Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Баҳром Обиджонов: ислоҳотларга ҳамоҳанг ривожланиш
2018-01-04 | Сиёсат
Президентимиз 2017 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва Ўзбекистон Республикасини 2018 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишларига бағишланган Мурожаатномасида оммавий ахборот воситалари ҳақида билдирилган фикрлар, соҳани янада ривожлантиришга оид берган таклиф ва тавсиялари мамлакатимиз журналистларини тўлқинлантириб юборди. Чунки, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ўртага ташлаган масалалар кўпчилик журналистларнинг дилидаги гаплар эди.
Дарҳақиқат, бугун мамлакатимизда журналист кадрларга бўлган талаб жуда юқори. Республика бўйича атиги учта олий таълим муассасасидагина журналистика мутахассислиги бўйича таълим берилади. Ушбу олий таълим даргоҳлари журналист кадрларни етказиб бера олмаётгани боис, вилоятлардаги телеведение, газета ва журналларда асосан ёши катта журналистларгина меҳнат қилмоқда. Кўплаб давлат идоралари ва ташкилотларнинг ахборот хизматларида бошқа соҳа вакиллари фаолият кўрсатяпти. Бундай кадрлар тақчиллиги ахборот маконида турли камчилик ва муаммоларни юзага келтирмоқда.
Масалан, биргина Фарғона вилоятида бугун 80 дан зиёд газета ва журналлар, 5 та телеканал, 2 та радиоканал фаолият кўрсатаётган бўлса, уларда меҳнат қилаётган ижодкорларнинг аксарияти 50 ва ундан катта ёшдагиларни ташкил этади. Журналистика йўналишини тамомлаб, вилоятга ишга келаётган ёш кадрлар жуда кам. Бундай муаммолар республика марказий нашрлари ва бошқа вилоятлардаги оммавий ахборот воситалари фаолиятидан ҳам бор.
Қайд этиш зарурки, мамлакатда мустақиллик йилларда оммавий ахборот воситалари сони анчагина кўпайди. Хусусан, 1991 йилга нисбатан ОАВ сони бугун 3,5 мартага, газеталар сони – 2,5 мартага, журналлар сони – 3,5 мартага ўсган. Оммавий ахборот воситалари умумий миқдорининг 64 фоизини нодавлат тузилмалари ҳисобланади. Ҳозирги кунда ОАВ томонидан Ўзбекистонда истиқомат қиладиган миллатлар ва элатларнинг 17 та тилида нашрлар чоп этилмоқда ва дастурлар эфирга узатилмоқда.
Ўзбекистонда миллий телеканаллар тармоғи кенгайиб бораётгани ҳам қувонарли холдир. Сўнгги йилларда «Маҳалла», «Дунё бўйлаб», «Маданият ва маърифат», «Оилавий», «Ўзбекистон-24», «Кинотеатр», «Болажон», «Менинг юртим» – «МЙ5», «Узрепорт ТВ», «Миллий», «Сараван», «ЗўрТВ» каби телеканаллар иш бошлади ва ўз телетомошабинларига эга бўлиб бормоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 10 августдаги «Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори, 11 август кунги «Матбуот ва ахборот соҳасида бошқарувни янада такомиллаштириш тўғрисида»ги фармони, шунингдек, 17 август кунги «Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори мазкур соҳада туб ислоҳотларни амалга оширилишига замин яратди.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда телевидение, радио ҳамда газета-журналларда танқидий-таҳлилий руҳдаги мақолалар сони кўпайди. Журналистлар жамиятимизнинг турли соҳаларида, республикамизнинг турли ҳудудларида кўзга ташланаётган муаммоларни очиқ ва холис ёритишда янада фаоллашдилар.
Шуни қайд этиш зарурки, ОАВ сифатида рўйхатдан ўтган Интернет-ресурслар сони ҳам мамлакатда сўнгги беш йилда 2 бараварга ошган. Жумладан, уларнинг сони бугун 350 тадан зиёдни ташкил этиб, интернет нашрлари тезкор ахборот тарқатиш, танқидий-таҳлилий руҳдаги материалларни чоп этиш борасида етакчи кучга айландилар.
Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти томонидан ўтказилган мониторинг натижалари жойларда аҳолини ташвишга солувчи долзарб муаммоларни аниқлашда ОАВ рольи юксалганини кўрсатмоқда.
Умуман олганда жорий йилда оммавий ахборот воситалари давлат билан халқни бир-бирига боғлайдиган мустаҳкам кўприкка айланди. Бугун журналистларимиз фуқароларнинг миллий ўзликни англаши, фуқаролик фаоллигини, сиёсий, ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ҳамда жамият аъзоларининг юксак маънавиятга эга бўлишига кўмаклашмоқдалар.
Оммавий ахборот воситаларидаги айнан кадрлар масаласи билан боғлиқ муаммони ўз вақтида кўра билган муҳтарам Юртбошимиз Мурожаатномасида Журналистика ва оммавий коммуникация воситалари университетини ташкил этиш ҳақида таклиф билан чиқдилар. Ҳеч шубҳасиз бу таклиф айнан бугунги ўзбек журналистикасидаги энг долзарб муаммога ечим бўлади. Бу таклиф келгусида етук журналистларни тайёрлаш ва ахборот бозорини янгиликлар билан тўлдириш имконини беришига ишонамиз.
Баҳром Обиджонов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.
Манба: Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги