Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Журналистларнинг коррупцияга қарши айтар сўзи бор...ми?!
2017-12-13 | Жамият
Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан Республика Бош прокуратураси билан ҳамкорликда “Коррупцияга қарши курашда оммавий ахборот воситаларининг ўрни: ютуқ ва вазифалар” мавзуида семинар ташкил этилди.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси С.Ҳакимов, уюшма қошидаги ҳуқуқий журналистика кенгаши раиси, “Нуроний” газетаси бош муҳаррири О.Ўсаров, Бош прокуратуранинг уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси прокурори К.Мусошайхов, Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори вазифасини бажарувчи Л.Сувонов коррупция профилактикасида оммавий ахборот воситалари масъулиятини ошириш лозимлигига эътибор қаратди.
Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишнинг яхлит тизими яратилган. Бу борада Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни муҳим аҳамият касб этади. Мазкур қонунда фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатларининг устуворлиги, очиқлик ва шаффофлик тамойиллари, давлат ҳамда фуқаролик жамияти ҳамкорлиги, коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар устуворлиги, жавобгарликнинг муқаррарлиги каби принципларга алоҳида эътибор қаратилган. Коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастури ишлаб чиқилди. Унда белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш учун Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ташкил этилди.
Тегишли ташкилотлар томонидан ўтган давр мобайнида 700 дан ортиқ тарғибот тадбири, тадбиркорлар билан учрашувлар ташкил этилди. Уларда аҳолига, хусусан, тадбиркорларга коррупциянинг олдини олиш, ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида маълумотлар берилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунида оммавий ахборот воситаларининг коррупцияга қарши курашда иштирокига ҳам алоҳида эътибор қаратилгани, шу маънода бугун оммавий ахборот воситалари вакиллари жамиятимиз тараққиёти йўлига ғов бўлаётган бу иллатнинг олдини олишда фаол иштирокчига айланиши лозимлиги таъкидланди. Мавзу юзасидан маърузалар тингланди.
Манба: ЎзА