Тошкент Фотосуратлар уйида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 26 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан "Менинг армиям – менинг фахрим" ижодий кўрик-танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Қуролли Кучлар давлат музейи ва Бадиий академия ҳамкорлигида анъанавий тарзда ташкил этилаётган мазкур тадбирда кенг жамоатчилик вакиллари, ҳарбий хизматчилар, рассомлар, фото санъати усталари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Ўзбекистон Бадиий академияси раиси А.Нуриддинов, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари давлат музейи директори М.Нуриддинов ва бошқалар мамлакатимиз суверенитети ва чегараларимиз дахлсизлигининг кафолати бўлган миллий армиямизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар она заминимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш ҳамда халқимиз фаровонлигини оширишга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади.
Миллий армиямиз мустаҳкамлиги осуда ҳаётимиз гаровидир. Шу сабабли бир неча йилдан буён ўтказиб келинаётган кўрик-танловнинг асосий мақсади миллий армия ва Ватанимиз ҳимоячилари ҳаётини фото, тасвир ва амалий санъатда намойиш этиш орқали ёш авлод қалбида ватанпарварлик туйғусини уйғотишга қаратилгани билан муҳимдир. Бу галги танловга фотография, фотоколлаж, кўргазмали тарғибот плакати, панно ҳамда рангтасвир, графика, миниатюра йўналишлари бўйича муаллифларнинг элликка яқин ижодий иши ва саксонта фотоасари тақдим этилди.
– Бугун кўргазма залларида танлов иштирокчиларининг ҳавола этилаётган ижодий ишлари Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари фаолиятига бағишлангани билан киши эътиборини тортади, – дейди Мудофаа вазирлигининг Маънавият ва маърифат маркази бошлиғи Олег Зокиров. – Чунки уларда ҳарбий ҳаёт акс эттирилган. Миллий армиямизда хизмат қилиб, Ватанни ҳимоя қилиш эса ўсиб-улғаяётган ҳар бир фарзанднинг шарафли бурчи ва орзусидир. Бу каби тадбирлар улар қалбида Ватанга муҳаббат, миллий армиямиз ва ҳарбий хизматчиларимизга ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Фотография, фотоколлаж, кўргазмали тарғибот плакати, панно йўналиши бўйича майор Маъмуржон Турғунов биринчи ўринга лойиқ кўрилди. Иккинчи ва учинчи ўринларга фотографлар Баҳром Абдураҳимов ва Амина Зокирова сазовор бўлди.
Танловнинг рангтасвир, графика, миниатюра йўналишида биринчи ўрин ёш ижодкор Мирвоҳид Мирсаидовга насиб этди. Иккинчи ўринни Ҳасан Эгамбердиев, учинчи ўринни Муяссар Собирова эгаллади.
– Ҳарбий мавзуда ишлаш мен учун жуда қизиқарли, – дейди ёш рангтасвирчи М.Мирсаидов. – Республика рассомлик коллежида ўқитувчилик қиламан. Гарчи рассом бўлсам-да, она юртимизга бўлган меҳримни Ватан ҳимоячилари ҳаёти ифода этилган ишларим орқали намоён этганимдан чексиз фахрдаман. Танлов ғолиби бўлганим мени бу соҳада яна жиддий изланишларга ундайди.
Ғолиблар ва танловнинг фаол иштирокчилари ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ватан, тинчлик, садоқат, жасорат, мардлик ва қаҳрамонликни тараннум этган куй-қўшиқлар тадбирга байрамона шукуҳ бағишлади.
Насиба Зиёдуллаева, Ёлқин Шамсиддинов (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА