Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Маҳалла фуқаролар йиғинлари маҳалла марказлари лойиҳасининг тақдимоти ўтказилди

2018-01-16 | Жамият

Ургут туманида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши ташаббуси билан сайёр семинар ўтказилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида баён этилган танқидий фикрлар, илгари сурилган ғоя ва ташаббуслар асосида маҳалла фуқаролар йиғинлари олдида турган вазифаларни белгилаб олиш, ўзаро тажриба алмашиш мақсадида ташкил этилган тадбирда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман, шаҳар бўлимлари раислари, ҳокимларнинг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, бир қатор давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари қатнашди.

Вилоят маҳаллалар кенгаши раисининг биринчи ўринбосари М.Бобоёров вилоят маҳаллаларида кейинги бир йил давомида амалга оширилган ишлар ҳамда кенгашнинг яқинда ўтказилган йиғилишида жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг амалий тадбирларига кенг жамоатчиликни жалб қилиш мақсадида “Маслакдош, елкадош, рақобатдош”, “Маҳалла куни”, “Очиқ ҳисобот дарслари”, “Китоб тақдимотлари”, “Малака” каби лойиҳа дастурларини инновацион ёндашув сифатида вилоят бўйича амалиётга кенг жорий қилишга киришилгани ҳақида маълумот берди.

Ургут тумани ҳокими ўринбосари И.Жабборов туманда тадбиркор ва ҳомийлар кўмаги, аҳолининг бевосита иштирокида замонавий маҳалла марказлари қуриш тажрибаси ҳақида гапириб берди. 2017 йилда Ургутда 10 та фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ана шу ташаббус бўйича янги бинога эга бўлгани қайд этилди. Ўз навбатида, 2018 йилда қурилиши режалаштирилган Сўфиён, Чорчинор, Fўслик, Қолдувойжар, Ўроқбойжар, Аълохотин, Ўзбекистон, Қуйигузар маҳалла фуқаролар йиғинлари маҳалла марказлари лойиҳалари тақдимотлари ўтказилди.

Шундан сўнг семинар сайёр ўқув тарзида давом этиб, вилоят кенгаши томонидан ҳаётга татбиқ этилаётган лойиҳалар маҳаллалар мисолида ўрганилди.

Жумладан, Сатанг маҳалла фуқаролар йиғинида “Маслакдош, елкадош, рақобатдош” лойиҳасининг муҳим таркибий қисми ҳисобланган профилактика инспекторининг маҳалла фуқаролар йиғинига ҳисобот бериш жараёни кузатилди. Профилактика инспектори А.Маҳмудов ҳудудда ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш, нотинч оилалар билан ишлаш, вояга етмаганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мактабдаги давомат ва бошқа масалалар ҳақида ахборот берди. Олиб борилаётган профилактик ишларга қарамай, 2017 йилда маҳалла ҳудудида бешта жиноят содир этилган. Маҳалла ҳудудига видеокузатув мосламалари ўрнатиш ишлари эса ҳали бошланмаган.

Ҳисобот бўйича маҳалла фуқаролар йиғини, вилоят ва туман ички ишлар идоралари масъул ходимлари муносабат билдириб, инспектор фаолияти қониқарли эмас деб топилди ва А.Маҳмудов ушбу вазифадан озод этилди.

Семинар қатнашчилари Жарқишлоқ маҳалла фуқаролар йиғинида “Маҳалла куни” лойиҳаси доирасидаги патронаж хизмати фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Чумчуқли маҳалласидаги 64-умумий ўрта таълим мактаби мисолида мактаб-маҳалла-оила ҳамкорлигининг қай даражада йўлга қўйилгани, дарсдан ташқари тўгараклар фаолияти ўрганилди.

– Вилоят маҳаллалар кенгаши ташаббуси билан халқ таълими бошқармаси ҳамкорлигида таълим муассасаларида ҳар ўқув чорагида камида бир марта ота-оналар иштирокида “Очиқ ҳисобот дарслари” ўтказилиши ташаббусини қўллаб-қувватлаймиз, – дейди 64-умумий ўрта таълим мактаби директори Ислом Пўлатов. – “Сифатсиз дарс – келажакка хиёнат” шиори остидаги бу тадбирлар аввало, ўқитувчи ва ота-оналар ҳамкорлигини мустаҳкамлайди, ўқувчилар давоматини яхшилаш, ўқитувчи ва мураббийларнинг малакасини оширишга ёрдам беради. Бугун мактабимизда илк бор ушбу тадбир ўтказилиб, маҳалла фуқаролар йиғини, профилактика инспектори ва она-оналар иштирокида иккинчи ўқув чораги якунларини таҳлил этдик. Ота-оналар  фарзандларининг синф раҳбарлари билан фикрлашиб олди.

Дарвоқе, вилоятдаги таълим муассасаларида ойнинг охирги шанба куни “Китоб тақдимотлари куни” деб белгиланди.

Семинар иштирокчилари тумандаги Еттиуйлик маҳалласи мисолида доимий иш билан банд бўлмаган аҳолини вақтинчалик ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиш борасида тўпланган тажриба ва унинг самараси билан танишдилар.

Жорий йилнинг биринчи ярмида мазкур тартиб асосида вилоятдаги 1089 маҳалла фуқаролар йиғинининг ҳар бирида камида беш нафардан фуқарони иш билан таъминлаш режалаштирилган. Бу маҳаллалардаги кам таъминланган оилалар шароитини яхшилаш, мутахассислиги ёки касб-ҳунари бўлмаган юзлаб кишиларнинг иш ўрнига эга бўлишига хизмат қилади.

“Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да вилоят маҳаллалар кенгаши томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар маҳаллани халқнинг чинакам маслакдоши ва кўмакчисига айлантиришга, кучли фуқаролик жамиятини қарор топтиришга хизмат қилади. Семинар бу жараён бошлангани ҳақидаги бонг бўлди.

Манба: Самарқанд вилояти ҳокимлиги

Поделиться