Денов туманида Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам ошини тайёрлаш учун 46 нафар ошпаз туни билан меҳнат қилиб, халқимизга хос аҳиллик, пазандалик ва бағрикенглик фазилатларини кенг намоён этди.
Тошкент шаҳридан олиб келинган 8.8 тонналик улкан қозонда дамланган паловхонтўра тушга яқин кенг жамаотчилик иштирокида ҳарбий қисм аскарлари, мурувват уйи, мактаб-интернат тарбияланувчилари, беморлар, ногиронлар ва эҳтиёжманд оилаларга тарқатилди.
Байрам паловидан Сурхондарё вилоятининг турли ҳудудларидан ташриф буюрган меҳмонлар ҳам баҳраманд бўлди.
– Халқимизда кўпнинг оши ширин бўлади, деган гап бежиз айтилмаган, – дейди олтинсойлик Умид Нормаматов. – Деновда саккиз тонналик қозонда байрам оши тайёрланаётганини эшитиб, келган эдик. Унинг дамланишини мириқиб томоша қилдик. Ош пишгач, таъмини тотиб кўрдик. Мазаси оғизда қоладиган жуда ширин палов бўлибди. Барчага ўзига хос байрам завқини улашган ҳомийлар ва қўли ширин ошпазлар барака топишсин. Умрлари узоқ бўлсин. Юртимиздаги тинчлик ва тўкинликка илоҳим, кўз тегмасин.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
Манба: ЎзА