Фалсафа фанлари доктори, профессор Саидмухтор Саидқосимов Ўзбекистон мустақиллигининг илк йилларида Биринчи Президентимиз раҳбарлигида ўзбек давлатчилигининг қарор топишида хизматлари алоҳида бўлди. Саидмухтор Саидғозиевич масъул лавозимларда ишлар экан, маънавиятимиз юксалишига бевосита дахлдор бўлиб келди.
Шу маънода муаллифнинг “Улуғ инсонлар маънавияти” сарлавҳали китоби жамоатчилигимизда муҳим воқеа бўлди. Публицистик очерк жанрига мансуб ушбу китобда жамоат арбоби, муфтий, дипломат, исломшунос ва арабшунос олим Шамсиддин Зиёвуддинхон ўғли Бобохонов тимсолида Ўзбекистон тарихида бобохоновлар сулоласи фаолияти ҳақида ҳикоя қилинади.
Шуни айтиш керакки, 2014 йилда Баҳодир Умрзоқовнинг “Ҳазрати Эшон” сарлавҳали китоби ҳам мазкур оилага бағишланган бўлиб, унда ўтмиш аждодлар ҳаёти бадиий лавҳаларда жонлантирилган эди. “Улуғ инсонлар маънавияти” публицистик очеркини эса ҳужжатли қисса дейиш мумкин.
Бугунги глобаллашув замонда ёшлар маънавиятини шакллантиришда кўзда тутилмаган мураккабликлар пайдо бўлмоқда. Оммавий маданият хуружидан сақланиш, мафкуравий иммунитет ҳосил қилиш муҳимдир. Мафкуравий иммунитетга эга бўлиш учун ёшларимиз зарарли ахборотни қабул қилмасликлари керак. Бунинг учун олдиндан онгу шууримиз халқимизга хос азалий қадриятлар билан банд бўлиши муҳим. “Улуғ инсонлар маънавияти” китоби эса айнан миллатимизга хос қадриятлар дурдонасининг мужассамидир. Демак, ёшларимиз онгида бўшлиқ бўлишига йўл қўйилмайди, халқимиз маънавияти мероси ишончли манба вазифасини ўтайди.
Тарихий шахслар ҳақида гап кетганда жамиятимиз учун, ўсиб келаётган авлодлар учун ўрнак бўладиган ўнлаб, юзлаб буюк сиймолар кўз ўнгимизда гавдаланади. Улардан бири Бобохоновлар сулоласидир.
Асрлар бўйи маънавият оламида машҳур бўлган бу авлод вакиллари ҳақиқат ва тўғриликни, маънавий поклик ва эзгуликни, инсоний хислатларни моддий бойликлардан устун қўйганлиги билан ибратлидир. Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон, уларнинг ўғиллари Зиёвуддинхон, набиралари Шамсиддинхон томонидан узоқ йиллар давомида миллионлаб мусулмонларнинг маънавий поклигини асраш, ислом таълимотининг асл моҳиятини тўғри тушунган ҳолда уларнинг диний эътиқодини сақлаш ва мустаҳкамлаш йўлида олиб борган саъйи ҳаракатлари самарали бўлган.
Сир эмас, мустабид замонда дин арбоблари учун осон бўлмаган. Ҳозирги кунда юртимизда виждон эркинлиги ҳақидаги қонунга биноан диний билим олиш учун ҳамма шароит яратилган. Ўтмиш азобларининг юзини тескари қилсин. Лекин ҳозирги навқирон авлод ўтмишдошлари чеккан қийинчиликларни билиши керак. Ўшанда бугунги кун қадри яққол аён бўлади. Китобда шўро замонида диний масаладаги турлича қарашлар муайян вақтда ўзгариб турганлиги баён этилади. Қатор манбаларда таъкидланишича, оғир уруш йиллари (1941-1945) совет давлати раҳбари И.В.Сталин британиялак машҳур дин арбоби Х.Жонсон билан Москвадаги учрашувларда билдирилган унинг қатор далиллари ва тавсияларини ҳисобга олиб, фашизмга қарши курашда диндор кишиларнинг халқ орасидаги катта таъсир кучидан ҳам фойдаланиш мақсадида бу соҳадаги аёвсизлик билан амалга оширилаётган “диний арбобларни қириб ташлаш” сиёсатини кескин юмшатишга мажбур бўлган.
Уруш авжига чиққан пайтда Тошкентда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идораси очилди. Унга ислом илмини чуқур ўрганган 85 ёшли Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон ибн Юнусхўжа раисликка тайинланади. Ўша йилларда олинган фотосуратларда мадрасаларда Ленин ҳайкали, яна бир масжид пештоқида Сталин портрети, минорага ўрнатилган қизил байроқлар диний масканлар совет давлати назоратида эканлигини ифодалаб туради.
Китоб муаллиф номидан баён қилиш усулида ёзилиб, унинг бошидан охиригача Бобохоновлар сулоласига ҳурмат ва иҳлос муносабати сезилиб туради. Дарҳақиқат, пок ва эзгу ният йўлида одамларга меҳри товланиб турган мўътабар инсонлар билан халқимиз ҳар қанча фахрланса арзийди.
Оғир даврларда ҳам қатор юқори мартабали раҳбарларга хос донолик вужудга келган ғоявий келишмовчилик вазиятини юмшатишга хизмат қилган. Жумладан, бундай ҳолатни Шароф Рашидов (1917-1983 йилларда яшаган) мисолида кўриш мумкин. Бу буюк давлат раҳбарининг серқирра фаолиятидаги бир йўналиш — динга муносабати, аниқроғи, мусулмончиликка эътибори алоҳида аҳамият касб этади.
Юксак маънавият оламининг таниқли вакили бўлган Шароф аканинг аслида диний масалаларда босиқлиги ва эҳтиёткорлиги, ҳукмрон тузум қанчалик қаттиқ талаб қилмасин, ота-бувалар эътиқодига садоқатини сақлаб қолганлиги, чекланган имкониятлар даражасида ҳам мусулмончиликни асраш, қадимий обидаларни эъзозлаш, таъмирлаш ишларига, норасмий йўллар билан бўлса-да, ҳомийлик қилганлигини яқин сафдошлари яхши билишган.
Давлат ишлари билан қанчалик банд бўлмасин, қалби билан адабиётга меҳр қўйган, халқнинг дилини, кайфиятини сезиш, барча ҳаётий жараёнлар мураккабликларини чуқур англаш ва уларни бадиий маҳорат билан акс эттиришга интилган бу атоқли ёзувчи ўзбек миллий қадриятлари асрлар давомида ислом динининг инсонпарварлик руҳи таъсирида ривож топганлиги, уларни ҳеч қандай сунъий йўллар ва тўсиқлар билан тубдан ўзгартириб бўлмаслигини бутун вужуди билан ҳис қилган.
Китобда, шунингдек, Усмон Юсупов, Пўлат Ҳабибуллаев, Мирзамаҳмуд Мусахонов каби раҳбарларнинг қийин даврда ҳам диннинг барқарорлиги учун хайрихоҳлик кўрсатганлиги ҳаётий далилар асосида ҳикоя қилинади.
Истибдод занжири исканжага олган даврларда У.Юсупов раҳбарлигида амалга оширилган иккита халқ хўжалиги учун ниҳоятда зарур лойиҳа алоҳида аҳамият ксб этади. Улардан бири 1939-1940 йиллари Иттифоқдаги гидротехник иншоот — 350 километр узунликдаги Катта Фарғона каналининг қурилиши бўлиб, уни юз минглаб кексаю ёш ҳашарчилар кеча-кундуз тиним билмай, қўл меҳнати билан амалга оширганлар.
Иккинчи улкан лойиҳа уруш энг авжига чиққан 1943 йил февраль ойида бошланиб, 1948 йили тугалланган Фарҳод ГЭСидир. Уни қуришнинг азоблари деярли барча хизматга лаёқатли эркаклар фронтда бўлганликлари учун асосан аёллар зиммасига тушган. Кунига 60 мингдан зиёд ишчи қатнашган ўша йиллардаги бу энг йирик энергетика иншооти бунёд этилишига асир олинган немис ва япон аскарлари ҳам жалб қилинган.
Ислом динида ҳар бир инсоннинг кўпчиликка, халққа манфаати тегадиган ишларни адо этиши, бошқаларга яхшилик, фойда келтирувчи амалларни бажариши энг олий фазилатлардан ҳисобланиб, бунинг эвазига унга боқий дунёда ҳам доимий савоблар ёғилиб туриши алоҳида таъкидланади. Тиниб-тинчимаган ташаббускор раҳбар — Усмон Юсуповнинг уруш йилларидаги улкан хизматларининг жонли шоҳиди бўлган машҳур ёзувчи Константин Симонов хотираларида ёдга олинади.
Муаллиф ўзи танлаган қаҳрамонларини ўта синчковлик билан тадқиқ этади. Айниқса, Шамсиддин Бобохонов тўғрисида жозибали сатрлар битади. Зеро, у зот ҳақида фикр юритиш масъулияти — янги тарихимиздаги бу таниқли шахснинг кенг ва бой ички дунёсини, йиллар давомида тинимсиз илмий изланишлар натижасида шаклланган олимона тафаккури теранлигини, ён-атрофда тўхтовсиз давом этадиган ўзгаришлар ва ҳолатларни илмий зеҳн билан изчил кузатиб, ўрганиб, ўз фикрига эга ҳолда чуқур хулосалар қилиш, айниқса, бу жараёнда ислом фалсафасига асосланган мулоҳазалар юритиш, турли нуқтаи назар эгалари билан очиқ мунозара ва музокаралар ола бориш каби қобилиятларини тўлалигича ёритиб бериш билан боғлиқ.
У кишининг эътиборни тортувчи хусусиятларидан бири, назаримда, очиқ чеҳрасидан, атрофга майин назар ташловчи кўзларидан нур таралиб, ҳар бир кўришган, учрашган одамни ўзига қаратар эди. Улар билан мулоқотда бўлган кўплаб суҳбатдошларда айни шундай таассурот ёдда қолган. Умуман, Ш. Бобохонов ўз даврининг обрўли, кўзга кўринган арбоби бўлганлиги ҳаммага маълум. Китобда ул зотнинг биз билмаган жиҳатлари ҳақида ҳам ҳикоя қилинадики, бу тарихимизда буюк инсонлар ўтганлигини англатади.
Шамсиддин Бобохоновнинг 1985 йили Иордания Қироллиги академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб сайланиши унинг халқаро миқёсда етук арабшунос, исломшунос, йирик дин арбоби сифатида тан олиниши бўлган. Сабаби — 1980 йили Иордания Қироли Ҳусайн Бин Талол томонидан Оммон шаҳрида ташкил этилган “Ислом цивилизацияси тадқиқотлари Қироллик академияси”нинг (“The Royal Academy for Islamic Civilization Research”) бу юқори илмий унвони сиёсий расмиятчилик юзасидан кўпгина раҳбарларга бериладиган рамзий маънодаги фахрий ёрлиқ эмасди. Бу мартабага эришиш учун ҳар бир номзоддан катта илмий салоҳият талаб қилинган.
2017 йил ҳисобига кўра, академиянинг 99 ҳақиқий ва 19 мухбир аъзоси юқори талаблар асосида танланган Ғарб ва Шарқ илм оламида таниқли арабшунос ва исломшунос олимлардан иборат. Бундай академиянинг аъзоси бўлиш ҳар бир олим учун шарафли ҳисобланади.
1982 йили Ш.Бобохоновнинг фаол иштирокида Иордания Қироллик академияси ва Ўзбекистон Фанлар академияси ўртасида ислом цивилизациясига оид қадимий қўлёзмаларни ўрганиш, уларнинг фиҳристини (катологини) тузиш ва нашр эттириш, илмий асарлар билан алмашиш бўйича ҳамкорлик битими имзоланган. Шундай битим унинг тавсияси бўйича Москвадаги Шарқшунослик институти билан ҳам амалга оширилган.
Иордания Қироли Ҳасан ибн Ҳусайннинг 2000 йили 19 июлда академия фаолиятини такомиллаштириш мақсадида қабул қилган махсус фармонига асосан унинг устави янгиланиб, номи “Аъл Ал-Байт исломий фикр Қиролий Институти” (The Aal al-Bayt Institute for Islamic Thought) деб аталади. Қиролзода Ғози Бин Муҳаммад унинг Президенти ҳисобланади.
Бутун умрини илмга бағишлашга қатъий аҳд қилган Шамсиддинхон ўрни келганда ўз тенгдошларига бу борада оталаридан эшитган кўплаб оят ва ҳадисларни эслашни, уларни шарҳлаб беришни яхши кўрарди.
Кейинчалик ҳам Қуръондаги: “Эй раббим, илмимни зиёда қил, деб айт!” (Тохо сураси, 114-оят); “Аллоҳ Таоло сизларнинг орангиздан имон келтирганлар ва илмга берилганларнинг даражасини юқори қилур” (Мужодала сураси, 11-оят); “Билувчилар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?” (Зумар сураси, 9-оят) каби муқаддас оятлар, ҳадислардаги “Илм излаш ҳар бир мусулмон учун фарздир” (Байҳақий); “Кимки Аллоҳ учун илм олишга интилса, у доимо Унинг йўлида юрган бўлади” (Ат-Термизий); “Вафот этган киши ўзидан кейин барчага фойдали илм қолдирган бўлса, номаи аъмолига мудом савоб ёзилиб туради” (Ал-Бухорий); “Илм ўргатувчи ёки ўрганувчи бўлмаган киши менинг умматимдан эмасдир” (Ибн-Нажжор ривояти) каби доно фикрлар Шамсиддин ака маърузаларида кўп ишлатиларди...
“Мен ёш аспирант Бобохоновни биринчи маротаба 1962 йил август ойида Москвадаги Ульянов кўчасида жойлашган СССР Фанлар академиясининг ётоқхонасида кўрган эдим, — деб эслайди муаллиф. — У ердаги барча республикалардан келган ёш илмий ходимлар қаторида Ўзбекистондан ҳам борган кўплаб аспирантлар Шамсиддин акага самимий ҳурмат билдириб, улар билан яқинлашишга, суҳбатдош, дўст бўлишга интилганлари эсимда қолган”.
Аслида ёш инглиз мутахассисини Москвага яхши ният — араб тилини ҳам ўрганиш, унинг барча хусусиятларини пухта билиш, бу соҳадаги йирик илмий марказлардан бирида ўқиб, ҳақиқий арабшунос бўлиш орзуси етаклаган эди.
Бўлажак олимнинг қатъий қарор билан СССР Фанлар академиясининг машҳур Осиё халқлари институтига (бу даргоҳ 1960-1970 йилларда шундай аталган, 1971 йили яна аввалги “Шарқшунослик институти” номи қайтарилган) йўл олгани ўз мақсадига етишишида биринчи ва тўғри қадам бўлган.
1963 йил 3 январь куни олий ниятлар билан Қоҳира университетига йўл олган Ш.Бобохонов деярли уч ярим йил давомида қадимий араб заминида лисоний тадқиқотлар олиб борган. 1966 йилнинг 4 май куни тажрибали арабшунос сифатида ватанига қайтган Шамсиддин ака Мисрда ўтган талабалик йиллари ниҳоятда муҳим ва самарали, бир умр унутилмас таассуротларга тўла бўлганлигини жуда кўп марта миннатдорчилик билан таъкидлардилар.
Бутун араб дунёсида ном таратиб, қатор йирик шаҳарларда ўз бўлимларини очган Қоҳира университетида Шамсиддин ака борган йиллари 12 та факультетда (ҳозир 26 та) 64 минг студентга (ҳозир 250 мингга яқин) 3 мингта педагог (бугунги кунда 5 мингдан кўп ўқитувчи-профессорлар ва 12 мингдан ортиқ ходимлар) таълим берган. Унинг кутубхонасида 500 мингдан ортиқ китоб ва қўлёзмалар жамланган. Бу даргоҳни Ясир Арафат (Фаластин раҳбари), Бутрос Бутрос Ғолий (БМТ Бош котиби), Нажиб Махфўз (Нобель мукофоти лауреати), Муҳаммад ал-Барадей (МАГАТЭ Бош директори), Аҳмад Нозиф (Миср Республикаси Бош вазирларидан бири), Умар Шариф (таниқли актёр) каби юзлаб машҳур шахслар битиришган.
Араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Ш.Бобохонов Қоҳира университетининг “Дар ал-Улум” — араб филологияси факультетига бириктирилган. У бутун вужуди билан ўқишга берилиб, ўша даврда машҳур Миср ёзувчиси ва тарихчи олими, замонавий араб адабиётининг асосчиларидан бири Тоха Ҳусайн (1889-1973) томонидан эндигина ташкил қилинган классик араб филологияси кафедрасида ўз тадқиқотларини бошлаган ва бу моҳир педагогнинг сермазмун лекциялари, фойдали суҳбат ва маслаҳатларидан баҳраманд бўлган.
Шамсиддин ака ўша даврни хотирлашича, унга устозлик қилган бу олимнинг 1965 йили Қоҳирадаги араб тиллари академиясининг Президенти этиб сайланганлиги араб зиёлилари томонидан кўзи туғма ожиз бўлганлигига қарамай, илм-фан ва маданиятнинг юксак чўққиларига эриша олган бу темир иродали алломанинг араб тили ва адабиёти тарихини ўрганишга қўшган улкан ҳиссасига берилган олий эҳтиром сифатида баҳоланган.
1963-1966 йиллар давомида Қоҳирада муттасил ўқиш жараёни ёш тадқиқотчининг нафақат араб тилининг бойишига, айни пайтда унинг диний билимлари ҳам кенгайиб, исломий эътиқоди кучайишига кучли туртки берган.
1964 йили Миср Олий таълим вазирлиги совет тадқиқотчиларининг исломга бўлган катта қизиқишларини ҳисобга олиб, уларнинг бир гуруҳини ҳам лисоний, ҳам диний билимларини чуқурлаштириш мақсадида Ал-Азҳар университетига йўллаган. Шамсиддин ака учун бу айни муддао эди. Бошиданоқ ўз вақтини тўғри режалаштириб, бу масканнинг ҳам катта илмий салоҳиятидан унумли фойдаланиб қолиш падари бузрукворининг бош маслаҳатларидан бири эди.
Зиёвуддинхон 1947 йили лисоний ва диний билимларини ошириш ва араб дунёсидаги обрўли уламолар билан ҳамкорлик ришталарини ўрнатиш мақсадида Ал-Азҳар университетида шайх Абдуллоҳ Фуккоий ва шайх Ҳофиз Тийжонийлардан дарс олган. Сўнгра Макка ва Мадина шаҳарларида ҳам қатор устозлардан билим олиб, 1948 йили ватанига қайтган. Кейинчалик ҳам ҳар бир имкониятдан фойдаланиб, Ал-Азҳарга ташриф буюриш, бу ердаги олимлар билан мулоқотда бўлиш, улар билан илмий суҳбатлар ўтказишга интилган. 1953 йили ҳаж сафарига борган мусулмонлар гуруҳи билан қайтишда махсус Қоҳирада тўхтаб, Ал-Азҳарни зиёрат қилган ва унинг ректори Абдураҳмон Тожнинг ўзбекистонлик ҳожилар шарафига берган қабул маросимида нутқ сўзлаган. 1970 йили Ал-Азҳарнинг янги ректори Муҳаммад ибн Муҳаммад ал Фаҳҳом бошчилигидаги шайхлар делегацияси муфтий З.Бобохонов таклифига кўра Ўзбекистонга ташриф буюриб, ўзбек халқи меҳмондўстлигидан баҳраманд бўлган. Бундай яқин алоқалар натижасида бу олий ислом ўқув юртида диёримиз талабаларининг илм олишлари учун имкониятлар вужудга келган. Шамсиддин аканинг сўзларига кўра, “оталари беқиёс қалб қўрларини аямаган мисрлик ва саудиялик устоз ва мураббийларини бир умр чуқур миннатдорчилик билан эслаб юрдилар”.
Ш.Бобохонов ҳаётидаги туб ўзгариш Ўзбекистоннинг эндигина мустақил давлат сифатида шаклланаётган давр билан боғлиқ. У пайтда республика ниҳоятда оғир муаммолар чангалида эди. Жумладан, мустақил ташқи сиёсатни шакллантириш ва амалга ошириш мутлақо янги йўналиш бўлиб, бунда қатор қийин масалаларни қисқа муддатларда ҳал қилиш талаб қилинган. Ўнлаб давлатлар билан алоқалар ўрнатиш учун етарли даражада профессионал дипломатлар етишмаслиги, элчихоналар йўқлиги, бу соҳада тажрибанинг камлиги ҳал қилиниши зарур мураккаб вазифалар қаторида бўлган.
Ривожланган мамлакатларда ваколатхоналаримиз бирин-кетин очилиб келаётган пайт — 1994 йилнинг ёз ойларида Яқин Шарқдаги эътиборли давлат — Миср Араб Республикасида ҳам элчихона очиш масаласи мақсадга мувофиқ, деб топилди. Бундай қарорнинг ижроси элчи танлашдан бошланарди. Кўплаб номзодлар ичида Ш.Бобохонов энг муносиб, деган хулосага келинди.
Истеъдодли олим истиқлолимизнинг илк даврида ўзбек дипломатиясининг вакили сифатида намоён бўлди.
Йирик олим Тошкентга қайтгач, бутун кучи ва вақтини севимли ишига — янги илмий асарлар яратишга қаратганлиги зиё аҳли учун қувонарли янгилик эди. Кейинчалик кетма-кет эълон қилинган илмий-тарихий асарлар, нафақат кўп сонли дўстлари, шогирдлари, балки миллионлаб ўқувчилар учун Бобохоновдан доимий эсдалик бўлиб қолди.
Бугун Шамсиддин ака иш столида иккита йирик қўлёзмани кўриб, ҳайратга тушиш мумкин. Биринчиси — 1992 йил белгиланган “Основные хадисы о добронравии: перевод и толкование” мавзусида рус тилида ёзилган 270 бетлик 2 қисм, 8 боб, 18 бўлимдан иборат фалсафа фанлари доктори илмий даражаси учун ёзилган диссертация. Унда бу мавзуга оид юзлаб ҳадислар биринчи маротаба араб тилидан рус тилига таржима қилинган ва барчасига батафсил шарҳ ва изоҳлар берилган. Унинг кичик қисми 1998 йили рус тилида Абдулла Қодирий нашриётида босилган “Великие мухаддисы о мире и дружбе между народами” китобида, ундан аввал 1986 йили араб тилида Москвада эълон қилинган.
Иккинчи қўлёзма — “Введение в дипломатию” номли рус тилида Қоҳирада 1997 йили катта халқаро фаолият тажрибасига эга дипломат томонидан ёзилган, 9 бобдан иборат, 172 бетли, муқоваланган, яхши таҳрир қилинган, нарга тайёр китоб.
Забардаст олимнинг қанчадан-қанча орзу ва режалари армонга эврилганлигини ҳис қиламиз...
Маънавият — инсон руҳига таъсир этувчи, эзгу қадриятларни эъзозловчи жозибадор оламдир. Унинг ноёб дурдоналаридан баҳраманд бўлган замондошимиз ўз киндик қони тўкилган заминнинг ҳар қаричини кўзига суртади, она Ватанини янада гўзал кўриш учун астойдил интилади. Ўзбекистон заминида яшаб ўтган буюк инсонлар маънавияти ҳамиша миллатимизга куч-қудрат ато этгусидир.
Шуҳрат ЖАББОРОВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист
Манба: ЎзА