Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси йўлида
2015-04-15 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Адвокатлар палатаси билан ҳамкорликда "Адвокатура институти – инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси йўлида" мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси раиси Р.Аҳмедов ва бошқалар инсон ҳуқуқларини таъминлашда фуқароларнинг малакали ҳуқуқий ёрдам олишга бўлган конституциявий ҳуқуқини рўёбга чиқариш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Адвокатура институтининг такомиллаштирилгани шу мақсадга хизмат қилаётир.
Давлатимиз раҳбарининг 2008 йил 1 майдаги "Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш, фуқароларнинг тергов ва суд ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқини мустаҳкамлайдиган конституциявий қоидани амалга ошириш учун кенг йўл очди.
Мазкур ҳужжат адвокатуранинг ташкилий мустақиллигини таъминлаш, уни юқори малакали кадрлар билан тўлдириш, соҳа мутахассисларининг мустақиллиги кафолатларини кучайтириш, ушбу касб обрўси ва нуфузини янада ошириш, адвокатура институтини ислоҳ қилишда моҳият жиҳатдан янги босқични бошлаб берди. Чунки шу асосда учта қонун, бешта ҳукумат қарори, тўққиз идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Улар асосида мамлакатимизда прокурор ва адвокатнинг тенглигини, жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича суд фаолиятининг барча босқичида ўзаро тортишув бўлишини таъминлашга, одил судлов сифати ва тезкорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, қонунчилигимизда нафақат жиноий жавобгарликка тортилаётган ёки жабрланган шахснинг, балки гувоҳнинг ҳам ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари адвокат орқали ҳимоя қилиниши мустаҳкамлаб қўйилди. Бу, ўз навбатида, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатлари янада кучайишга замин яратди.
Соҳанинг ташкилий асосини такомиллаштиришга ҳам эътибор қаратилиб, Адвокатлар палатаси тузилди. Палата адвокатуранинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдаги ролини кучайтириш, аҳолининг ҳуқуқий билим ва маданиятини оширишга қаратилган маърифий тарғибот тадбирларини ўтказиб келмоқда. Шунингдек, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари билан муносабатларда, судда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ифодалаш ҳамда ҳимоя қилиш, аҳолининг юридик ёрдамдан фойдалана олиш имкониятини туманлар ва шаҳарларда юридик маслаҳатхоналар ташкил этиш орқали таъминлаш, адвокатлар томонидан қонун ҳужжатларига, касб этикаси қоидаларига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошираётир.
Тадбирда бугунги кунда мамлакатимизда 1,3 мингдан зиёд адвокатлик тузилмаси фаолият юритаётгани, уларда жами 3,7 мингдан ортиқ мутахассис фуқароларга юридик ёрдам кўрсатаётгани айтиб ўтилди.
Оммавий ахборот воситалари вакилларини адвокат касбига қўйиладиган талаблар, лицензия беришнинг тартиб-таомиллари, соҳа мутахассислари малакасини ошириш, қонунчиликда адвокат хизматидан фойдаланишнинг ҳуқуқий асослари ҳақидаги саволлар қизиқтирди. Мутахассислар анжуманда кўтарилган барча масалалар юзасидан маълумот берди.
Манба: ЎзА