Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қорақалпоғистон тарихидаги муҳим воқеа
2017-12-15 | Сиёсат
Президентимиз Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари ва фаоллари билан учрашувда аҳолини узоқ йиллардан буён қийнаб келаётган тоза ичимлик суви муаммосини ҳал этиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида сўз юритди.
Қорақалпоқ эли учун ниҳоятда муҳим ва долзарб масала бўлган ичимлик суви муаммоси йиллар давомида ҳал этилмай келаётган эди, деди Шавкат Мирзиёев. Шуни инобатга олиб, қисқа вақт давомида 101 километрлик “Қўнғирот-Мўйноқ” сув қувури ва “Қўнғирот” сув тақсимлаш иншооти қуриб битказилди. Бунинг натижасида Мўйноқ туманидаги 25 минг аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланди.
Бу нафақат Мўйноқ, балки бутун Қорақалпоғистон Республикаси тарихида муҳим воқеа бўлди.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, инвестиция дастурига мувофиқ бюджет маблағлари ва Оролбўйи ҳудудини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан мавжуд сув тармоқлари реконструкция қилинди ва янгиланди. Шу тариқа 35 аҳоли пунктида 50 мингдан зиёд одам ичимлик суви билан таъминланди.
Манба: ЎзА