Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ислоҳотлардан кўзланган мақсад мамлакатимиз мудофаа қудрати ва саноат салоҳиятини юксалтиришдир
2018-01-11 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 10 январь куни Чирчиқ шаҳридаги ҳарбий қисмга ташриф буюрди.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 декабрдаги фармони билан қайта ташкил этилган мазкур ҳарбий қисмда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев ҳарбийлар учун яратилган шароитлар, жанговар тайёргарликда фойдаланиладиган моддий воситалар, ҳарбий хизматчиларнинг кийим-кечак таъминоти билан танишди, улар билан суҳбатда бўлди.
Президентимизга Тошкент вилояти ҳарбий-маъмурий сектори фаолиятини 2018 йилда ташкиллаштириш бўйича «йўл харитаси», ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш концепцияси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Мудофаа вазирлиги тизимидаги бошланғич ташкилотларининг ташкилий тузилмаси, ёш ҳарбий хизматчиларни рағбатлантириш ва истиқболда қилинадиган бошқа ишлар тўғрисида маълумот берилди.
Давлатимиз раҳбари ҳарбий хизматчиларнинг ҳарбий кийим ва асбоб-анжомларини замонавий асосда янгилаш, таъминот тизимини такомиллаштириш зарурлигини таъкидлади. Муносиб хизмат қилган ҳарбийларга барча шароитлар яратиш, уларни уй-жой, автомашина билан таъминлаш бўйича топшириқ берди.
Президентимиз ҳарбийлар ошхонасида бўлиб, бу ерда яратилган шарт-шароитларни кўздан кечирди.
Чирчиқ – кимёгарлар ва машинасозлар шаҳри. Унинг жуғрофий ўрни иқтисодиётни ривожлантириш учун жуда қулай. Шаҳарда фаолият кўрсатаётган «Максам-Чирчиқ», «Ўзбеккимёмаш», "Чирчиқ қишлоқ хўжалиги техникаси заводи" акциядорлик жамиятлари, Ўзбекистон иссиққа чидамли, қаттиқ металл қоришмалар заводи каби йирик ишлаб чиқариш қувватлари мамлакатимиз саноати ривожига салмоқли ҳисса қўшмоқда.
Президентимиз ташриф доирасида мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги машинасозлиги соҳасини ривожлантириш дастури билан танишди.
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигининг машинасозлик корхоналари фаолиятини бошқаришни янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Соҳада ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, агросаноат комплекси учун замонавий, унумдорлиги юқори, ички ва ташқи бозорда рақобатбардош техника ва ускуналар ишлаб чиқаришни ташкил этишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Президентимизга ресурс тежамкор, замонавий, унумдорлиги юқори қишлоқ хўжалиги техникаси ва механизация воситаларини ишлаб чиқариш бўйича қилинадиган ишлар юзасидан маълумот берилди.
Жумладан, "Чирчиқ қишлоқ хўжалиги техникаси заводи" акциядорлик жамиятида 2018-2019 йилларга мўлжалланган, қиймати 32,7 миллион долларлик 3 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни маҳаллийлаштириш даражасини 50 фоизгача етказиш кўзда тутилган.
Лойиҳадан кўзланган мақсад машина-трактор парклари, фермер ва деҳқон хўжаликларини техникаларнинг янги турлари – замонавий ғалла ва ем-хашак ўриш комбайнлари, чигит ва ғалла экиш сеялкалари, ерга ишлов бериш, картошка экиш ва йиғиб олиш техникалари билан таъминлашдир.
Давлатимиз раҳбари лойиҳа доирасида ишлаб чиқарилиши кўзда тутилаётган қишлоқ хўжалиги техникалари намуналари билан танишди. Жаҳон бозорида рақобат кучайиб бораётган бугунги кунда, ишлаб чиқарилаётган ҳар қандай маҳсулот нафақат ички бозорни таъминлаши, балки халқаро кўламда рақобатбардош ва экспортбоп бўлиши зарурлиги таъкидланди.
Шу ерда Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи, “Технолог”, “Агрегат”, “ЎзКейсмаш”, “Лемкен-Чирчиқ”, “ЎзКлаасагро” корхоналарида ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги техникалари тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.
Президентимиз «Ўзбеккимёмаш заводи» акциядорлик жамиятида янги қуюв цехи ва йирик ҳажмли ускуналарни ишлаб чиқариш лойиҳаси билан танишди.
Бугун мазкур корхонада нефть-газ, кимё ва озиқ-овқат саноати учун иссиқлик алмашиниш жиҳозлари, компрессорлар, насослар, нефть ва газни қайта ишлаш, кимёвий, бурғулаш ва ҳаво билан совутиш ускуналари, бутловчи қисмлар ишлаб чиқарилмоқда.
Корхона маҳсулотлари “Муборакнефтгаз”, “Шўртаннефтгаз” акциядорлик жамиятлари, “Шўртангазкимё” мажмуаси каби йирик саноат корхоналари, шунингдек, Россия, Қозоғистон, Беларусь, Украинага етказиб берилмоқда.
Ўтган йили 1,5 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган бўлса, жорий йилда ушбу кўрсаткични 2 миллион долларга етказиш режалаштирилган.
Шу мақсадда корхонани модернизация ва диверсификация қилиш орқали замонавий технологиялар асосида металлни эритиш ва қуйишга мўлжалланган янги қуюв цехи барпо этиш кўзда тутилмоқда. Умумий қиймати 18,9 миллион долларлик ушбу лойиҳа ҳаётга татбиқ этилиши натижасида заводда турли номенклатурадаги қуйма маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми йилига 1,7 минг тоннадан 4 минг тоннага етказилади. Цех Европа мамлакатлари ва АҚШдан келтирилган ускуналар билан жиҳозланади. Лойиҳа 2019 йилнинг учинчи чорагида ишга туширилади.
Давлатимиз раҳбари «Ўзбеккимёмаш» ва Чирчиқ трансформатор заводларида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар намуналарини кўздан кечирди. Маҳсулот турлари ва экспорт кўламини кенгайтиришда бундай янги қувватлар муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Шу ерда Чирчиқ шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган қатор дастур ва лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.
Бугунги кунда Чирчиқда 300 дан ортиқ саноат корхонаси фаолият кўрсатмоқда. Шаҳарни 2018-2019 йилларда иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида 80 га яқин лойиҳа амалга оширилади. Натижада ишлаб чиқариш ҳажми 1,6 баробар ошиб, 3 мингга яқин иш ўрни яратилади.
Шаҳарнинг 2035 йилгача мўлжалланган бош режасига мувофиқ, ўтган йили 7 қаватли 3 уй қуриб битказилди. Жорий йил ана шундай 5 та, келгуси йил 10 та турар жой барпо этилади. Бундан ташқари, 2018 йилнинг март ойида ҳарбийлар учун 3 қаватли 8 ва йил охиригача 10 та уй қуриб фойдаланишга топширилади.
Чирчиқ деҳқон бозори ўтган асрнинг 50-йилларида барпо қилинган бўлиб, бугунги кун талабларига жавоб бермай қолган. Тадбиркорлик субъектлари ва аҳолига савдо-сотиқ учун кенг қулайликлар яратиш мақсадида уни реконструкция қилиш кўзда тутилмоқда. Қиймати салкам 22 миллиард сўм бўлган мазкур лойиҳа самарасида 3,7 гектар ерда янги бозор барпо этилади. Бозор ҳудудида уч қаватли гипермаркет, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотишга мўлжалланган павильонлар, савдо расталари, автомобиллар турар жойи, автобус ва микроавтобуслар учун бекатлар қурилади.
Бундан ташқари, «Ўзбеккимёмаш» заводи томонидан 2,5 гектарлик «Машинасозлар» истироҳат боғини реконструкция қилиш ва жорий йил Мустақиллик байрамигача фойдаланишга топшириш режалаштирилмоқда. Шаҳар ҳудудидан ўтувчи Бўзсув канали қирғоғи ободонлаштирилиб, аҳолига кечки пайт ҳордиқ чиқариш учун сайлгоҳлар ташкил этилади.
Тошкент – Хўжакент йўналишида қатновчи электропоездлар ўрнига замонавий тезюрар электричкалар ҳаракатини йўлга қўйиш ҳам истиқболли йўналишлардан бўлиб, аҳоли фаровонлиги ва Тошкент вилоятининг туристик салоҳиятини оширишда муҳим қадамлардан бўлади. Бунинг учун Чирчиқ шаҳридаги «Чирчиқ» ҳамда «Бўзсув» темир йўл бекатлари замонавий андозалар даражасида янгидан барпо этилади.
Президентимизга Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институтлари биноларини реконструкция қилиш, янги ўқув бинолари, спорт иншоотлари, талабалар турар жойлари қуриш, Тошкент – Қибрай – Чирчиқ – Ғазалкент ва Чирчиқ – Ғазалкент автомобиль йўлларида тирбандликни камайтириш, Пском ГЭСи ва тўғонини барпо этиш, Чорвоқ ГЭСи хавфсизлигини ошириш лойиҳалари ҳам тақдим этилди.
Давлатимиз раҳбари Чирчиқ шаҳри ўз имкониятлари ва салоҳиятига кўра, мамлакатимизнинг йирик саноат марказларидан бири экани, бинобарин, ҳар бир лойиҳада ишлаб чиқариш структураси ва аҳоли турар жой шароитини яхшилашга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади. Лойиҳалар самарадорлигини ошириш бўйича тегишли кўрсатмалар берди.
Заводнинг фаоллар залида ишчи-мутахассислар, Чирчиқ шаҳри жамоатчилиги вакиллари, нуронийлар, ёшлар билан ўтказилган учрашувда шаҳарда амалга оширилаётган ўзгаришлар моҳияти, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, ёшлар таълим-тарбияси масалалари хусусида сўз юритилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев шу куни пойтахтимиздаги Қуролли Кучлар академиясига ташриф буюрди.
Маълумки, Президентимиз 2017 йил январь ойида Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртида бўлиб, мазкур билим юрти замирида мутлақо янги Қуролли Кучлар академиясини ташкил этиш бўйича топшириқлар берган эди. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 25 апрелдаги қарори билан Қуролли Кучлар академияси қайта ташкил қилинди.
Мазкур ҳарбий ўқув маскани Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртининг шонли ҳарбий анъаналари, мамлакатимизнинг етакчи илмий-таълим муассасалари илғор тажрибасини ўзида қамраб олган.
Бугун академия мамлакатимизда жорий этилган ҳарбий таълимнинг ягона тизимида асосий ўринни эгаллайдиган, том маънода ҳарбий илм-фан марказига айланди. Академияда лейтенантлар тайёрлаш, офицерлар малакасини ошириш, армия бошқарув таркибидаги қўмондонлик кадрларини махсус тайёргарликдан ўтказиш ишлари йўлга қўйилган. Бу ерда умумқўшин, қўмондонлик-штаб, малака ошириш факультетлари, ўн битта кафедра фаолият юритмоқда.
Курсант ва тингловчилар ҳарбий, гуманитар, аниқ фанлар бўйича таълим олади. Академияда ўқув жараёни хорижий давлатларнинг илғор тажрибаси асосида ташкил қилинган. Таълим жараёнига энг янги усул ва технологиялар жорий этилган. Аудиториялар замонавий тренажёрлар, ўқув-лаборатория ускуналари ва компьютер техникаси билан жиҳозланган.
Президентимиз академияда яратилган шароитлар билан танишди. Ўқув хоналари, музей, ошхона, курсантлар ётоқхоналарида бўлиб, уларнинг таълим олиши, ҳарбий машғулотларни бажариши жараёнини кўздан кечирди.
Академия тингловчиларининг касб маҳорати, интеллектуал даражаси ва маданиятини янада ошириш учун барча шароитларни яратишимиз даркор, деди Шавкат Мирзиёев. Бу жараёнда ҳарбий билим юртида таълим олишнинг замонавий услубларини жорий этиш, юксак ақл-заковатли кадрлар тайёрлашга эътибор қаратиш лозим.
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони ташаббуси билан ташкил қилинган «Темурбеклар мактаби»да таҳсил олган ёшлар ҳам мазкур академияда ҳарбий таълимни давом эттириб, малакали офицерлар бўлиб хизматга киришади.
Бундан ташқари, барча олий ҳарбий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари таркибини тайёрлаш, жумладан, уларнинг хориждаги етакчи олий таълим муассасаларида малака ошириши бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилган.
Давлатимиз раҳбари тингловчилар ва курсантлар билан суҳбатлашди. Қуролли Кучлар ташкил этилганининг 26 йиллиги билан табриклади. Улар аждодларимизга муносиб авлод бўлиб, замонавий билимларни пухта эгаллаши лозимлигини таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев Қуролли Кучлар академиясининг ситуацион марказида бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги мажлисида иштирок этди ва нутқ сўзлади.
Манба: ЎзА