Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Маҳаллаларда эшигига алоҳида белги қўйилган хонадонлар пайдо бўлади
2018-01-11 | Жамият
Жорий йилнинг апрель ойида эшикларида “Бу ерда I, II, III даражали “Меҳнат фахрийси” нишони билан тақдирланган (Ф.И.Ш) истиқомат қилади” ёзуви бўлган тўртбурчак шаклдаги мис қоришмасидан тайёрланган белги ўрнатилган хонадонлар пайдо бўлади.
Бу кимларнинг уйи бўлишини эса Наврўз – умумхалқ байрами арафасида “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонига муносиб кўрилганлар учун тақдирлаш маросимлари ташкил этилганда билиб оламиз.
Таъкидлаш жоиз, шу кунларда фуқаролар йиғини раиси ўринбосарлари-кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчилар раҳбарлигида “Нуронийлар жамоатчилик кенгаши” томонидан “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонига номзодлар рўйхати шакллантирилмоқда.
Мазкур кўкрак нишони билан иқтисодиёт, ишлаб чиқариш, илм-фан, маданият, таълим, соғлиқни сақлаш, юриспруденция ва бошқа соҳаларда кўп йиллар давомида ҳалол, самарали меҳнат қилган нафақа ёшидаги фуқаролар тақдирланиши кўзда тутилган. Номзодларнинг хизмат ва меҳнат фаолияти давомида катта ишонч қозониб, обрўга эга бўлгани, турли масъулиятли лавозимларда ишлагани, ижтимоий фаолияти давомидаги ташаббуслари, таклифлари, янги ғоя ва фикр мулоҳазалари билан оммавий ахборот воситаларида мақолалар чоп эттиргани, кўрсатув ва эшиттиришларда фаол қатнашиб келаётганига эътибор қаратилади.
Манба: ЎзА