Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Истиқлол” санъат саройида 24 нафар ёшга Ўзбекистон ёшлар иттифоқи мукофоти топширилди
2017-12-25 | Жамият
Ёшлик умр баҳори. Ёшликдаги баъзи воқеа-ҳодисалар, жараёнлар киши ҳаётига узоқ муддат, баъзида бир умрга таъсир кўрсатиши, қайсидир маънода унинг келажагини белгиловчи муҳим омилга айланиши мумкин.
Бугун пойтахтимиздаги “Истиқлол” санъат саройида жам бўлган йигит-қизларнинг ҳаётида ҳам ана шундай унутилмас кун. Мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ ёшлар Ўзбекистон ёшлар иттифоқи мукофоти билан тақдирланди.
Мазкур мукофот учун давлат ва жамият бошқаруви, иқтисодиёт ва қишлоқ хўжалиги, фан-таълим ва ижтимоий соҳа, санъат маданият, журналистика ва спорт соҳасида 24 номинация бўйича ғолиблар сараланди. Ҳар бир совриндорга энг кам иш ҳақининг 30 баравари миқдоридаги пул мукофоти топширилди.
Мукофотга вазирлик, идора ва ташкилотлар ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва ҳудудий ҳокимликлар томонидан барча номинациялар бўйича етти юзга яқин номзод тавсия этилди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши қошидаги экспертлар комиссияси томонидан номзодларнинг ҳужжатлари ўрганилиб, 70 нафар йигит-қиз саралаб олинди.
Ҳар бир номинация бўйича сараланган 3 нафар номзод тўғрисидаги маълумотлар Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг www.yi.uz интернет сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига жойлаштириб, уларга кенг жамоатчилик ва ёшлар томонидан очиқ овоз берилди.
– Юртимизда ташаббускор, қобилиятли, билим ва маҳоратли ёшлар жуда кўп, – дейди “Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори” номинацияси ғолиби, тошкентлик Ифорахон Муродова. – Бу мукофотни менга билдирилган юксак ишонч, масъулият деб биламан. Келажакда самарали ишларим билан бу ишончни оқлашга, халқимиз, юртимиз учун хизмат қилишга ваъда бераман.
Эслатиб ўтамиз, Президентимиз фармони билан бунгача 37 нафар ёш “Дўстлик” ордени ва “Шуҳрат” медали, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши қарори билан 40 нафар йигит-қиз “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони билан тақдирланганди.
Манба: ЎзА