Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Маънавият оламида жаҳолатга ўрин йўқ

2018-01-09 | Жамият

Мустабид тузум даврида элимиз мусулмонларининг аҳволи боши берк кўчага кириб қолди. Атеизм кучайиб, диний муассасалар фаолияти деярли тўхтатилди, аксарияти вайрон қилинди, диндорлар қувғинга учради, отилди, осилди. Масжидлар пештоқига қизил байроқ, шўролар доҳийлари суратлари осилган арақ-вино омбори, устахона ва идораларга айлантирилди. 

Мунаввархон Абдурашидхонов, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Усмон Носир сингари юзлаб адабиёт, санъат, фан арбоблари қаторида физика ва кимё соҳасида илк китоблар ёзган, 1916 йилда учувчисиз самолёт ясаб осмонга кўтарган бобом, экспериментал физика бўйича профессор Ҳусайнхон Ниёзий 1937 йилда миллий озодлик ҳаракати раҳбарияти ва эшонлар авлодига мансублиги учун отиб ташланди.
 
Собиқ марказнинг зуғуми остида маҳаллий маликалар тизгинида юрган раҳбарлар томонидан яқини ўлса жаноза ўқитиш, масжидга қатнаш, диний китоб ўқиш оғир жиноят билан тенглаштирилди. Оқибатда оқил ва солиҳ одамлар ҳукуматдан безди. 
 
Бугун тинч ва осойишта мамлакатимиздан фарқли ўлароқ, Афғонистон, Ливия, Ироқ, Сурия, Яман сингари давлатларда аҳвол янада кескинлашди. Бу минтақалардаги ғоявий тарқоқлик, маънавий тубанлик, гуруҳбозлик, жоҳиллик сингари салбий иллатлар туфайли биродаркушлик урушлари авж олди, миллионлаб бегуноҳ аҳоли, болалар ва аёллар нобуд бўлди, жаҳон тамаддуни маркази бўлган муқаддас шаҳарлар харобага айланди. Афсуски, бу мамлакатларда ҳамон нотинчлик ҳукм сурмоқда.
 
Ана шундай аянчли зиддиятлар, қон тўкишлар, жаҳонни ларзага солган фалокатларнинг томир отишига йўл қўймаслик, бу йўлда ноаниқ ҳар бир ҳолатга чек қўйиш, муқаддас ислом динининг асл моҳияти, софлигини, жамиятдаги ўрнини асраш ва буни нафақат мамлакатимиз, балки бутун жаҳон жамоатчилигига етказиш, жамиятимизда янги маънавий муҳитни шакллантириш мақсадида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Самарқанд шаҳрида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Тошкент шаҳрида Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Ўзбекистон Ислом академиясини ташкил этиш, БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида ислом динининг асл моҳияти ҳақидаги фикрлари, таклифлари миллионлаб мусулмонларнинг манфаатларига муштарак, рўпарада турган катта хатарларни олдини олиш мақсадида кўтарган беқиёс улкан ташаббуслари узоқ хорижий давлатлар зиёлилари ва уламолари қалбида юксак фахр уйғотди.
 
Президентимизнинг чет давлатларга сафарларида йўлдош бўлаётган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов, юксак илм соҳиби Шайх Абдулазиз Мансур, Ўзбекистон Ислом академиясининг ректори, академик Неъматулла Иброҳимов каби уламоларимиз ислом оламида обрўли саналиб, динимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. 1943 йилдан то 1989 йилгача Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари бошқармаси раиси ва муфтий мартабасида турган Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон ҳазратлари, унинг фарзанди, Ал-Азҳар таълимини олиб, камолот чўққисига кўтарилган Зиёвиддинхон эшон ва бу зотнинг ўғли Шамсиддинхон Бобохоновнинг халқ вакиллари ва давлат раҳбарлари билан мулоқотларда орттирган тажрибасини, муомала маҳорати ва тинчликсевар фаолиятини ворислик тариқасида давом эттираётганлари якдиллик билан эътироф этилмоқда.
 
Айниқса, шу пайтгача аҳволни соғломлаштиришга олиб келмаган бир томонлама агрессив услублар, жумладан, масжидга борган, диний адабиёт ўқиган, исломий таълим олаётганларни қамоққа олиш, қора рўйхатга киритиб, душманга айлантириш амалиёти давлат раҳбари томонидан танқид остига олингани миннатдор юртдошларимизнинг қалбида мамнунлик ва ғурур туйғуларини жўш урдириб, аҳиллигини ошириб юборди.
 
Китоб жавонимдаги сиёсатшунослик ва дипломатия соҳасида серқирра фаолияти давомида баракали тажриба орттирган, қолаверса, Ўзбекистонимиз тарихида биринчи марта хорижий мамлакатлар билан иқтисодий, сиёсий, маданий-маърифий алоқаларини шакллантиришда Биринчи Президентимизга яқиндан туриб ёрдам қилган йирик давлат арбоби, таниқли дипломат, Москва ва Сеул давлат университетлари профессори Саидмухтор Саидқосимовнинг назарий-илмий-амалий қарашларини изҳор этган “Улуғ инсонлар маънавияти” номли китоби юқорида кўтарилган бир қанча масалаларга аниқлик ва ойдинлик киритгани билан қимматлидир.
 
Мутолаага шўнғиган ўқувчининг кўз ўнгида улкан маънавий-руҳий сарой, чарақлаб турган обод қаср пайдо бўлади, гўё. Бу муқаддас даргоҳда юртимизда ўсиб улғайган, осмондаги юлдузлар сонидек беҳисоб авлиёлар, жумладан, уч муфтий бобомизнинг ислом динининг тинчлик ва келажак дини эканини дунё аҳлига ишонарли мисоллар орқали етказаётган, аксарият тақводорлар улардан йўл-йўриқ, фатво олиш ниятида навбат кутаётган ҳолатда учратиб, унинг кўксини улуғворлик ва хотиржамлик туйғулари қамраб олади.
 
Китобда, шунингдек, шўроларнинг тазйиқи кучайган даврда халқни аҳиллик, ислом дини қадриятларига садоқатли бўлиш, ибодатларни ўз вақтида адо этишга чақириш, шунингдек, зиёли, маънавиятли, тинчликсевар, адолатли, ватанпарвар, саховатли мусулмонлар Яратганнинг даргоҳида улуғ ажрга эга бўлиши ҳақидаги бебаҳо асарлар яратиш насиб қилган, ҳужжатлар, фотосуратлар, ўша замоннинг талатўплари гувоҳи бўлган азизларнинг хотиралари орқали сиймоси ишонарли тасвирланган буюк уч муфтийнинг серқирра фаолияти киши ҳавасини келтиради, қалбни ғурур ва фахрга тўлдиради.
 
Улар мусулмонларнинг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиш, бирлигини таъминлаш, масжидларни тиклаш ва таъмирлаш, намозхонларга шароит яратиш, собиқ иттифоқ миқёсида имомлар тайёрлашдек ўта машаққатли, назокатли ва доно фаолияти юксак даражасида эътироф этилмоқда, дейилади асарда.
 
Дин арбобларининг муқаддас Қуръон аҳкомларини диндорлар орасида ёйиш, минтақада ва дунёда мусулмонларнинг ҳар турли оқимлар ва мазҳабларга бўлинишининг олдини олиш бўйича олиб борган беқиёс ҳаракатлари юқори баҳоланади.
 
Китобда асосий урғу қаратилган сулоланинг учинчиси – Шайх Шамсуддинхоннинг муфтийликка тайёрланиши, бобоси ва отаси қўлида, бувиси ва онаси бошчилигидаги оила муҳитида савоб чиқарган бўлса-да, унинг олдида бошқа имкониятлар ва синовлар пайдо бўлди. Шўролар қиличини яланғочлаб, масжидларга қарши сиёсат авжга чиққан кезларда у Ал-Азҳар университетида бетакрор ва чуқур диний билим олди. Устоз – отангдан улуғ, деган мақолни бу инсон ўз умрида яна бир карра тасдиқлади.
 
Муфтийларнинг жаҳонда машҳур арбоблар ва олимларнинг ҳаваси келадиган устозлар таъсирида орзумандларга ибрат бўлишга арзийдиган тарбия олгани, илмга, меҳнатга чанқоқлиги, айниқса, санъат, адабиёт ва фан арбоблари билан бўлиб ўтадиган суҳбатлар ва мулоқотларда сайқалланган юксак ўзбекона муомаласи, Ватани ва халқига садоқати, дипломатик лаёқати, сиёсий салоҳияти ва малакавий тажрибаси ислом динини тарғиб қилиш бўйича шўролар ҳокимиятининг олий даражадаги раҳбарлари, 30 га яқин исломий мамлакатларнинг давлат ва жамоат арбоблари билан кўп марта бенуқсон музокаралар олиб боргани ва муқим ижобий баҳо олганлари ҳужжатли далиллар билан ишонарли очиб берилган.
 
Шоядки, ота-оналар уларга ҳавас қилиб фарзандларини муносиб тарбияласа, илм олишнинг заҳматини чекиб, баланд даражаларга кўтарилиши учун маънавий замин яратса.
 
Бундан Муфтий ва Элчи лавозимига номзод насл-насаби тоза, мусулмонлик эътиқоди маҳкам ушланадиган азизлар оиласи тарбияси, нафақат олий таълим, балки, энг нуфузли хорижий университетлар сабоғини олган, араб ва форс тилларини мукаммал биладиган, мутлақ қувваи ҳофиза ва зеҳн, олмосдек тоза суврат ва сийрат, табиий хислат ва фазилатлар соҳиби бўлмоғи шарт экан, деган хулоса чиқади. Буни билиб қўйиш фойдадан холи эмас.
 
Мисрдек араб дунёсида етакчи давлатга юборилган Ўзбекистон Республикасининг биринчи Фавқулодда ва мухтор элчиси вазифасига Шамсиддин ака бежиз танланмаган кўринади. Ислом Каримовдек талабчан Биринчи Президентимиз назаримда унинг Тошкент Чет тиллари институти, Москвадаги Шарқшунослик институти аспирантураси, Қоҳира университети ва Ал-Азҳар университетида таълим олганини, Ислом институти ректори, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари бошқармаси раиси ва муфтийси лавозимида бенуқсон ишлагани, меҳридарё ҳалол инсонлиги, кучли аналитик қобилияти, мураккаб вазиятларда давлатлар раҳбарлари, диний ва фан арбоблари билан моҳирона музокаралар олиб бориш лаёқати ва ватанига содиқлиги, қолаверса, бир неча тилларни, хусусан араб тилини мукаммал билишини, 1960 йилларда Миср Араб Республикаси Президенти Жамол Абдул Носирга маҳорат билан таржимонлик қилганини ҳам инобатга олгани тасвирлангани асарнинг ютуғи.
 
Ҳаётда бениҳоя иродали, кенг фикрловчи, тушкунлик кайфиятидан йироқ, ҳавас қилса арзийдиган қувваи ҳофиза, чуқур дипломатик тажриба соҳиби бўлиб танилган Шамсиддинхон ака кейинчалик Саудия Қироллиги, Иордания, Баҳрайн, Жазоир ва Қувайт сингари йирик араб мамлакатларида ҳам давлатимиз элчиси бўлиб хизмат қилди ва ўз мамлакатининг манфаатларини ҳимоя қилиш борасида, юртдошларининг ҳаж сафарини амалга оширишда бениҳоя катта хизмат кўрсатди, Ўзбекистон деган номни араб дунёсида юксак кўтара олди.
 
Муаллиф яна бир “оқ доғ”ни кўнгиллардан ўчирибди. Айнан ҳазрат Шамсиддинхон эшон бевақт вафот этган Шароф Рашидовни мусулмон удумларига асосан дафн қилишда бош-қош бўлгани далилини келтирибди.
 
Асарнинг ҳар саҳифасида, худди реал ҳаётда бўлгани каби маънавий жасорат намуналарига дуч келамиз. Ҳеч бир жойда муфтийлар томонидан адолат бузилгани, инсонларнинг ҳақ-ҳуқуқи поймол қилингани ҳақида ножўя воқеа эшитмадик. Мени қаттиқ ҳаяжонга солган воқеа, Шамсиддинхон Бобохоновнинг муфтийликдан бўшатилгани сабаблари ҳақида газета орқали таниқли ёзувчи Абдуқаҳҳор Иброҳимовга берган жавоби бўлди. Бу жавобда на гина, на бошқани айблаш, гуноҳни ўзгага тўнкариш ноталари сезилди. Нақадар улуғворлик, нақадар бағрикенглик, уммондек сабр-тоқат.
 
Асарда, шунингдек, мустақиллик йилларида Ўзбекистон дин арбобларининг мусулмон мамлакатларда пўкакдек кутилмаганда қалқиб чиқаётган ва мислсиз қурбонлар ва вайроналарга сабаб бўлаётган ўзаро низоларни бартараф этиш, амалга оширилаётган уруш ва террорчилик ҳаракатларида асло иштирок этмасликни мамлакатимиз ёшлари онгига сингдириш йўналишида, шу билан бир қаторда бошқа дин вакиллари билан бирга ибратга сазовор холис ва дўстона муносабатлари қўллаб-қувватланган.
 
Очиғини айтиш керак, таниқли халқаро экспертнинг Ўзбекистон эълон қилган ислом динининг дунё цивилизациясидаги ўрни ва келажакдаги равнақи ҳақидаги бениҳоя чуқур ўйланган ривожланиш стратегиясига тўлиқ ҳамоҳанг очеркида мамлакатимиз ва минтақа хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин бўлган бениҳоя қалтис хавф-хатарлардан оқилона ҳимоя қилиш тадбирлари илмий-назарий, сиёсий, диний, иқтисодий, ҳуқуқий нуқтаи назардан маҳорат билан таҳлил қилинган ҳамда тегишли манфаатдор органлар бу йўналишда якдиллик билан ҳаракат қилиши мақсадга мувофиқлиги зарурати таъкидланган.
 
“Ислом дунёсидаги оғир сиёсий жараёнларнинг ғоявий сабаблари ислом дини моҳиятини турлича талқин қилиш, ислом фалсафасини инкор қилиш, бу аслида инсонпарвар таълимотга мутлақо ёт бўлган кескинлик, ашаддийлик, муросасизлик, зўравонлик, ҳаттоки қотиллик руҳини сингдиришга бўлаётган тинимсиз ҳаракатлар натижасида келиб чиқмоқда”, дейилади асарда.
 
Демак, мавжуд аҳволни таҳлил қилиш, мамлакат хавфсизлигига таҳдид туғдираётган ҳар қандай хавфнинг олдини олиш учун кўзга илинмайдиган энг кўримсиз ва майда омилларни ҳам эътиборга олиш шарт экан. Диний ниқоб остида оширилаётган хуружларга қарши курашда бизга қалқон керак.
 
Душманларни кўпайтириш ўрнига, рақибларни дўстга айлантириш муҳимлиги, бунда қайси таянч нуқталар, қайси чоралар мамлакатимиз мусулмонлари манфаатларига кўпроқ фойдали бўлиши, кўпмиллатли халқимиз хавфсизлиги учун кафолот бериши, қолаверса, бир қатор ислом давлатларида юзага келган сиёсий ва диний зиддиятлар туфайли ҳаракатга келган вулқонларни тизгинлаш ҳақида эътиборга молик тавсиялар келтирилгани очеркнинг фойдалилик коэффициентини янада оширган. Қолаверса, халқимиз номини ардоқлаб келаётган машҳур муфтийлар сулоласи вакиллари ўша давр сиёсати ва дин ўртасидаги нозик мувозанатни моҳирона сақлай олгани далиллар билан кўрсатиб берилган.
 
Ўзларининг сиёсий ва иқтисодий таъсирини кучайтириш, уларнинг бошқарувини ўз таъсирига олиш мақсадида зўр бериб қуролланаётган қатор исломий давлатларнинг иккиюзламачилик сиёсатига пишанг бериб, дунёни таҳликага солаётган баъзи қудратли сиёсий кучларнинг ўт билан ўйнашаётганини бизнинг ёшларимиз жуда теран англамоғи ва бу йўлда ўз ватанлари манфаатлари тарафида турмоғи ҳақида ҳаяжонли фикрлар юритади.
 
Асардан аҳолини, қолаверса, ёшларни ҳозирги ахборот хуружи авж олган даврда ислом ниқоби остида яширинган турли диний оқимлар, азалдан мавжуд дин душманлари, хурофот, жоҳилият, мазҳаблар ўртасидаги келишмоқчиликлар ва фанатикларнинг тузоғига қарши муносиб позицияда туриш, айниқса, билиб-билмасдан уларнинг таъсирига тушиб қолмаслик бўйича олдиндан пухта ишлаб чиқилган тадбирларни амалга ошириш ҳақидаги таклифлар ўрин олгани эътиборга лойиқ.
 
Мамлакатимиз аҳолиси эндигина мустақиллик неъматларидан баҳра олаётган бир даврда ўзларини дин ҳомийлари, деб эълон қилган қора кучлар ва уларнинг ваҳшатли домига тушган, сохта авлиёларнинг алдовига учган айрим миллатдош манқурт ёшлар баъзи давлат органларининг лоқайдлиги ва эътиборсизлиги туфайли ўз юрти ва ўзга мамлакатларда жирканч террорчилик жиноятларини амалга ошириб Ўзбекистоннинг жаҳондаги обрўсини тўккан ҳар бир ҳолатни зудлик билан таҳлил ва мувозанатли хулоса қилишни тақозо этади.
 
Диний муносабатлар билан биргаликда мусулмон мамлакатлари билан иқтисодий, маданий-маърифий масалаларини ёритиш, жаҳолатга, муқаддас динимизнинг илдизларига болта уриш тарафдорларига қарши курашни кучайтириш мақсадида мавжуд имкониятлар доирасида “Сиёсий маслаҳатчилар” институтини жорий қилиш, “Нурафшон” умумреспублика газетаси, журнали ва радиотелеканалини ташкил этиш ва уларга тажрибали мутахассисларни жалб қилиш ўзини тўлиқ оқлайди, деб ишонч билан айтиш мумкин.
 
Маърифий-маънавий, диний жабҳаларда фаолият олиб борадиган давлат ва жамоат органлари учун жуда зарур ушбу қўлланма замонавий полиграфия корхоналарида, баъзи ноаниқ жумлаларни тузатиб, ўзбек, рус, араб, пушту, форс ва инглиз тилларида нашр қилиниши кўп сонли мутахассис ва тадқиқотчилар кутаётган воқеа. Ва ниҳоят, мазкур китоб мактаблар, коллежлар, лицейлар, олий ўқув юртлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ҳудудий бўлинмалари ҳамда қишлоқ ва маҳалла йиғинларига етказиб берилиши, ёшлар ўртасидаги ташвиқот ишларда фойдаланиш имконини яратган бўларди.
 
Муҳиддин Полвон,
адиб, сиёсатшунос

Манба: ЎзА

Поделиться