Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Карманада хусусий клиника очилди
2017-12-13 | Соғлиқни сақлаш
Навоий вилоятининг Кармана туманида “Grand Medical center” хусусий оилавий клиникаси иш бошлади.
Мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида хусусий секторнинг ролини ошириш, хусусий тиббиёт муассасалари фаолиятини ривожлантириш ва аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш борасида амалга оширилаётган ишлар юксак самаралар бермоқда. Президентимизнинг 2017 йил 1 апрелдаги “Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.
Замонавий клиникада 6 йўналишда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди. 20 нафар тиббиёт ходими меҳнат қилаётган муассаса хориждан келтирилган замонавий жиҳозлар билан таъминланди.
– 12 декабрь куни Президентимиз раислигида тиббиёт соҳасидаги долзарб масалалар муҳокамасига бағишлаб ўтказилган йиғилишда ҳам соғлиқни сақлаш тизимида секторнинг ўрнини кенгайтириш, уни ҳар томонлама ривожлантиришга яна бир бор эътибор қаратилди, – дейди “Grand Farm Avitsenna” ва “Grand Medical center” масъулияти чекланган жамиятлари директори Ғолиб Каримов. – Давлатга қарашли ва хусусий тиббиёт муассасалари ўртасида соғлом рақобат муҳити шакллангани таъкидланди. Клиникамизга малакали мутахассислар жалб этилган, Айниқса, хорижлик мутахассислар ва пойтахтимиздаги малакали шифокорлар ўртасида доимий ҳамкорлик алоқалари ўрнатилгани аҳоли саломатлиги йўлида муҳим омил бўлмоқда. Мамлакатимизда хусусий тиббиёт муассасаларига яратилган имтиёзлардан фойдаланиб, ноль фоиз ставкаси билан 3 йил муддатга 120 минг доллар кредит олиб, хориждан сўнгги русумдаги тиббий жиҳозлар келтирдик. Айни пайтда бу ерда юртимизнинг марказий тиббиёт муассасалари шифокорлари аҳолини тиббий кўрикка жалб этиб, зарур муолажалар кўрсатмоқда. Энди Ҳиндистоннинг “Аполло” клиникаси шифокорларини марказимизга таклиф этиб, аҳолини малакали кўрикдан ўтказиш, маҳаллий мутахассислар билан маҳорат дарслари ўтказишни режалаштирганмиз. Замон талабларидан келиб чиқиб, махсус фитобар фаолиятини ҳам йўлга қўйдик.
Клиникада оператив бўлим ташкил этиш, пировардида қўшимча 15 иш ўрни яратиш ҳам мўлжалланмоқда.
– Янги шифохонага келиб, зарур маслаҳатлар олдим, – дейди Зарафшон шаҳрида яшовчи Чаман Хайруллаева. – Етти йилдан буён қон босими безовта қиларди. Пойтахтдан келган малакали шифокор кўригидан ўтиб, керакли муолажаларни олаяпман. Маслаҳатлари менга жуда маъқул, айниқса, клиникадаги шароитлар ҳавасимни келтирди.
Нуриддин Раҳимов, ЎзА
Манба: ЎзА