Ўзбекистон – кўп миллатли мамлакат. Бугун юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари аҳил-иноқ яшаб келмоқда. Бу Конституциямизда белгиланган “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар” деган қоиданинг ҳаётий ифодасидир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев бундан бир йил аввал – 2016 йил 14 декабрда Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқида “мамлакатимизда ҳукм сураётган миллатлар ва фуқаролар тотувлиги, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат муҳитини кўз қорачиғидек сақлаш ҳамда мустаҳкамлашни ўзимнинг устувор вазифам, деб ҳисоблайман”, деб таъкидлаган эди. Давлатимиз раҳбарининг ўтган бир йил давомидаги жўшқин фаолиятида бунга барчамиз гувоҳ бўлдик. Яқинда эса Президентимиз Парламент палаталарига Мурожаатномасида ҳам ушбу масалага алоҳида эътибор қаратиб, амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларни белгилаб берди. Уларни бажаришда эса биз – миллий маданий марказлар вакиллари ҳам ўзимизни масъул деб билиб, фаоллик кўрсатишимиз зарур.
Самарқанд вилоятида истиқомат қилаётган тожик миллатига мансуб аҳолининг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ўз миллий анъана ва қадриятларини асраб-авайлаши ва ривожлантириши учун кенг имкониятлар яратилган.
Айни пайтда вилоятдаги 37 умумтаълим мактабида ўқувчиларга ўзбек тили билан бирга тожик тилида сабоқ берилмоқда. 20 дан ортиқ мактабда таълим тожик тилида олиб борилади. Ўқувчилар давлатимиз томонидан зарур дарслик ва ўқув қўлланмалар билан таъминланган. Юртимиздаги нуфузли олий таълим муассасаларидан ҳисобланган Самарқанд давлат университетида тожик филологияси факультети фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, ушбу даргоҳнинг олти бўлимида тожик тили гуруҳлари мавжуд бўлиб, ҳар йили ўнлаб юқори малакали мутахассислар тайёрланмоқда.
Вилоят ҳокимлиги муассислигида тожик тилида “Овози Самарқанд” газетаси чоп этилади. Яна бир қатор туманлар газеталарида тожик тилида ҳам материаллар берилади. Вилоят телерадиокомпанияси ҳамда “Самарқанд-СТВ” телевизион ижодий уюшмаси теле ва радиоканалларида тожик тилида махсус кўрсатув ва эшиттиришлар эфирга узатилади.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва Ўзбекистон Бадиий академияси вилоят бўлимлари билан ҳамкорликда тожик тилида ижод қилаётган шоир ва ёзувчиларнинг китоблари, ранг-тасвир асарлари тақдимотини ўтказиш анъанага айланган. Жумладан, 2017 йилда 10 дан ортиқ ижодкорнинг асарлари тақдимотини ўтказдик. Самарқанд шаҳридаги Рўдакий ҳайкали ўрнатилган майдонда эса турли миллатлар вакиллари иштирокида мушоиралар ташкил этилади.
Ўзбек ва тожик халқлари тили бошқа бўлса-да, байрамлари, анъана ва урф-одатлари, маросимлари деярли бир хил. Шу боис барча байрамлар, муҳим саналарни биргаликда нишонлаймиз. Тўй-маърака, тадбирларни бирга ўтказамиз. Аслида, биз икки тилда сўзлашувчи битта халқмиз.
Фурсатдан фойдаланиб, юртимизда яшаётган барча миллат ва элатларни Янги йил байрами билан табриклайман. Илоҳим, аҳиллигимизга, ишонч ва самимийликка асосланган дўстлигимизга кўз тегмасин. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!
Абдуваҳоб ВОҲИДОВ,
Самарқанд вилояти тожик миллий
маданий маркази раиси.
Манба: ЎзА