Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Мусобақаларга қуръа ташланди
2015-04-15 | Спорт
Малайзия пойтахти Куала-Лумпур шаҳрида 2018 йили Россияда бўлиб ўтадиган футбол бўйича жаҳон чемпионатининг иккинчи саралаш босқичига қуръа ташланди.
Унга кўра, мазкур саралаш босқичида қитъамизнинг қирқта давлати терма жамоалари саккиз гуруҳга бўлинган ҳолда иштирок этади. Ўзбекистон миллий терма жамоаси "H" гуруҳида Баҳрайн, Филиппин, КХДР ва Яман терма жамоаларига қарши майдонга тушади.
Гуруҳ ғолиблари ва тўртта энг яхши кўрсаткич қайд этган иккинчи ўрин соҳиблари бир вақтнинг ўзида 2019 йили Бирлашган Араб Амирликларида ўтказиладиган Осиё кубоги мусобақасида тўп суради ва 2018 йилги жаҳон чемпионатининг ҳал қилувчи саралаш босқичида қатнашиш имконига эга бўлади.
Жаҳон чемпионатининг иккинчи саралаш босқичи жорий йилнинг 11 июнь куни бошланади. Ўзбекистон миллий терма жамоаси гуруҳдаги дастлабки баҳсни 16 июнь куни сафарда КХДР терма жамоасига қарши ўтказади.
Манба: ЎзА