириш соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари ҳақида сўз юритилди.
Ўзбекистон билан Грузия ўртасидаги турли соҳалардаги муносабатлар Дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома асосида тараққий этмоқда. “Ўзбекистон – Грузия” дўстлик жамияти халқларимизнинг дўстона ва маданий алоқаларини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшаётир. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 20 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида Грузия Бош вазири Георгий Квирикашвили билан учрашуви, шунингдек, парламентлар даражасидаги икки томонлама ташрифларнинг фаоллашгани сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик ривожига янгича руҳ бағишлади.
– Дўстона алоқаларимиз парламентлараро доирада тараққий этаётганидан ғоят мамнунмиз, – деди И.Кобахидзе. – Бу келгусида мамлакатларимиз ўртасидаги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш учун замин яратади. Бугунги ташрифимиз ҳамкорлик алоқаларини янада тараққий эттиришга хизмат қилишига ишонаман.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов билан учрашувда Ўзбекистон ва Грузия парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлашга хизмат қиладиган тадбирларни ташкил этиш, қонун ижодкорлиги бўйича тажриба алмашишга доир масалалар муҳокама этилди.
Грузия делегацияси аъзолари мамлакатимиз Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, қўмиталар, фракциялар ва депутатлик гуруҳлари фаолияти, парламентлараро ҳамкорлик доирасида ташкил этилган дўстлик гуруҳлари билан яқиндан танишди.
Меҳмонларга Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, Ўзбекистон Экологик ҳаракати, сиёсий партиялар фаолияти тўғрисида маълумот берилди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси билан Грузия парламенти ўртасида Парламентлараро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.
Шу куни Грузия парламенти вакиллари Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасида ҳам музокара ўтказди.
Ўзбекистон ўзининг бой тарихи, маданиятию ранг-баранг урф-одатлари, бетакрор табиати билан асрлар давомида сайёҳларни жалб этиб келаётгани таъкидланди. Меҳмонлар мамлакатимизда туризмни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳолади.
Музокараларда туризмни янада ривожлантириш мақсадида сайёҳлар алмашинувини йўлга қўйиш, уй-меҳмонхона тизими фаолиятини кенгайтириш, сайёҳларга сифатли туристик хизматлар кўрсатиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Грузия парламенти раиси И.Кобахидзе бошчилигидаги делегация Мустақиллик майдонига ташриф буюрди. Ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйди.
Манба: ЎзА