“Бойсун-фарм” эркин иқтисодий зонасида қўй жунидан фармацевтика саноати учун ноёб хомашё – ланолин субстанциясини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
– Бу модда саноқли давлатлардагина ишлаб чиқарилади, – дейди “Бойсун-фарм” эркин иқтисодий зонаси раҳбари М.Очилов. – Бойсун туманида ҳам сифатли, арзон ланолин субстанциясини ишлаб чиқариш учун етарли хомашё мавжуд. Маълумки, қўй териси остидаги безлар нафақат ёғ, балки ёғсимон модда – ланолин ҳам ишлаб чиқаради. Тери устига чиққан ёғ орқали ушбу модда қўй жунига ёпишади. Махсус технология ёрдамида ювилган жундан ланолин ажратиб олиниб, ҳидини кетказиш учун қайта ишлов берилади. Хорижда бу жараённи яқиндан ўрганиб келган тадбиркорларимиз Бойсун туманида замонавий технология ўрнатиш истагини билдирди. Янги йилнинг дастлабки кунларидан унинг бизнес-лойиҳаси тайёрланмоқда. Бу чиқитсиз технология бўлиб, ланолини ажратиб олинган жундан халқ хўжалиги учун зарур кигиз тўқилади.
Мутахассисларнинг фикрича, ланолин инсон терисига тез шимилиш хусусияти билан фармацевтика ва парфюмерия саноати учун зарур хомашё ҳисобланади. Шу боис ундан фармацевтикада шамча ва суртмалар тайёрлашда бириктирувчи модда сифатида кенг ишлатилади.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
Манба: ЎзА