Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Президентимиз Чимбой туманидаги академик лицейда бўлди
2017-12-15 | Сиёсат
Давлатимиз раҳбари Тошкент давлат аграр университети Нукус филиалининг Чимбой туманидаги академик лицейига ташриф буюрди.
Шу ерда фармацевтика саноатини янада ривожлантириш, дори-дармон воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, ички бозорни мамлакатимизда ишлаб чиқарилган юқори сифатли препаратлар билан тўлдириш борасида амалга ошириладиган истиқболли лойиҳалар тақдим этилди.
Президентимиз мазкур соҳа истиқболини юқори баҳолаб, бу борада мутахассислар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш кераклигини қайд этди.
Пахтани фойда берса ҳам, фойда бермаса ҳам экавериш вақти ўтди. Даромад бермадими, бошқа экин экиш керак. Масалан, қизилмия бу ер иқлими ва шароитига мос келади. Шундай экан, нима учун уни кўпайтиришни йўлга қўмаслигимиз керак, деди Шавкат Мирзиёев.
Чимбой туманидаги «Lanextrakt» қўшма корхонасида қизилмия илдизидан экстракт ишлаб чиқарилади. Корхонада йилига 30 минг тонна қизилмия илдизи қайта ишланиб, 1,3 минг тонна экстракт тайёрланади. Хитойлик инвесторлар билан ҳамкорликда ташкил этилган корхонада 200 иш ўрни яратилган.
Президентимиз Қорақалпоғистон Республикасида фармацевтика плантацияларини ташкил этиш ва етиштириш лойиҳаси билан ҳам танишди. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 3 майдаги “Нукус-фарм”, “Зомин-фарм”, “Косонсой-фарм”, “Сирдарё-фарм”, “Бойсун-фарм”, “Бўстонлиқ-фарм” ва “Паркент-фарм” эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони ижроси юзасидан Қорақалпоғистон Республикасида кенг кўламли ишлар амалга оширилиб, мавжуд ишлаб чиқариш имкониятлари ва ресурслар салоҳиятидан самарали фойдаланиш орқали янги иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ҳудудда фармацевтика саноатини ривожлантириш йўналишида 2018-2019 йилларда қиймати 27 миллион долларга тенг 17 лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Мазкур лойиҳалар доирасида 37 турдаги фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарилади ва уларнинг маълум қисми экспорт қилинади.
Нукус шаҳридаги «Нукус Мед Тех» МЧЖ томонидан тиббий буюмлар, «Берлин фарм» МЧЖ томонидан онкологик дори воситалари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Тўрткўл туманидаги «Тўрткўл шиша идишлари» МЧЖда фармацевтика шиша идишлари тайёрланади.
Президентимизга шу каби фармацевтик маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича лойиҳалар тақдим қилинди.
Шунингдек, лойиҳаларда целлюлоза ишлаб чиқариш ҳақидаги маълумот ҳам ўрин олди. Икки босқичда амалга ошириладиган мазкур лойиҳа қоғоз ишлаб чиқаришдан тайёр маҳсулотгача бўлган жараённи ўз ичига олади.
Қорақалпоғистон Республикасида бўш турган ва кам қувват билан ишлаётган бино ва майдонлар хатловдан ўтказилгани тўғрисидаги маълумот асосида янги корхоналарни ишга тушириш кўзда тутилгаётани қайд этилди. Шунингдек, лойиҳаларда кам таъминланган оилаларни иш билан таъминлаш бўйича таклифлар ўрин олган.
Давлатимиз раҳбари Чимбой тумани фаоллари, зиёлилари билан учрашди. Учрашувда бугун дунёда рўй бераётган ўзгаришлар, аҳолини қийнаётган масалалар, таълим, тиббиёт тизимини такомиллаштириш юзасидан фикр алмашилди.
Манба: ЎзА