Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ёғ-мой тармоғини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида

2018-01-19 | Ҳужжатлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш ва кенг турдаги ёғ-мой маҳсулотлари ишлаб чиқарилишини кенгайтириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, мазкур тармоқдаги мавжуд тизимли муаммоларга барҳам бериш бозорни сифатли, хавфсиз, арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш ва бутун мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг энг муҳим шарти ҳисобланади. 

Шу билан бирга, хом ашё базасининг чекланганлиги, жумладан муқобил ёғ олинадиган экинлардан етарлича фойдаланмаслик ёғ-мой корхоналарининг мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини тўлиқ ишга солишни таъминлаш ва бозорнинг сифатли ёғ-мой маҳсулотларига бўлган талабини қаноатлантириш имконини бермайди. 

Ёғ-мой корхоналарида замонавий технологияларнинг паст даражада жорий этилганлиги ишлаб чиқариш фаолиятини лозим даражада назорат қилиш ва ҳисобини юритишга тўсқинлик қилмоқда, хом ашё ва тайёр маҳсулотларни талон-торож қилиш ҳолатларига, шунингдек, бошқа суиистеъмолчиликларга олиб келмоқда. 

Хом ашё ресурслари ва тайёр ёғ-мой маҳсулотларини тақсимлашнинг самарасиз ва замонавий бозор принципларига жавоб бермайдиган механизми кўп сонли чайқовчилик бўғинлари ва бозорда сунъий тақчиллик юзага келишига ҳамда оқибатда ёғ-мой маҳсулотлари нархининг асоссиз ўсишига олиб келмоқда. 

Ёғ-мой тармоғини замонавий бозор механизмларини кенг жорий этиш асосида жадал ривожлантиришни таъминлаш ва ёғ-мой саноатини бошқариш тизимини такомиллаштириш мақсадида, шунингдек, 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепцияси вазифаларига мувофиқ: 

1. Қуйидагилар: 

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан ёғ-мой маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сотиш тизимларини ўрганиш натижалари; 

“Ўзпахтасаноатэкспорт” ХКга тегишли бўлган “Ўзпахтаёғ” АЖ устав капиталидаги улуш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 ноябрдаги “Пахтачилик тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–3408-сон қарорига мувофиқ давлат мулкига номинал қиймат бўйича ўтказилганлиги маълумот учун қабул қилинсин. 

2. Ёғ-мой маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг ресурс базасини кенгайтириш, ёғ-мой корхоналаридаги асбоб-ускуналарни модернизация қилиш, уларни ишлаб чиқариш жараёнини назорат қилиш ва ҳисобини юритишнинг замонавий тизимлари билан жиҳозлашни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси ёғ-мой тармоғини жадал ривожлантириш бўйича “йўл харитаси” иловага мувофиқ тасдиқлансин. 

3. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлигининг: 

шрот ва шелухани сотиш бўйича “Озуқа ем таъминоти” МЧЖ корхоналарини тугатиш; 

кейинчалик саноатда қайта ишлаш учун мўлжалланган экстрактли пахта ёғи биржа савдолари орқали фақат “Ўзпахтаёғ” АЖ корхоналарига сотилиши ҳақидаги тартибни белгилаш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин. 

4. 2019 йил 1 январга қадар муддатга ўсимлик ёғини ишлаб чиқарувчилар импорт ёғ-мой хом ашёси асосида ишлаб чиқарилган ҳажмлар бўйича қўшилган қиймат солиғи тўлашдан озод қилинсин. 

5. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Иқтисодиёт вазирлиги ва “Ўздонмаҳсулот” АЖ билан биргаликда икки ой муддатда омухта ем ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича, жумладан: 

омухта ем ишлаб чиқариш юзасидан амалдаги қувватларни инвентаризациядан ўтказиш; 

омухта ем ишлаб чиқариш учун бозордаги эҳтиёж ва мамлакатда мавжуд бўлган ресурс базасини ўрганиш; 

чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик секторлари бўйича омухта ем тайёрлашнинг илмий асослантирилган рецептураларини ишлаб чиқиш; 

маккажўхори ва бошқа бошоқли дон экинларидан, шунингдек, ёғ-мой, ун маҳсулотлари, спирт ва пиво ишлаб чиқаришдаги чиқиндилардан омухта емнинг замонавий саноат ишлаб чиқаришини ташкил этишни назарда тутувчи ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин. 

6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги бир ой муддатда: 

чигитни қайта ишловчи ёғ-мой корхоналарини чигитни юклаш, қабул қилиш, сақлаш ва қайта ишлаш жараёнини реал вақт режимида кузатиш, жумладан хом ашё, ярим тайёр ва тайёр маҳсулотларни ўлчаш ва ҳисобини юритиш имконини берувчи автоматлаштирилган тизимлар билан; 

чигит, пахта ёғи, шрот ва шелухани ташийдиган юк автомашиналарининг ҳаракатланишини реал вақт режимида мониторинг қилиб бориш учун уларни замонавий GPS трекерлар билан жиҳозлаш бўйича чоралар кўрсин. 

7. “Ўзпахтаёғ” АЖ Тошкент шаҳар, Шота Руставели кўчаси, 8-уй манзили бўйича жойлаштирилсин. 

8. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин. 

9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари З.Т.Мирзаев, Н.С.Отажонов ва С.Р.Холмуродов зиммасига юклансин. 




Ўзбекистон Республикаси Президенти                                       Ш.МИРЗИЁЕВ 

Тошкент шаҳри, 2018 йил 19 январь 

Манба: ЎзА

Поделиться