Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Терроризмга қарши курашда саъй-ҳаракатларни бирлаштириш йўлида

2015-04-23 | Жамият

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академиясида "Терроризмга трансмиллий таҳдид сифатида қарши кураш: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт" мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Тадбир "Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академиясида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари учун кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга кўмаклашиш" лойиҳаси доирасида ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчи офиси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Конференцияда миллий экспертлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари, БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси, ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси, МДҲнинг Аксилтеррор маркази, ЕХҲТ Котибияти мутахассислари маъруза қилди.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ академияси бошлиғи Шавкат Икромов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Фаррух Дадахўжаев, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси Дьердь Сабо ва бошқалар мазкур конференция халқаро ташкилотлар даражасида самарали ҳамкорлик воситаларидан бири сифатида хизмат қилишини таъкидлади.

Анжуман қатнашчилари халқаро террорчилик тузилмалари фаолиятининг сўнгги вақтда дунёнинг деярли барча минтақаларида, жумладан, Яқин Шарқ давлатларида кузатилаётган янги кўринишларини таҳлил қилди. Ўзбекистон Республикаси истиқлолнинг дастлабки йилларидан терроризм ва экстремизмга қарши курашиш масаласида мустаҳкам позициясига эга бўлиб, тинчлик ҳамда барқарорликни таъминлашда ўз ўрнини мустаҳкамлаб, янада кучайтираётгани алоҳида таъкидланди.

Президентимиз Ислом Каримов БМТ, ЕХҲТ, ШҲТ, МДҲ ва бошқа халқаро ҳамда минтақавий ташкилотлар минбарларида сўзлаган нутқларида терроризм ва диний экстремизмга қарши курашишда дунё миқёсида ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини бир неча бор таъкидлаган эди. Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг 1999 йил ноябрь ойида бўлиб ўтган Истанбул саммитида давлатимиз раҳбари БМТ тузилмаларида терроризмга қарши кураш бўйича халқаро марказ ташкил этиш ғоясини илгари сурди. Бу ташаббус халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланди ва 2001 йилда БМТ Хавфсизлик кенгаши ҳузурида терроризмга қарши кураш қўмитасининг ташкил этилиши бу ғоянинг амалий натижаси бўлди.

– Ўзбекистон глобал ва минтақавий даражада илгари сураётган ташаббуслар терроризмга қарши курашда муҳим аҳамият касб этмоқда, – деди БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси раҳбари Ашита Миттал. – Ўзбекистон БМТ Хавфсизлик кенгаши томонидан терроризм ва диний экстремизмга қарши курашиш доирасида қабул қилинган 14 халқаро конвенция ва протоколни ратификация қилди. Мамлакатингиз ушбу ҳужжатларга қўшилиб ва уларнинг асосий қоидаларини миллий қонунчиликка имплементация қилишдан ташқари, уларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича давлат ҳамда жамоат тузилмаларини ташкил қилди. Ёш авлодни тинчликпарварлик ва бағрикенглик руҳида тарбиялаш орқали терроризмнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар алоҳида эътиборга сазовордир. Бу борада маҳалла институти муҳим ўрин тутмоқда.

Тадбирда Ўзбекистонда миллий хавфсизликни таъминлаш учун терроризмга қарши курашишда Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси, "Терроризмга қарши кураш тўғрисида", "Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида"ги қонунлар ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлардан иборат жиддий қонунчилик базаси шакллантирилгани ҳақида сўз юритилди.

Масалан, 2000 йилда қабул қилиниб, кейинчалик такомиллаштирилган "Терроризмга қарши кураш тўғрисида"ги қонунда мамлакатимизда терроризмга қарши курашиш чораларини амалга оширадиган давлат органлари ва уларнинг хавфсизлик ҳамда барқарорликни таъминлаш бўйича ваколатлари белгиланган. Бундан ташқари, мазкур ҳужжатда террорчиликка қарши операциялар ўтказиш, террорчилик ҳаракати оқибатида етказилган зарарни қоплаш ва жабрланган шахсларнинг ижтимоий реабилитацияси, терроризмга қарши курашда иштирок этган шахсларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимояси масалаларига катта эътибор қаратилган.

Экстремизм ва терроризмга қарши кураш стратегиясини амалга оширишда ҳамкорлик принципига риоя этаётган мамлакатимиз манфаатдор барча давлатлар билан узоқ муддатли муносабатлар ўрнатишга интилмоқда. Ҳар қандай кўринишдаги терроризм ва экстремизм кўплаб мамлакатлар ва уларнинг фуқаролари хавфсизлигига таҳдид солаётгани боис уларга катта сиёсий, иқтисодий ҳамда маънавий зарар етказмоқда.

– ШҲТ ва унинг тузилмалари таъсисчиларидан бири бўлган Ўзбекистон ташкилотни ривожлантириш стратегиясини белгилаш ҳамда амалга оширишда фаол иштирок этмоқда, – деди ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директорининг ўринбосари Виталий Буров. – ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси 2004 йилда расман очилганидан буён ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари мутахассисларининг саъй-ҳаракатлари ва ҳамкорлигини бирлаштириш учун амалий восита ва платформага айланди.

Тадбир давомида терроризмга қарши курашишнинг халқаро-ҳуқуқ асослари, террорчиликка қарши кучларнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш ва саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштиришга тааллуқли масалалар ҳам муҳокама этилди.

Мазкур халқаро илмий-амалий конференция амалий мулоқот ва фикр алмашиш учун ўзига хос платформа бўлди. ЕХҲТ Котибиятининг Трансмиллий таҳдидларга қарши курашиш департаменти директори Алексей Лиженковнинг таъкидлашича, конференция нафақат илмий, балки амалий хусусиятга ҳам эгадир. Негаки, анжуман минтақавий ва халқаро ташкилотлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ҳамкорлигининг янги қирраларини очиб берди.

Манба: ЎзА

Поделиться