Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбек академиги Бразилияда бўлиб ўтадиган дунё математик олимларининг конгрессида нималар ҳақида гапиришини маълум қилди
2018-01-04 | Фан
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 30 декабрь куни мамлакатимизнинг бир гуруҳ илм-фан намояндалари, Ўзбекистон Фанлар академияси аъзолари, етакчи олий ўқув юртлари ректорлари билан учрашуви кечагидек ёдимда.
Учрашувда давлатимиз раҳбари илмий-тадқиқот муассасаларининг илмий-техник салоҳияти, кадрлар билан таъминланганлиги, моддий-техник, лаборатория ва тажриба базасининг ҳозирги ҳолати мамлакатимизнинг юқори суръатлардаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасига жавоб бермаётгани, Ватанимиз илм-фани рақобатбардошлигини ошириш ва уни тараққий этган давлатлар илм-фани даражасига мослигини таъминлаш масалалари хусусида куйинчаклик билан гапирган эди.
Тадбирдан сўнг кўп ўтмай Ўзбекистон Фанлар академияси фаолияти, илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, бошқариш ва молиялаштиришни янада такомиллаштириш юзасидан зарур чора-тадбирлар белгиланиб, амалга оширила бошланди. Шунингдек, 2017 йил давомида юртимизда мактабгача, мактаб, ўрта махсус ва олий таълим, академик илмни ривожлантиришга доир қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди, соҳада изчил ислоҳотлар амалга оширилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 29 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоларини тасдиқлаш тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолари ҳамда собиқ Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги фанлари академиясининг ҳақиқий аъзолари ва мухбир аъзолари фаолиятини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари 2016 йилда бошланган ишларнинг узвий давоми сифатида иқтисодиётни инновацион ривожлантиришда академик илм-фаннинг ролини ошириш, илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантириш, илғор илмий ютуқларни амалиётга жорий этиш, жойларда илмий мактабларни мустаҳкамлаш, тегишли ҳудудий ва тармоқ муаммоларини ҳал қилишда уларнинг фаол иштирокини таъминлаш, истеъдодли ёшларни илмий фаолиятга жалб этиш, халқаро миқёсда мамлакат илм-фани нуфузини оширишга қаратилган муҳим қадам бўлди.
Президентимиз фармонига мувофиқ, камина ҳам физика-математика фанлари бўйича Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб тасдиқландим. Бу замонавий математик-физика соҳасида илмий мактаб яратиб, 20 га яқин фан номзоди ва доктори тайёрлашга ҳисса қўшганим ва илмий изланишларимнинг эътирофи, қолаверса, самарқандлик олимлар меҳнатига берилган юксак баҳодир.
Ўз навбатида, мазкур рағбат зиммамга Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишга хизмат қиладиган, иқтисодиётимиз ва жамиятимиз ҳаётининг барча соҳаларида инновацион жараёнларни жадаллаштиришга ҳисса қўшиш учун катта масъулият юклади.
Фаолият йўналишларим доирасида 2018 йилга мўлжалланган “Йўл харитаси”га доир таклифлар ишлаб чиқдим. Илмий-инновацион соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини тарғиб қилиш, замонавий илм-фан ютуқларини оммалаштириш бўйича мақсадли тадбирларни амалга ошириш юзасидан вазифалар белгилаб олдим. Жумладан, 2018 йил Самарқандда функционал анализ ва замонавий математик физиканинг долзарб масалаларига доир халқаро конференция ташкил этиш, мазкур соҳада беш нафар фалсафа доктори тайёрлаш, умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида инновация ва технологиялар борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятига бағишланган учрашувлар ташкил этишни режалаштирдик.
Жорий йил Бразилияда бўлиб ўтадиган дунё математик олимларининг конгрессида мамлакатимиз математиклари эришаётган ютуқлар, амалга ошираётган фундаментал тадқиқотлар ҳақида маъруза қилиб, халқаро илмий жамоатчилик ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшиш ниятидаман.
Манба: ЎзА