Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Бош прокуратура ҳузурида мультимедиа маркази иш бошлади

2018-01-09 | Жамият

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Ахборот-таҳлил мультимедиа марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда давлат, жамоат ва халқаро ташкилотлар вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. 

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори И.Абдуллаев Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари ҳалққа хизмат қилиши керак, деган тамойил ҳаётимизда мустаҳкам қарор топганини алоҳида таъкидлади. 

Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасига эътибор кучайгани жамиятимиз муҳити соғломлашишига хизмат қилмоқда. Аҳолини содир бўлаётган воқеалар ҳақидаги ахборотлар билан таъминлаш бугунги кунда долзарб бўлиб, бу ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилади. 

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 14 ноябрдаги “Прокуратура органлари ахборот-таҳлил фаолияти самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори аҳолини тўлиқ ва ҳаққоний ахборот билан таъминлашга қаратилган муҳим ҳужжат бўлди. 

– Президентимизнинг парламентга Мурожаатномасида жамиятимиз ҳаётида демократик принципларни мустаҳкамлаш зарурлиги алоҳида таъкидланди, – дейди Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази директори Бобур Алихонов. – Бунда оммавий ахборот воситалари муҳим ва таъсирчан омил бўлиб, чинакам профессионал замонавий журналистикани шакллантириш бугунги кун талабидир. Қўйилаётган ана шундай талаблар ҳамда давлатимиз раҳбарининг қарори асосида ташкил этилган мультимедиа маркази замонавий технологиялар ва креатив ёндашувлардан фойдаланган ҳолда ахборот-таҳлилий медиа материалларни тайёрлайди. Жумладан, бу ерда аудио ва видеороликлар, телекўрсатув ва радио эшиттиришлар, ижтимоий рекламалар, воқеа жойидан репортажлар тайёрланиб, эфирга, шунингдек, интернет тармоғига узатилади. Ҳар бир медиа материалнинг долзарблиги, ҳуқуқий жараёнлар ва давр талабига мослиги ҳамда юқори савияда бўлиши талаб этилади. 

– Жамият ривожида демократиянинг муҳим шартларидан бири бўлган очиқликни таъминлаш муҳим аҳамиятга эга, – дейди БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Ҳелена Фрейзер. – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида айнан шу хусусда билдирилган мулоҳазалар эътиборга лойиқ. Шу жиҳатдан Бош прокуратура ҳузурида Ахборот-таҳлил мультимедиа марказининг иш бошлагани муҳим қадам бўлди. Бу келгусида аҳоли манфаатларини таъминлашга, тинчлик ва осойишталик мустаҳкамланишига хизмат қилади. 

– Ўзбекистонда халқ билан мулоқотнинг самарали тизими йўлга қўйилди, – дейди Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сунь Лицзе. – Амалга оширилаётган ислоҳотларни халқ ўз ҳаётида ҳис этмоқда. Мультимедиа маркази ана шу ислоҳотлар моҳияти ва аҳолига зарур бўлган ахборотларни етказишда фаоллик кўрсатади, деб ўйлайман. 

Ахборот – билиш манбаи бўлиши билан бирга, энг таъсирчан қурол ҳамдир. Ҳозир барча ОАВ ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган ахборотларни таҳлил қиладиган бўлсак, улар орасида нотўғри, асослантирилмаган, бузғунчи ғояларни тарғиб этувчи маълумотларни ҳам учратиш мумкин. Кўпинча бундай ахборотлар мамлакатимизда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтмаган интернет тармоқлари орқали тарқатилади. Марказ ана шундай материалларга нисбатан ҳам муносабат билдиради. Бу жараёнда мавжуд ҳолат таҳлилий ўрганилиб, шу асосда расмий маълумот берилади. Натижада аҳоли орасидаги тушунмовчилик ва ноаниқликларга чек қўйилади. 

Марказ асосий эътиборни давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган қарор ва фармонларнинг мазмун-моҳияти ва уларда белгилаб берилган вазифаларни аҳолига тушунарли ва халқчил қилиб етказиш мақсадида турли медиа маҳсулотларни тайёрлашга қаратади. Ушбу материаллар инфографика ва махсус аудиовизуал эффектлардан кенг фойдаланган ҳолда таҳлилий мазмундаги маълумотлар билан бойитилади. Бу эса, ушбу ҳужжатларнинг мазмунини тўлақонли ёритиш ва аудиторияга етказиш имконини беради. 

Тайёрланаётган ахборот-таҳлилий медиа материалларни тезкор тарқатиш учун вазирликлар ва идоралар ахборот хизматлари, маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари, жумладан, теле ва радиоканаллар, интернет сайтлари, газета ва журналлар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилади. 

Тажриба алмашиш ва ходимларнинг малакасини ошириш мақсадида эса етакчи хорижий ташкилотлар ва телерадиоэшиттириш компаниялари билан ҳамкорликда ишлайди. 

Тадбир доирасида Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги, Тараққиёт стратегияси маркази, Халқаро пресс-клуб ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумлар имзоланди. 

Бундан кўзланган мақсад – юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида аҳолининг хабардорлигини оширишда ўзаро самарали ҳамкорликни йўлга қўйишдир. Ана шу асосда келгусида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши биргаликда курашишда аудио ва видеороликлар, теле ва радиоэшиттиришлар, ижтимоий рекламалар, воқеалар жойидан репортажлар, ҳужжатли фильмлар, детектив сериаллар ва бошқа медиамаҳсулотлар тайёрланади. 
 
Норгул Абдураимова, Аъло Абдуллаев (сурат), ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться