Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
2017 йилда Самарқандда содир этилган ҳар бешинчи жиноят очилмай қолган
2017-12-25 | Жамият
Самарқанд вилоятида 2017 йил бошидан буён унча оғир бўлмаган жиноятлар ўтган йилга нисбатан 7,9 фоиз, ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар 2,7, босқинчилик 18,5, номусга тегиш 16,4 ва безорилик 20,8 фоизга камайган.
Аёллар, ёшлар ва муқаддам судланганлар томонидан содир этилаётган жиноятлар камайиши кузатилган. Аммо Булунғур, Қўшработ, Оқдарё, Пахтачи, Пастдарғом ва Жомбой туманларида мазкур тоифадаги жиноятлар сезиларли равишда ошган.
Вилоят бўйича оғир ва ўта оғир жиноятлар 31,5, ўғрилик 10,1, фирибгарлик 8,4, талончилик 50, транспорт воситасини олиб қочиш 17,4, гуруҳлар томонидан содир этилган жиноятлар 7,8 фоизга кўпайган.
Шунингдек, вилоятда тезкор-қидирув бўйича чора-тадбирлар ҳам етарли даражада амалга оширилмаган. Содир этилган умумий жиноятларнинг 22,6 фоизи, жиноят-қидирув йўналишидаги жиноятларнинг 32,6 фоизи фош этилмаган. Қидирув тадбирлари самарали ташкил этилмагани сабабли ички ишлар органлари томонидан қидирувда бўлган шахсларнинг 34,9 фоизи ушланмаган.
Бу ҳақда Самарқандда ўтказилган Ҳудудларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш Республика комиссияси ҳамда Халқ депутатлари вилоят кенгашининг қўшма йиғилишида маълум қилинди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда Ҳудудларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш Республика комиссияси ва унинг минтақавий Ишчи гуруҳлари тузилган. Самарқанд вилоятида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар Комиссиянинг 4-минтақавий Ишчи гуруҳи томонидан ўрганилган.
Йиғилишда муҳокама этилган масала юзасидан вилоят ички ишлар, соғлиқни сақлаш, халқ таълими бошқармалари раҳбарларининг ахборотлари, жиноятлар сони ортган шаҳар ва туманлар ҳокимлари, ички ишлар бўлимлари бошлиқлари фикрлари тингланди. Уларга ҳолатни ижобий томонга ўзгартириш ва фаолиятини самарали ташкил этиш юзасидан топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
Манба: ЎзА