Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Президентлар ОАВ вакиллари билан учрашдилар
2017-12-14 | Сиёсат
Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Президентлар музокаралар ўзаро англашув, очиқлик ва самимият руҳида, ишчан кайфиятда ўтганини, эришилган келишувлар икки халқ манфаатларига хизмат қилишини таъкидладилар.
Шавкат Мирзиёев Қирғизистон Президентининг биринчи ташрифи чоғида имзоланган ҳужжатлар мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни янада ривожлантиришда муҳим омил бўлишини қайд этди.
Сооронбой Жээнбеков эришилган келишувлар халқларимиз кутган воқеа бўлганини, ўзаро муносабатлар тарихида қоладиган шундай хайрли ишларга ҳисса қўшганидан мамнун эканини таъкидлади.
Маълумки, икки томонлама муносабатларни ривожлантириш йўлидаги улкан хизматлари учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «Данакер» ордени билан мукофотланган эди. Қирғизистоннинг олий мукофотларидан бўлган ушбу орден халқлар ўртасида тинчлик, дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга, миллатлараро тотувликни сақлашга, илм-фанни ривожлантиришга, миллий маданиятларни яқинлаштириш ва бойитишга катта ҳисса қўшган инсонларга берилади.
Данакер – яраштирувчи демакдир. Мукофот давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатларини равнақ топтириш, икки мамлакат ва икки халқ ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшнилик алоқаларини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш йўлидаги хизматларининг юксак эътирофидир.
Кўксарой қароргоҳида Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбой Жээнбеков Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга «Данакер» орденини тантанали равишда топширди.
Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбой Жээнбековнинг мамлакатимизга расмий ташрифи давом этмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти