Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Фарғоналикларнинг кўп йиллик муаммолари бир кунда ҳал этилди
2017-12-15 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П.Бобожонов, Давлат солиқ қўмитаси раиси Б.Парпиев, адлия вазири Р.Давлатов, Олий суд раиси К.Комилов, Бош прокурор ўринбосари Э.Тожиев, Давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари М.Солиев Фарғона, Марғилон, Қўқон шаҳарлари ва Учкўприк, Риштон, Қува туманларида сайёр қабуллар ўтказди.
Учкўприк туманида Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П.Бобожонов, Бош прокурор ўринбосари Э.Тожиев, Олий суд раиси К.Комилов ўтказган қабулларда аҳолининг суд, ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолияти билан боғлиқ масалалар, фуқаролар ҳуқуқларининг бузилиши юзасидан мурожаатлари ўрганилди.
– “Гўзал” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи хаста акам Алишер Тошмирзаев собиқ консерва ишлаб чиқариш корхонасидан 3 йиллик иш ҳақини ололмай сарсон, – дейди Учкўприк тумани Сариққўрғон қишлоғида яшовчи Фотима Тошмирзаева. – Даволанишига маблағ тополмаяпти. Бугунги қабулда ушбу масалага ечим топилди. Бундан ҳаммамиз хурсандмиз. Бўлар экану, нега шу чоққача одамни овораю сарсон қилишганига ҳеч тушунмайман.
Учкўприк туманидаги Юқори дашт қишлоғида истиқомат қилувчи меҳнат фахрийси Абдукарим Абдураҳимов катта йўлдан ўтган темирйўл кесишмаси қишлоқ аҳолисига қийинчилик туғдираётгани, бу ерга бирор назоратчи зарурлиги ҳақидаги мурожаат билан сайёр қабулда бўлди. Мазкур масала тегишли тартибда кўриб чиқилиб, ҳал этиш муддати белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Б.Парпиевнинг Фарғона, Марғилон, Қўқон шаҳарлари ва Риштон туманида ўтказган учрашув ва сайёр қабулларида 200 га яқин фуқаро турли масалалар бўйича мурожаат қилди. Мурожаатларнинг аксарияти ҳокимликлар, вилоят ташкилотлари билан муҳокама қилиниб, жойида ҳал этилди.
– Момиқ маҳсулотлар ишлаб чиқарамиз, уларни экспортга ҳам йўналтирганмиз, – дейди Марғилон шаҳридаги “Турон водий текс” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Абдусамад Маърупов. – Фаолиятимизни янада кенгайтириш учун “Асакабанк”нинг шаҳар филиалидан сармоя сўраб мурожаат қилган эдик. Лекин ҳалигача жавоб бўлмаётганди. Бугунги учрашувга келиб адашмаган эканман. Қисқа вақтда жамиятимизга кредит ажратиладиган бўлди. Келгусида бу маблағ эвазига замонавий тўқув дастгоҳлари келтиришни режалаштирганмиз.
Марғилон шаҳрининг Ёрқин маҳалласидан фуқаро Муборакхон Тўрахонова кўп йиллардан бери оиласи билан 2 сотихли ҳовлида истиқомат қилиб келарди. Ариза билан қилган мурожаатлари ҳа деганда ҳал этилавермади. Мазкур мулоқотда унинг уй-жой масаласи дахлдор идоралар томонидан кўриб чиқилди. Унга уй-жой ажратиб бериладиган бўлди.
Адлия вазирининг кўмаги билан Марғилон 1-тиббиёт коллежини тамомлаган Моҳичеҳра Юсупова Қўштепа тиббиёт бирлашмасига ишга жойлашди.
Учрашув ва сайёр қабулларда фуқароларнинг уй-жой, ижтимоий муҳофаза, таълим, тиббиёт, ҳуқуқ-тартибот, банк идоралари фаолияти, ишга жойлашиш ва бошқа ижтимоий-иқтисодий масалалардаги мурожаатлари кўриб чиқилиб, уларни ҳал этиш бўйича тегишли чоралар кўрилди. Мурожаатларнинг аксариятига жойида ечим топилди. Қолган мурожаатлар ўрганиб чиқиш учун масалага дахлдор ташкилотларга тақдим этилди.
Манба: ЎзА