Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Энергия ресурсларидан қарзини ўз вақтида тўламаган 10 минг 631 истеъмолчи тармоқдан узиб қўйилди

2018-01-16 | Жамият

Жиззах вилоятида 2017 йилнинг иккинчи ярмида аҳолидан энергия ресурслари учун жами 239 миллиард сўм тўлов ундирилди. Бу 2016 йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 100 миллиард сўм кўп. 

Президентимизнинг 2017 йил 29 майдаги “Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида ташкил этилган Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси туман ва шаҳар бўлимлари истеъмол қилинган энергия ресурси тўловидаги камчиликларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Мазкур янги тузилма иш бошлагандан буён ўтган қисқа вақтда вилоятда 1 минг 600 дан зиёд ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланиб, айбдорларга нисбатан қонуний чора кўрилди. 

Бюро томонидан энергия таъминотидаги қарздорликни ўрганиш ва ундириш давомида унинг сабаблари ҳам аниқланмоқда. Текширишлар сарфланган электр энергияси, табиий газдан қарздорликнинг ошишига фақат истеъмолчининг тўловни ўз вақтида тўламаслигидан ташқари, энергия таъминоти идораларидаги ҳисоб-китоб тўғри йўлга қўйилмагани, айрим раҳбарларнинг масъулиятсизлиги, хизмат ваколатини суиистеъмол қилиши ҳам сабаб бўлаётганини кўрсатмоқда. Мажбурий ижро бюроси томонидан қарзларни ундириш бўйича олиб борилаётган амалий тадбирлар давомида бундай қонунбузилишлар ўрганилиб, тегишли тартибда чора кўрилмоқда. 

Масалан, Мажбурий ижро бюроси Зомин тумани бўлими томонидан туман электр таъминоти корхонасида ўтказилган текшириш давомида қарздорликни яшириш орқали жиддий қонунбузарликка йўл қўйилгани аниқланди. 2017 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, истеъмолчиларнинг электр энергиясидан қарздорлиги 19 миллиард сўмдан ортиқни ташкил этган. Аммо корхонанинг мансабдор шахслари электр энергияси ҳисоб-китобини тартибга солувчи дастурга бу қарздорликни 14 миллиард сўмдан сал ортиқ қилиб киритган. Натижада 4 миллиард 480 миллион 738 минг сўм қарздорлик дастурга киритилмасдан қолган. 

Бундан ташқари, истеъмол қилинмаган электр энергияси учун асоссиз равишда 11 миллиард 666 миллион сўмлик нореал қарздорлик дастурга киритилиши натижасида давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказилган. 

Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди. 

Худди шундай ҳисоботларни бузиб кўрсатиш, нореал қарздорликни юзага келтириш газ таъминоти корхоналарида ҳам содир этилган. Масалан, МИБ томонидан Шароф Рашидов тумани газ таъминоти корхонаси раҳбарлари табиий газ билан таъминланмаган ҳудудларга 557 минг 350 кубметр табиий газ истеъмолини ҳисобот дастурига киритгани аниқланди. Ўз мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиб, давлат манфаатларига кўп миқдорда зарар етказган туман газ таъминоти корхонаси раҳбарларига нисбатан жиноий иш қўзғатилди. 

Халқимизда “олмоқнинг бермоғи бор”, деган нақл бежиз айтилмаган. Бу ҳаёт ҳақиқатига риоя қилмасдан, фойдаланилган электр ёки газ ҳақини тўламаётганлар турмушимиз янада фаровон бўлишига халақит бермоқда. Шунинг учун, ким бўлишидан қатъий назар, уларга нисбатан қонунда белгиланган тартибда чора кўрилмоқда. Вилоят бўйича ўтган йили энергия ресурсларидан бўлган қарздорлигини ўз вақтида амалга оширмаган 10 минг 631 истеъмолчи тармоқдан узиб қўйилгани фикримиз тасдиғидир. 

– Мажбурий ижро бюросининг қисқа муддатдаги фаолияти ушбу янги тизимни ташкил этишдан кўзланган мақсадга эришилганини кўрсатиб турибди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Жиззах вилояти бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими катта инспектори Д.Эргашев. – Бюронинг туман-шаҳар бўлимлари фойдаланилган энергия ресурслари учун қарздорликни камайтириш, истеъмол тўловини ўз вақтида амалга ошириш, электр энергияси ва табиий газ тармоқларига ноқонуний уланиш, талон-тарож қилишнинг олдини олиш билан бирга, суд ва бошқа органлар ҳужжатлари ижросини таъминлаш бўйича ҳам самарали фаолият олиб бормоқда. Ўтган йили суд ва бошқа органларнинг 85 минг 322 ҳужжати ижроси таъминланиб, 378 миллиард 112 миллион сўмлик турли тўловлар ундирилди. Бу 2016 йилга таққослаганда, деярли икки баробар кўпдир. 

 

Тошқул Бекназаров, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться